
Бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари Конференцияси бўлиб ўтди. Унда қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:
1. 2018 йил 25 январда бўлиб ўтган Конференция баённомасини тасдиқлаш
2. Молиявий ҳисоботни тасдиқлаш (мустақил аудитор ҳисоботи).
3. ЎФА уставига қўшимчаларни киритиш ва уставни янги таҳрирда тасдиқлаш.
4. ЎФА Президенти, Вице-президентлар ва Ижроия қўмитаси аъзоларини сайлаш.
Ўзбекистон футбол Ассоциацияси уставининг 24-моддасига асосан Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президентларини доимий асосда сайлаш учун ЎФА Ижроия қўмитаси томонидан қўйидаги номзодлар таклиф қилинди ва делегатлар томонидан бир овоздан сайланди:
Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Биринчи вице-президенти лавозимига – Эрматов Равшан Сайфиддинович.
Ўзбекистон футбол Ассоциацияси – Вице-президенти лавозимига – Жўраев Муҳиддин Ўткирович.
Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Президенти Раматов Ачилбай Жуманиязович ўз хоҳишлари билан ЎФА Президентлигидан истеъфога чиқиш тўғрисида ариза берганлиги муносабати билан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси уставининг 41-моддасига асосан ЎФА ўз расмий веб-сайтида Ўзбекистон футбол ассоциацияси Президенти лавозимига Ўзбекистон футбол ассоциацияси аъзоларидан номзодларини илгари суриш сўралган эди.
Шу кунга қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси Президенти лавозимига Тошкент шаҳар футбол ассоциацияси томонидан номзод сифатида Азизов Абдусалом Абдумавлонович таклиф этилди ва конференцияда Азизов Абдусалом Абдумавлонович бир овоздан Ўзбекистон футбол ассоциацияси Президенти лавозимига сайланди.