Мбаппе ва Роналду ўртасида 134 миллионлик “жарлик” бор экан-а... ("ИнтерФутбол" блоги)

Швейцариялик таҳлилчилар ҳам Европанинг етакчи лигаларидаги футболчиларнинг айни трансфер баҳосини ҳисоблаб чиқишди. Бу гуруҳ таҳлили натижалари анча қизиқарли чиққанини алоҳида таъкидлаш керак. Қаранг, Криштиану Роналду эндиликда португалияликлар орасида энг қимматбаҳо футболчи эмас экан. Аргентиналик Лионель Месси эса кучли учликдан ташқарида.

Transfermarkt.de эмас...

Одатда журналистлар ҳам, мухлислар ҳам футболчиларнинг бозор баҳосини билиш учун биринчи нав-батда, обрўли тransfermarkt.de сайти маълумотларига мурожаат қилишади. Швейцария обсерваторияси олимлари эса ўз таҳлилларида жуда кўплаб жиҳатларга эътибор қаратишган. Шунинг учун чиқарилган нарх нисбатан ишонарли кўринмоқда. Зеро, швейцарияликлар бунда ҳар бир ўйин-чининг ёши, амалдаги шартномаси муддати ва ҳаттоки, реал харидорларнинг қанча тўлашга қодирликларию, шунга ўхшаш келишувлар тарихини ҳам ҳисобга олишган. Якунда барчаси умумлаштирилган ва яхлит сумма чиқарилган. Ҳар ҳолда, рўйхатга қарасангиз, аксарият футболчиларга реал баҳо қўйилганки, жамоалар вакиллари ҳам буни тасдиқлашди. Қолаверса, швейцариялик олимлар тузган рейтингнинг transfermarkt.de талқинига нисбатан олганда, ҳақиқатга яқинроқ эканлигини тажриба ҳам кўрсатиб турибди. Оддий ва ёрқин мисол тариқасида бельгиялик Эден Азарнинг «Челси»дан «Реал»га трансферини келтириш мумкин. Transfermarkt.de ниҳоят, «Саньяго Бернабеу»га кўчиб ўтган ярим ҳимоячи трансферини 150 миллион еврога баҳолаб, уни энг қимматбаҳо 5 нафар футболчи қаторида кўрсатмоқда. Швейцария обсерваторияси илмий гуруҳи эса «Қироллик клуби»нинг янги вакилини атиги 19-ўринга қўйди. Асосийси, рейтингда кўрсатилган нарх (120 млн. евро) Азар трансферининг реал суммасига анча мувофиқдир.

Яна бир мисол: transfermarkt.de рўйхатида 11-ўринни банд этиб турган Жейдон Санчо швейцарча рейтингда кучли бешликка кирди. Олимлар англиялик иқтидорни 100 эмас, деярли 160 миллион еврога баҳолашди! Ўйлаб қарасангиз, иккинчи сумма ҳақиқатга мосроқ. Ҳар ҳолда, Дортмунд «Боруссия»си жаҳон футболидаги энг истиқболли тинейжерлардан бири билан осонгина хайрлашмаса керак. Зеро, унинг нархи ҳали янада кўтарилиши мумкин. Шуни асос сифатида олган обсерватория гуруҳи 19 ёшли Санчо ва буюк Лионель Мессига деярли бир хил баҳо қўйди. Чунончи, аргентиналик 31 ёшли даҳоча энди ўз-ўзидан тобора арзонлашса керак. Диққат қилинг, швейцарияликлар наздида Лео ҳозирги кунда 167 млн. еврога тортади. Жаҳон футболининг эҳтимолий бўлажак бош юлдузи - Килиан Мбаппе эса бундан анча катта суммага лойиқ кўрилди - 252 миллион евро!

Мана, «Ливерпуль»!

Қизиқ, Криштиану Роналду қани? Эҳ, португалиялик беназир футболчи камтарин 20-ўринда турибди. Боз устига, «Ювентус» етакчиси пешқадам - Килиан Мбаппедан нақ 134 миллион евро арзон экан. Умуман, Португалия миллий жамоаси бош юлдузининг баҳоси шу қадар тушдики, эндиликда у ҳаттоки, ўз мамлакатида ҳам энг қимматбаҳо футболчи эмас. Ҳозирда португалияликлар орасида ушбу мақом «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Бернарду Сильвага тегишли - 136,9 млн. евро (бу Криштиану Роналду қийматидан 18 «лимон» кўп). Айтиш жоиз, янги етакчининг қайси клуб вакили эканлиги ҳам рейтингга таъсир қилган кўринади. Бинобарин, энг қимматбаҳо 100 нафар футболчи рўйхатида Хосеп Гвардиоланинг нақ 10 нафар шогирди жой олди. Рейтингда биргина ЕЧЛ ғолиби «Ливерпуль» вакиллари бундан кўпроқ - 11 нафар. Бу албатта, «қизиллар»нинг еврофутбол тахтига кўтарилишгани билан изоҳланади. Диққатга сазовор жиҳати шуки, агар энг қимматбаҳо футболчилар позицияларига қараб, ўзига хос рамзий терма жамоа тузилса, унга «Ливерпул»нинг 6 нафар аъзоси (!) киради: дарвозабон Алиссон (107,5 млн. евро), ўнг қанот ҳимоячиси Трент Александер-Арнольд (130,2 млн. евро), марказий ҳимоячи Виржиль ван Дейк (112,1 млн. евро), чап қанот ҳимоячиси Эндрю Робертсон (88,3 млн. евро), ҳужумкор ярим ҳимоячи Садио Мане (157,8 млн. евро) ва ҳужумчи Муҳаммад Салоҳ (219,6 млн. евро)...

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда www.interfutbol.uz  сайтида ўқийсиз...

Блоглар
Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Пирлодан Раулгача… Ёхуд аср футболининг омадли битимлари (Penalti.uz блоги)
04:14
Учинчи ғалаба муборак! ("ИнтерФутбол" блоги)
03:53
Одилдан серия ёки легионерларимизда нима гаплар?
21:43