«Олимпия ўйинлари афсоналари» рукни остида ёзги Олимпия ўйинларининг энг совриндор спортчилари ҳақида маълумот берган эдик. Бугун қишки Олимпия ўйинлари афсоналаридан бири, норвегиялик биатлончи Уле-Эйнар Бьёрндален ҳақида ҳикоя қиламиз.
Уле-Эйнар Бьёрндален 1974 йил 27 январь куни Норвегиянинг Драммен шаҳрида таваллуд топган. Ўзининг чанғидаги юқори тезлиги, мерганлик маҳорати билан минглаб мухлислар кўнглига кириб борди. Узоқ йиллик фаолияти давомида Уле-Эйнар «Биатлон қироли», «Буюк ва дахшатли», «Норвегиялик вампир», «Қизил иблис», 40 яшар йигит каби лақаблар билан танилган. Унда қадимий скандинав овчиларининг қони оқади, деган таърифлар ҳам учраб туради. Бьёрндален 5 та Олимпия ўйинларида 8 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медалларига эгалик қилган. Жаҳон чемпионатларининг ўзида эса 20 та олтин, 14 та кумуш ва 11 та бронза медалларини қўлга киритган. 2014-2016 йиллар давомида Халқаро Олимпия қўмитаси аъзоси бўлган.
Бьёрндален биатлон мусобақаларида Жаҳон кубокларида қўлга киритилган ғалабалар , энг кўп стартлар ва бошқа бир қатор йўналишларда мутлақ рекордчи саналади. Унинг қанчалик буюк спортчилардан бири эканлигини 40 ёшида Сочи Олимпиадасининг спринт йўналишида зафар қучганининг ўзиёқ ифодалаб турибди.
Норвегиялик афсона ўзига умр йўлдош танлашда ҳам биатлондан узоққа кетмаган. Бьёрндален 2016 йил Беларусь қаҳрамони, ўзи каби машҳур биатлончи, 4 карра Олимпиада чемпиони Дарья Домрачева билан оила қурди ва ҳозирда 1 қизи билан шоду хуррамликда ҳаёт кечиришмоқда.
Олимпия ўйинлари афсоналари: Эйнар Бьёрндален
Ўқилган: 1232