Серб тўпурари, бразилиялик вундеркинд ва "Ливерпуль" захирачиси... (ИнтерФутбол блоги)

Европа футболининг энг баҳсли ёзги трансферлари. Еврофутбол бозорида «олди-сотди»лар авжида, навбатдаги трансферлар мавсуми воқеаларга бой бўлмоқда. Шу жумладан, кўпчиликни ёқа ушлашга мажбур қилаётган бир неча баҳсли келишувлар ҳам кузатилмоқда. Ёрқин мисол - «Реал» бразилиялик 18 ёшли Родриго учун 45 млн. евро тўлади, «Саутгемптон» эса «Ливерпул»дан «нотаниш» Дэнни Ингс ҳуқуқини 22,8 «лимон»га сотиб олди. Қуйидаги мақола суммаси кўп туюлган ва турли саволларни келтириб чиқарган ёзги трансферлар ҳақида.

Лука ЙОВИЧ - 60 млн. евро («Айнтрахт»дан «Реал»га). «Мадрид» бу сафар Европа футбол бозорининг асосий харидори ролида гавдаланмоқда. «Қироллик клуби» июннинг илк икки ҳафтаси давомида янги футболчилар хариди учун 300 млн. евродан кўп сарфлаб, бу борада шахсий рекордини янгилаб қўйди. Шубҳасиз, Зайниддин Зиданнинг асосий харидларидан бири - бу ёш Лука Йович. Ҳа, серб ҳужумчиси жуда иқтидорли, ҳа, у «Айнтрахт»да ажойиб мавсумни ўтказди. Луканинг барча турнирлар ҳисобидан 27та гол ургани кўп нарсадан далолат, албатта. Германия жамоасининг Европа Лигаси ярим финалига чиққанида ҳам серб йигитининг хизмати катта. Лекин 21 ёшли ҳужумчи футбол марказига яқиндагина кириб келди. Аниқроғи, Германияда энди икки мавсум ўйнади. Шуни назарда тутсак, «Реал»нинг қўққисдан унга нақ 60 млн. евро тўлагани катта таваккалчиликдек туюлмоқда. Шу сумма ўлароқ, Мадридда Йовичдан жуда кўп нарса кутишлари тайин. Қолаверса, жаҳоннинг энг кучли клубларидан биридаги босимни «Айнтрахт»да шаклланган сокин муҳит билан таққослаб бўлмайди асло. Баъзи катта юлдузлар ҳам «Реал»да ишончни оқлолмай, роса қийналишгани эса бор гап. Катта трансфер суммаси (65 миллион евро) ҳаттоки, «Олтин тўп»ли Какага ҳам салбий таъсир қилганди.

Эдер МИЛИТАО - 50 млн. евро («Порту»дан «Реал»га). Кўплаб мухлислар якунланган мавсум охиригача ҳам бу футболчи ҳақида ҳеч нарса эшитишмаганди. Ёш марказий ҳимоячи фаолиятини «Сан-Паулу» (Бразилия)да бошлаб, шиддат билан олға борди. Натижада «Порту» клуби ўтган йили ёзда унинг трансферини 7 млн. еврога сотиб олди. Бежиз эмас экан. Мана, Португалия клуби орадан атиги 1 йил ўтиб, йигитча учун 50 «лимон» олмоқда - қойилмақом бизнес юриши. Бу «аждаҳолар»нинг трансферлар бозорида пул топиш ҳадисини тўлиқ ўзлаштиришганига яна бир ёрқин далил. Тўғри, Милитао бир уринишда Португалия чемпионатига мослашиб, жуда зўр ўйнади, клуб етакчилари қаторига қўшилди. У ҳужумчилар учун ўтиб бўлмас тўсиқдек гавдаланди, етарли даражада қатъий ҳимоячи эканлигини амалда исботлади. Қолаверса, ҳужум бошлашни ҳам қойиллатди. Айримлар Эдерни ҳаттоки, Пепега қиёслай бошлашди. Бироқ «Порту»нинг асосий таркибига кириш бошқа, «Реал»да ўз ўрнини топиш бошқа. Бинобарин, Мадрид жамоаси орқа чизиғида Серхио Рамос ва Рафаэль Варандек алмаштирилмас кучлар бор.

РОДРИГО - 45 млн. евро («Сантос»дан «Реал»га). «Қироллик клуби»нинг яна бир ғалати юриши. Бунисига саволлар кўпроқ ҳам. 18 ёшли Родриго «Сантос»да чиндан ҳам, ноёб иқтидори борлигини кўрсатди. Аммо 45 «лимон»нинг юки ёш йигитчага оғирлик қилмасмикан? Агар у буни катта аванс сифатида кўрса, нима бўлади? Зеро, Родриго ҳали олий даражада етарли ўйин тажрибасига эга эмас. «Сантос»да 16 ёшидаёқ дебют қилган вундеркинд учун тўлақонли илк мавсум эндигина ортда қолди моҳиятан олганда. Бразилияда Родригони «Иккинчи Неймар» сифатида мақташаётгани рост. Айтишларича, унинг устун жиҳатлари - техник қобилият ва тезлик. Эътиборлиси, «Реал» ёш иқтидорни энг сўнгги лаҳзада «Барселона»дан «тортиб» олди. Бинобарин, унинг отаси каталонияликлар билан музокара ўтказишга ҳам улгурганди. Мадридликлар шу вақтда бирданига трансфер суммасини ошириб, Родригони ўз томонларига оғдиришди. Демакки, келишув баҳосида бирозгина сунъийлик йўқ эмас.

Рауль ХИМЕНЕС - 38 млн. евро («Бенфика»дан «Вулверхэмптон»га). Испанияда фақат икки етакчи клуб йирик харажатга қодир бўлса, Англияда АПЛнинг деярли ҳар қандай иштирокчиси муайян футболчи учун бемалол бир неча 10 миллион евро таклиф этиши мумкин. Мексикалик Рауль Хименеснинг «Бенфика»дан «Вулверхэмптон»га трансфери бунга оддий мисол. «Бўрилар» 28 ёшли ҳужумчига деярли 40 млн. евро тўлашди. Бунда омадли чиққан ижара муддатининг таъсири катта, албатта. Зеро, Хименес якунланган мавсум «Вулвз» сафида барча турнирлар ҳисобидан 17та гол урди. Қисқаси, жамоа раҳбарияти шу самарадорликни эътиборга олган ҳолда, ҳужумчининг трансфер ҳуқуқига тўлиқ эгалик қилишни хоҳлади. Лекин алоҳида таъкидлаш керак, мексикалик футболчи бунга қадар фаолияти давомида бирор мавсум 15та гол маррасидан узмаганди. Умуман, у миллий чемпионатда 10та гол маррасини илк марта забт этди. Шундай экан, ушбу харидда ҳам таваккалчилик бор. Ҳар ҳолда, Хименес ёш эмас, сумма эса...

Керем ДЕМИРБАЙ - 32 млн. евро («Хоффенхайм»дан «Байер»га). Германия клублари пулни ҳам тартиб билан сарфлашга одатланган. Бундеслига вакилларидан биргина «Бавария» чинакам жиддий харидларга қўл уриши мумкин. Мисол учун, Мюнхен гранди бу сафар Люка Эрнандес трансферини расмийлаштириш йўлида 80 млн. евродан воз кечди. Шу маънода айтсак, «Хоффенхайм» ярим ҳимоячиси Керем Демирбай учун 32 млн. евро берган «Байер» барчани бироз ҳайратлантирди. 25 ёшли футболчи Зинсхайм жамоасида етакчилардан бири сифатида кўзга ташланган бўлсада, трансфер суммаси сунъий равишда ошириб юборилгандек. Тўғри, Демирбай «Хоффенхайм»да рақиб ҳужумларини бузиш билан шуғулланиш баробарида ижодкорликни ҳам ўрнига қўйди. Яъни ҳужум ташкиллашда ҳам чакки кўринмади. Унинг Бундеслигада ўз ҳисобига 9та самарали узатма ёзиб қўйгани ва 4та гол ургани - шу фаоллик самараси. Бироқ 32 миллион ҳам кичик сумма эмас-да...

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда www.interfutbol.uz  сайтида ўқийсиз...

Ўқилган: 1133
Блоглар Европа футболи Трансферлар

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

2019 йилда спорт жамоаларининг энг бой хўжайинлари. Forbes рейтинги (Barcafans.asia блоги)
20:44
Дмитрий Михайлович блогида. Мураббийлик таълими: тактика қисмларини гаплашамиз
08:06
Коутиньо ва “Барселона”: нима учун алоқалар давом этиши керак? (Barcafans.asia блоги)
16:02