Токио Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган терма жамоамиз вакиллари учун хорижлик мураббийлар иштирокида ўқув-машғулот йиғинлари ва семинарлар ташкил қилиш давом этмоқда. Мазкур дастур доирасида Наманганга Халқаро стол тенниси федерациясининг Осиё қитъасида ушбу спортни ривожлантириш бўйича менежери, словениялик Матьяз Серкер ташриф буюрди. Европалик мутахассис терма жамоамизнинг турли ёш тоифадаги аъзолари учун ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан машғулотлар ўтказди. Ўз тажрибаси ва билими билан ўртоқлашди.
“Жорий йилги мавсум ҳам якунланди, бироқ, биз учун олдинда йирик мусобақалар турибди. Қолаверса, келаси йили Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун бор куч-ғайратимиз билан харакат қилишимиз керак. Шу сабабли ҳам федерациямиз бир қатор чет давлатлари билан алоқалар ўрнатмоқда ва у ердан мутахассисларни олиб келмоқдамиз. Бундан кўзланган мақсад эса спортчиларимизнинг маҳоратларини янада оширишдир. Матьяз Серкер 11 декабрь кунига қадар теннисчиларимизга тактик ва техник ҳамда жисмоний ҳолат бўйича назарий ҳамда амалий машғулотларни ўргатади”, – деди Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси Саида Маҳмудова.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта япон спорти ҳафталиги доирасида стол тенниси бўйича япониялик тажрибали мутахассис, Олимпия ўйинлари ғолиби Сеико Исеки томонидан терма жамоамиз вакиллари учун семинар ва маҳорат сабоқлари ўтказилган эди.
Европалик мутахассис ёш стол теннисчиларимиз билан ўз билимларини ўртоқлашмоқда
Ўқилган: 1399