Пойтахтимиздаги Ўзбекистон бадминтон федерациясига қарашли Бадминтон марказида Оммавий ахборот воситалари ҳамда турли вазирлик, идора ва йирик корхона-ташкилотларнинг матбуот хизмати вакиллари иштирокида «Дўстлик спартакиадаси» спорт мусобақаси бўлиб ўтди.
Журналистларнинг ўзига хос спорт байрамига айланиб кетган спартакиадада республикамизда фаолият юритаётган 150 нафарга яқин журналистлар, матбуот хизмати ва ОАВ ходимлари спортнинг бадминтон, стол тенниси ва волейбол турлари бўйича ўз маҳоратларини синаб кўришди.
Спартакиада ўйинларини томоша қилиш учун ташриф буюрган Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов мусобақанинг ўтказилиш жараёни, иштирокчилар учун яратилган шароитлар ва уларнинг кайфиятлари билан қизиқди.
Учрашув давомида МОҚ раиси ҳамда вазир ўринбосари ОАВ ходимлари учун стол теннисидан ўзига хос маҳорат сабоғини тақдим этиб беришди. Шу билан бирга ҳар икки ташкилот мутасаддилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ўртасида ҳафтанинг шанба кунлари соат 14:00дан кейин спорт мусобақалари ташкил этилишига эътиборни янада кучайтиришга келишиб олишди.
МОҚ ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти мусобақада шахсий намуна кўрсатишди
Ўқилган: 1386