"Пахтакор-79"ни хотирлаб: Шуҳрат Эшбўтаев

Шонли жамоа ҳақида берилаётган туркум мақолаларни Шуҳрат Эшбўтаевни ёдга олиш билан давом эттирамиз.

Шуҳрат Эшбўтаев 1959 йил Навоийда таваллуд топган. У ёшлигидан чаққон ҳаракатлари билан ажралиб турарди. Футболдаги биринчи мураббийи Арофат Зарбеев бўлган. Ушбу инсон Шуҳратнинг футболчи бўлиб етишишига катта ҳисса қўшган. Навоийдаги футбол мактабидан сўнг уни Республика спорт интернатига таклиф қилишади. Бу ерда у тажрибали мутахассис Гурам Дараселия қўл остида шуғулланади. Мураббийнинг тавсиясига кўра, "Пахтакор" мураббийлари Эшбўтаевнинг ўйинларини кузатишади ва 1978 йил уни ўринбосарлар жамоаси таркибига жалб этишади. Усталар жамоаси сафида Шуҳрат йўқолиб қолмади.

Кетма-кет жамоасига муҳим учрашувларда яхши ўйинлари билан ёрдам берди. Натижада 1979 йил у асосий таркибга жалб этила бошланди. Дебют баҳсини 1 июнь куни Ворошиловградда "Заря" жамоасига қарши учрашувда ўтказди. Ўшанда у 46-дақиқада Юрий Загуменних ўрнига тушиб, 20 дақиқадан кейин мезбонлар дарвозасини ишғол қилди. Эътиборлиси, бир кун олдин ўринбосарлар баҳсида ҳам у гол урганди. 13 июнда Тошкентда "Арарат" билан беллашувда асосий таркибда дастлабки дақиқалардан майдонга туширилди. Шу тариқа у тезлик билан асосий таркибдан ўрин олди. СКАга қарши Ростовда кечган ўйинда Шуҳрат икки бор мезбонлар дарвозасини ишғол қилиб, "Пахтакор"га ғалаба келтирди. Эшбўтаев биринчи ва охирги ўйинини "Заря"га қарши ўтказгани эътиборга молик. Тошкентда 3:1 ҳисобида "Пахтакор" ғалабаси билан тугаган баҳсда Шуҳрат охирги марта майдонда ҳаракат қилди.

Ўша пайтда Шуҳратнинг укаси Ихтиёр ҳам "Пахтакор" ўринбосарлари сафида тўп тепарди. Ихтиёр ўринбосарлар билан 9 август куни Минскка жўнаб кетган ва асосий жамоани ўша ерда жамоадошлари билан меҳмонхонада кутиб ўтиришган. Акасининг ҳалок бўлгани ҳақида хабарни у Минскда эшитган.

Бўйи узун бўлмаса-да, абжир, чаққон, дриблинг ва аниқ зарбага эга Шуҳрат Эшбўтаев "Пахтакор"даги қисқа фаолияти давомида ишқибозлар меҳрини қозониб улгурганди. Шуҳратдан кейин Эшбўтаевлар оиласидан футболчилар чиқиши давом этди, улар Навоийда мураббий ва футболчи сифатида ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшишда давом этишди.

Ўқилган: 1928
Мозий юлдузлари Пахтакор-79

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Ўзбекистон кубоги ва Лига кубогига қуръа ташланди
20:37
Ўзбекистон - Сурия учрашувини бошқариб борадиган ҳакамлар номи маълум
11:27
Лига Кубоги. “Қўқон-1912” учинчи турда ҳам йирик ғалабани қайд этди. Бердиевдан покер!
19:55