Чемпионлик армон ёки ДЕ РОССИ, ГРИЗМАНН, ТОРРЕС ВА ЧЕМПИОНЛИК ҚАРҒИШИ

Футбол дунёси ажиб сирлари билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Кимдир ўртамиёна даражада ўйнаб ҳам, неча марталаб чемпион бўлади, аксинча, сара юлдузларнинг айримлари олтин медалга етолмай, армонда қолишади. Қуйидаги фотожамланмада айнан иккинчи тоифага мансуб сара ижрочилар мужассам. Аниқроғи, soccer.ru сайти Европанинг кучли 5та миллий лигасида чемпионлик нималигини билмаган (билмаётганлар) «омадсиз»ларни виртуал жамоа байроғи остида бирлаштирди. Алоҳида айтиш керак, айрим юлдузларнинг олтин медалсиз қолишларига муайян клубга садоқат билан хизмат қилишлари сабабдир...

 

Дарвозабон - Уго ЛЬОРИС («Тоттенхэм»). Миллий чемпионатлар олий дивизионида 448та ўйин, аммо «олтин» йўқ. Ҳа, Уго ЖЧ-2018да чемпионлик нашидасини сурди, аммо тан олинган голкипер клуб миқёсида бирор марта бош совринга эга чиқмади. Ваҳоланки, «Тоттенхэм» сардори Англияга йўл олишидан олдин Франция биринчилигида «Лион» шарафини етарли муддат ҳимоя қилганди.  

 

Ҳимоячи - Лоран КОСЬЕЛЬНИ («Арсенал»). Бечора Лоран, у Франция термаси зафар қучган жаҳон чемпионатида жароҳат туфайли қатнашолмади. Клуби - «Арсенал» эса АПЛда анчадан буён «олтин»га яқинлашаётгани йўқ. Бу кетишда Косьельни ҳам фаолиятини чемпионлик нишонисиз якунлайди, шекилли. Зеро, вақт ўтиб боряпти. Хуллас, француз ҳимоячиси ҳозирча фақат элит лигаларда чамаси 400 марта майдонга тушгани билан мақтаниши мумкин, холос.

 

Ҳимоячи - Калиду КУЛИБАЛИ («Наполи»). Таққослаш учун айтсак, Томас Вермален фаолияти давомида 5 бора чемпион бўлишга улгурди, савия бўйича ундан анча устун саналган Калиду ҳисобида эса «Генк» билан ютилган Бельгия кубоги ва Италия суперкубоги (албатта, бу совринни «Наполи» сафида олди) бор, холос. Маълум маънода айтиш мумкинки, сенегаллик абжир йигит Неаполь, «Наполи» ва клуб президенти Аурелио де Лаурентисга ҳаддан ортиқ боғланиб қолгани туфайли ҳамон «олтин» кўргани йўқ.

 

Ҳимоячи - Жозе ФОНТЕ («Лилль»). Португалиялик футболчи 35 ёшда ва у Европа чемпионидир. Аммо Жозе катта клубларда ўйнагани йўқ. «Лилль» ва «Саутгемптон» билан муваффақият қозониш эса амри-маҳол. Айтганча, у маълум муддат Хитойда ҳам фаолият юритди, ёшлигида эса «Бенфика»да ўйнади. Факт шуки, яхшигина савияга эга ҳимоячи ҳеч қаерда чемпионлик рутбасига эришолмади.

Ярим ҳимоячи - Даниэле де РОССИ («Рома»). Италиялик жонкуяр футболчига кўпчилик ачиниш ҳисси билан қарамоқда. Ахир у «Рома» ва «А» серияси билан олтин медалсиз хайрлашди. Аслида ярим ҳимоя «бўрилар» сафида қолмоқчи эди, аммо клуб менежерлари бошқача қарорга келишди. 35 ёшли фахрий энди Италиядан ташқарида миллий чемпионат бош совринига эга чиқар балки? Ҳа-я, «Рома» сафига чемпионлик мавсумидан кейин қўшилган де Росси бўйнида ЖЧ олтин медали борлигини айтиш керак...

Ярим ҳимоячи - Хуан МАТА («МЮ»). Насиб қилмаса, қийин-да. Хуан «Реал» ва «Барселона» каби чемпионликка туйинган клублардан бир неча марта таклиф олган, аммо ҳар сафар захирада қолишдан чўчибми, рад жавобини беравергани оқибатида олий пробали медалсиз қолмоқда. «Кастилья» тарбияланувчиси лоақал «ПСЖ» чорловини қабул қилганида ҳам, ушбу «қора рўйхат»га тушмасди. Бироқ Мата «Челси»ни танлади ва жамоа унинг даврида АПЛда ғолиб чиқолмади. Кейин «МЮ»да яна шу ҳолат такрорланди. Натижаси - жуда номдор клублар сафида деярли 400та ўйин, аммо «олтин» йўқ. Дейлик, Артуро Видаль қаторасига 8-мавсум бўйнига олтин медаль тақди.

 

Ярим ҳимоячи - Марек ГАМШИК («Далян Ифан»). «А» сериясида хизмат кўрсатган яна бир футболчи. Даниэле де Росси бор фаолиятини «Рома»га бағишлаган бўлса, Марек «Наполи»ни скудетто соҳибига айланиши учун барча имкониятларини сафарбар этди. У ҳаттоки, Неаполь фахри ва афсонаси Диего Марадонага тегишли рекордни янгилади (голлар сони бўйича), аммо «А» серия олтин медалига етолмади, барибир. Маълум муваффақиятлар, самарали узатмалар, ажиб зарбалар ва ўзига хос соч турмаги билан «Наполи» тарихига кирган словакиялик футболчи шундан кейин Хитойга юзланди ва ҳозирда янги клубининг маҳаллий чемпионатдаги ишлари сира юришмаяпти.

Ярим ҳимоячи - Марко РОЙС («Боруссия» Д.). Юксак савияли футболчилар орасида Маркодан омадсизроғини топиш мушкул. Юрген Клопп Дортмундда чемпион жамоа шакллантирган пайт «Боруссия» Д. мактаби тарбияланувчиси Менхенгладбахда ўйнади. Ройс жонажон клубига қайтганида эса «Бавария» ўзини ўнглашга улгурди. Боз устига, Марко жароҳат туфайли жаҳон чемпиони ҳам бўлолмади. Қисқаси, 29 ёшли футболчи ҳозирча «олтин»сиз юрибди. Ваҳоланки, у Бундеслигада 250тадан кўп ўйин ўтказиб, 70та гол маррасидан ўзиб кетди.

 

Антуан ГРИЗМАНН («Атлетико»). Шартли равишда ярим ҳимояга қўйилган ҳужумчи. Антуан агар ўтган йили «Барселона» сафига қўшилганида, ҳозир Ла-лига чемпионлигини нишонлаётган бўларди. Кўринишидан, франциялик голеадор энди совринсизликдан зерикди, шекилли. Демак, 28 ёшли жаҳон чемпионининг кейинги йўлини кузатамиз...

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда www.interfutbol.uz  сайтида ўқийсиз...

Ўқилган: 1782

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Яна "Фиорентина"дан "ўмариш"...
09:20
Два матча женской сборной и ситуация вокруг всего этого.
21:09
«Боруссия Д» Клуби «Челси» Футболчисига Қизиқиш Билдирмоқда
09:58