"Навбаҳор" собиқ мураббий Андрей Канчельскиснинг хавотири...

«Навбаҳор»нинг собиқ мураббийи Андрей Канчельскис қандай футбол муҳитида тўп сургани хусусида ортиқча изоҳ беришнинг ҳожати йўқ. Истайсизми-йўқ, у мураббийлик ва мухлислик масаласини «МЮ» даражасида туриб баҳолайверади. У бу масалада пастга тушолмайди, барибир, вазиятдан келиб чиқиб, вақтинча қувонолмайди. ЖЧ-2018 чоғи россиялик мутахассислар ва мухлислар Станислав Черчесовни олқишлаганларида, Андрей Канчельскис унинг ишидан қониқмаётганини, хавотирланаётганини яшириб ўтирмади. Қаранг, шундай талабчан мутахассисни Намангандаги футбол кайфияти ҳайратлантирди, ғайратлантирди. Собиқ «қизил иблис» кетар чоғи ниманидир сезгандай, қадрига етилмаса, мана шу руҳ, беқиёс эҳтирос йўқолиб қолиши мумкинлигини куюниб таъкидлади ва барчамизни огоҳликка чорлади...

Хўш, собиқ мураббийнинг хавотири ўринлими? Биз шу мазмундаги савол билан мухлисларга мурожаат қилганимизда, улар том маънода ловуллаб ёнишди: «Андрей Канчельскис шу ерда бўлганида, Остон Ўруновни «Локомотив»га қўйиб юбормасди. Мураббийнинг қатъий принциплари кимларгадир ёқмади. Шунинг учун уни кетказиб, ўрнига Деян Журжевични келтиришди. Шартнома муддати - шунчаки, баҳона. Мухлислар барчасига кўникишади, деб ўйлашади, шекилли, бошлиқлар...». Очиғи, мухлисларнинг барча мулоҳазаларини қоғозга туширмадик. Ҳозир бунинг мавриди эмас. Лекин факт шуки, «Навбаҳор» -«Қизилқум» ўйинида мухлисларнинг стадионга ташрифи кескин камайди. Тўғри, айримлар «Ўйинда, барибир, интрига бўлмайди. «Навбаҳор» йирик ҳисобда ютади», - дея стадионга боришмабди. Бироқ бундайлар жуда оз. Кўпчилик клубдаги «алмаш-алмаш»ларни маъқулламаяпти. Жамоанинг «Қизилқум»га қарши ўйиндаги мағлубиятини Иван Соловьёв ва Азим Аҳмедов таркибдан четда қолишгани билан изоҳлаш - катта мақсадларни кўзлаган жамоа мураббийлар штаби учун уят. Зеро, ҳар икки футболчи ҳам ўйин тақдирини ҳал қилишга қодир истеъдод соҳиби саналмайди. Бу билан уларнинг яхши футболчи эканликларини инкор этмоқчи эмасмиз асло. Аксинча, демоқчимизки, «Қизилқум»ни уларсиз ҳам мухлислар қаршисида енгиш «Навбаҳор» ва Деян Журжевичнинг бурчи эди. Аслида «Навбаҳор»даги ҳолат наинки Андрей Канчельскис, балки бизни ҳам аввалдан хавотирга солганди. Шу боис «Давралар оралиғидаги довуллар» номли мақоламизда «Қизилқум»даги ижобий ўзгаришлар мавзусига алоҳида эътибор қаратгандик. Афсуски, Деян Журжевич бу жараённи эътиборсиз қолдирибди.

Кези келганда айтишга мажбурмиз, «Сўғдиёна» билан кечган баҳсда захирадан майдонга тушиб, тўп тепгандек ҳам бўлмаган Остон Ўруновнинг ўзи ўйинидан қониқдими? Шу ҳавасмиди унга? Ахир Остон энди-энди Аббос Ғуломов билан тил топишаётганди. Улар ёнига Азиз Тур­ғунбоев қўшилиб, «Навбаҳор»да чақмоқ «трио» шаклланганида, нима бўларди? Шубҳасиз, бундан Эктор Купер ҳаммадан кўпроқ завқланарди ва фойдаланарди. Аллақандай манфаатлар ва тушунарсиз келишувлар «Навбаҳор»даги шундай кучайиш имконини йўққа чиқарди. Бу душманликми ёки тақдирнинг аччиқ ҳазили? Бир нарса дейиш мушкул. Назаримизда, яна футболнинг ёзилмаган, қолипсиз қонун-қоидалари, майдон ташқарисидаги «ўйин»лар ғолиб...

Умуман олганда, мураббийлари тушунарсиз равишда, мухлислар норозилиги остида алмаштирилган «Локомотив», «Сурхон» ва «Навбаҳор»нинг Суперлига 14-турида бараварига мағлубиятга учрашида ҳам қандайдир мантиқ яширингандек. Ўша мантиқ мағлубиятлар фонида истеҳзо билан кулиб, футболимиз муҳитини «Кўзингни оч!» қабилида огоҳлантирмаяптими? Эндигина шиддатига шиддат қўшилиб бораётган «Навбаҳор» ва «Сурхон»даги мухлисларга манзур маром нима учун бузилди? Бу маромни бузишдан кимлар манфаатдор ёки қандай фойда бор? Мухлисларнинг истак-хоҳишлари қачонгача қўғирчоқ мисол ўйналаверади? Ҳаммаси гўё олдиндан саҳналаштирилгандек таассурот уйғонмоқда. Майли, биз «Локомотив» борасида бирор фикр билдирмаймиз. Бир ҳовучгина мухлиси бор клуб кўпчиликнинг қарашлари билан ҳисоблашмасин. Аммо «Навбаҳор» ва «Сурхон»нинг иккинчи давра дастлабки туридаги мағлубиятига бефарқ қараб туриш ноўрин. Хавотирларимизни бугун айтишимиз даркор. Кейинги тур натижаларини кутиш ярамайди. Негаки, ҳар икки жамоанинг ўз майдонида 3 очкодан йўқотиши тасодифий мағлубиятлар сирасига кирмайди...

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда www.interfutbol.uz  сайтида ўқийсиз...

Ўқилган: 1084

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Яна "Фиорентина"дан "ўмариш"...
09:20
«Боруссия Д» Клуби «Челси» Футболчисига Қизиқиш Билдирмоқда
09:58
Календарь до конца сезона-2019.
19:30