
Барча вилоятларда бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам оммавий спортга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳолининг барча қатламларини жалб қилган ҳолда спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Вилоятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш туман, шаҳар ва маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида дўстона алоқаларни ўрнатиш мақсадида спортнинг 9 та тури (мини футбол, баскетбол, волейбол, оғир атлетика, белбоғли кураш, енгил атлетика, бокс, шахмат, стол теннис) бўйича «Вилоят ҳоким кубоги» учун мусобақалар бўлиб ўтди.
Ушбу мусобақаларда туман, шаҳар ва ҳудудий босқичларда жами 110 мингдан зиёд ёшлар иштирок етди. Мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорларига вилоят ҳокими томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Мини футбол бўйича МФЙлар жамоалари ўртасида ўтказилган мусобақанинг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган Балиқчи туманининг «Кўл» МФЙ жамоасига қимматбаҳо совғалар билан бирга уч юз миллион сўм пул мукофоти ҳам тақдим этилди. Ушбу пул мукофоти маҳалла ёшлари фойдаланиши учун мини футбол майдони қурилишига сарфланадиган бўлди.
Қолган спорт турларида ҳам ғолибликни қўлга киритган спортчиларга эсдалик совғалари топширилди. Ғолибларни тақдирлаш маросими байрамона тарзда ташкил этилди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати