Ван Дейк қаерда ва қандай яшаяпти? ("ИнтерФутбол" блоги)

«ЛИВЕРПУЛЬ» КЛУБИ ВА ГОЛЛАНДИЯ МИЛЛИЙ ЖАМОАСИ ҲИМОЯЧИСИ ВИРЖИЛЬ ВАН ДЕЙКнинг шахсий ҳаёти.

Аввало, айтиш керак, «Ливерпул»нинг Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишига катта ҳисса қўшган бўйдор футболчи майдондан ташқарида жуда камтар. Виржилнинг кундалик ҳаёт тарзи ҳам шунга монанд анча оддий. Ваҳоланки, ҳимоячи «Ливерпул»да хизматига яраша муносиб маош олмоқда. Муҳими, футболда катта муваффақиятларга эришаётган ван Дейк ҳамон бредалик оддий голланд йигити бўлиб қолмоқда...

Уй

Якунланган мавсум АПЛнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган Виржиль ван Дейк «Ливерпуль» сафига 2018 йил бошида қўшилиши ҳамоно янги клубининг машғулотлар базасига яқин ҳудуддан муносиб турар жой излашга тушди. «Ливерпуль» вакиллари ёрдамидаги «қидирув» 1 йилдан кейингина натижа берди - «Манчестер Юнайтед»нинг амалдаги бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшерга тегишли кошона танланди. Айтишларича, норвегиялик ёш мутахассис уни 2011 йилдан буён ижара келишуви асосида бериб келади. Аслида Оле-Гуннар уйни бирданига сотмоқчи бўлган, бироқ харидор топилмаган. Зеро, кошонанинг баҳоси кўпчилик учун жуда баланд - 4 миллион фунт (!). Дарвоқе, норвегиялик ёш мураббий «МЮ» шарафини футтболчи сифатида ҳимоя қилган вақти шу уйда яшаган, аммо уни қанчага харид қилгани маълум эмас. Қисқаси, қимматбаҳо турар-жойга жазман харидор чиқмагач, Сульшер уни хоҳловчиларга вақтинча фойдаланиш шарти асосида бериб келган.

2019 йилнинг январига келиб эса, яхшигина мижоз топилди - ижара ҳақини муаммосиз тўлашга қодир (маоши бунга имкон беради) ва уйда кучли шовқин кўтармайдиган (Виржиль турли кўнгилхушликлар ёки маишатбозликларга тоқат қилолмайди) тартибли футболчи. Тушунарлики, Сульшерга бу вариант жуда маъқул келди ва томонлар ижара келишувини расмийлаштиришди. Тўғри, Виржиль ван Дейк шундан кейин мураббийга маълум муаммолар туғдирди, лекин бу уй учун тўловнинг кечиктирилиши ёки қандайдир тўполон чиқаришга боғлиқ эмас. Шунчаки, «МЮ»га бош мураббий сифатида қайтган норвегиялик ўзига бошқа турар-жой қидиришга мажбур бўлди. Якунда унинг меҳмонхонада яшашига тўғри келди. Айтганча, норвегиялик мутахассис ҳам «Манчестер»нинг олдинги устози Жозе Моуриньо истиқомат қилган Lowry меҳмонхонасидан қўним топди.

Ван Дейк яшаётган уйга келсак, унинг ташқи кўриниши ҳам, ички манзараси ҳам зўр. Кошона нозик дид билан безатилган. Аммо интернетда уй сурати у қадар кўп эмас. Зеро, «Ливерпуль» ҳимояси етакчиси кўплаб юлдузлардан фарқли ўлароқ, ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатмайди. Дейлик, футболчининг маҳбубаси «Инстаграм»даги саҳифасига суратларни жойлаштирдию, кўп ўтмай, уларнинг барчасини ўчириб юборди. Ижтимоий тармоқларда ван Дейкнинг қизалоғи сурати ҳам йўқ ҳисоби. Голландияликнинг шахсий саҳифасида ҳам қимматбаҳо автомобиллар фотосини кўрмайсиз. Фақат Рождествога  дахлдор суратлар бор, холос. Байрамона суратларнинг ўзига қараб, ван Дейк уйида ўта сокин муҳит ҳукмрон эканлигини фаҳмлаш қийин эмас - ҳеч қандай дабдаба аломати йўқ. Ван Дейк нега бу қадар камтарона ҳаёт тарзига мойил эканлигининг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Бўлажак футболчи ота меҳрига зор ҳолда улғайган. Чунончи, у оиласини эрта кунда ташлаб кетган ва Виржиль онаси билан яшаган. Айни шу сабабга кўра, ҳимоячи фамилияси эмас, исми ёзилган футболкада ўйнамоқда. Яна бир томони, голландиялик йигитча 16 ёшида онасига кўмаклашиш учун Бредадаги ресторанлардан бирида идиш ювувчи бўлиб ишлаган. У бу юмуши учун соатига 2,5 фунт олган экан. Мана, орадан бир неча йил ўтиб, Виржиль онасига алоҳида уй совға қилди. Зеро, у 3 нафар фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаган. Хуллас, энди Бредадаги каттакон хонадонда роҳатланиб яшашга ҳақли. Бинобарин, ван Дейк аввало, шу аёл туфайли бугунги даражага чиқди.

Автомобиллар

Ҳа, ван Дейк мутлақо сокин турмуш тарзига амал қилади. У шунинг баробарида шахсий ҳаётини достон қилишни ёқтирмайди. Мисол учун, футболчининг автопарки ҳақида ҳам айтарли маълумот йўқ. Фақат ван Дейк асосан G тоифасига мансуб Mercedes машинасидан кўпроқ фойдаланиши маълум, холос. Эҳтимолки, голландиялик ҳимоячида бошқа автомобили ҳам йўқдир. Ҳар ҳолда, Виржиль бир неча йиллардан буён Mercedesни янгилаётгани йўқ. У хусусан, «Саутгемптон»да ўйнаган вақтида шу «тойчоқ»да эди, «Ливерпуль» сафига қўшилганидан кейин ҳам автомашинаси ўзгармади. Улкан гавдали ҳимоячига катта машина мос, албатта. Лекин уларнинг сонини кўпайтириш шарт эмас, шекилли.

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда www.interfutbol.uz  сайтида ўқийсиз...

Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Яна Роналдунинг турмуш тарзидан “ҳикоя”ча ("ИнтерФутбол" блоги)
05:55
Криштиану Роналду: Янги уйга шахсий йўл орқали ("ИнтерФутбол" блоги)
19:51
Нега айнан осиёликлар? ("ИнтерФутбол" блоги)
04:49