Жозе Моуриньо: «Мураббийи бор жамоада қандай ишлайман?»

Машҳур мураббий «Манчестер Юнайтед»дан истеъфога чиққанидан буён журналистлар билан жуда кам суҳбатлашмоқда. Мана, ниҳоят, хорижлик ҳамкасбларимиз ундан яна интервью олишга муваффақ бўлишди. Жозе Моуриньо мусоҳаба давомида турли мавзулардаги саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

- Сўнгги пайтларда икки марта Лиллда юрганингизни кўриб қолишди ва бундан тегишли хулоса чиқаришди... Аслида ҳам шундайми?

- Лиллда дўстларим бор, боз устига, бу шаҳар узоқ эмас. Авваллари «Менинг уйимдан Лиллгача босиб ўтиладиган масофа «Тоттенхэм» ёки «Арсенал» стадионларигача бўлган йўл билан тенг: у ерга етиб бориш икки соатни талаб этади», деб ҳазиллашгандим. Футбол кўриш, ўзим учун янги бўлган жамоани кузатиш учун келгандим. Луис (Кампос, клуб президенти Жерар Лопеснинг маслаҳатчиси) ҳамда Кристоф (Гальтье, бош мураббий)нинг ёрдамчилари билан яхши танишман. Дарвозабонлар мураббийи - мураббийликдаги биринчи жамоамда кипер бўлган. У 14 ёшда эди, мен эса 24га тўлгандим. Қолаверса, Кристоф ҳам эски танишим. Қисқаси, Лиллда ўзимни уйимдагидек ҳис қиламан.

- «Лилль» ҳақида қандай фикрдасиз - ажойиб жамоа, шундайми?

- Клубдаги структура жуда яхши, тўғри йўлга қўйилган. Барча жамоаларда директор, спорт директори ва бошқалар бор, ҳаммалари бир-бирларидан кўчирма олишади. «Лилл»да эса бари ўзгача. Луис суткада 25 соат тиним билмайди. Ҳар бир йўналишга профессионал тарзда ёндашилган. Аввалги мураккаб мавсумдан сўнг финишга иккинчи ўринда етиб келиш - фантастика!

- Кристоф Гальтье - Лига 1даги энг яхши мураббийми?

- Эҳтимол бошқа ажойиб мутахассислар ҳам бордир, аммо Гальтье аниқ йил мураббийи бўлишга лойиқ. Жамоаси Чемпионлар Лигасида қатнашади, ажойиб футбол кўрсатади, салоҳиятли ёшларга эга... Ўйлашимча, клуб хўжайинлари ҳайратда, айрим футболчиларни қимматбаҳо нархда сотишлари, чемпионат об-ҳавосини назорат қиладиган «Марсель», «Лион» сингари клублар билан бемалол рақобат қилишлари мумкин. Буларнинг бари мураббийнинг меҳнати маҳсули.

- Ўзингизга жамоа топсангиз, Николя Пепени (23 ёшда, Лига 1да 20та гол урди) таклиф қиласизми?

- Аввал топаверайчи! Аммо бу футболчи чиндан ҳам юқори савияга эга, энг муҳими, унинг учун ҳаммаси ҳали олдинда.

- Пепе ушбу мавсум Мбаппе ёки Неймардан ёмон ўйнамадими?

- У деярли барча учрашувларда майдонга тушди, натижа кўрсатди. Бироқ Мбаппе ва Неймар - жаҳондаги энг кучли жуфтлик. Менимча, агар уч ўйинли дисквалификация бўлмаганида, Мбаппе Европанинг энг яхши тўпурари бўларди. Неймар жароҳат олди ва ярим мавсумгина ўйнади, холос. Лекин бу йигитлар ҳақида алоҳида гаплашиш мумкин, улар - бошқа даража вакиллари. Луис (Кампос) Килиан ҳақида гапирганда, нигоҳидаги ҳайрат кўриниб туради! Гап Мбаппенинг нималарга қодирлигида эмас, балки қанчалик узоққа боришида, ахир у жуда ёш.

- У ишга ёндашув бобида қайсидир маънода сизга ўхшаб кетади - шу фикрга қўшиласизми?

- Биз таниш эмасмиз. Аммо бу йигитнинг жиззаки экани кўриниб турибди. Мбаппе ҳам «Мен нимани хоҳлашимни биламан ва ниятимга албатта етаман», дейдиганлардан. Тўғри, бунинг оқибатида турли ноқулай вазиятларга тушиб қолмоқда, Франция кубоги финалида четлатилди. Бироқ унинг реакцияси жаҳл эмас, алам устида амалга ошди. Гол ура олишмаётганига чидай олмади. Килиан мана шунақа характер соҳиби, шундай шахс.

- «Манчестер Юнайтед» кутилмаганда «ПСЖ»ни ЕЧЛдан чиқариб юборди. Бунга қандай изоҳ берасиз?

- Ҳеч нимани изоҳламоқчи эмасман. Бунинг нима сабабдан бўлганини биламан, лекин омма олдида таҳлил қилишни хоҳламайман. Умуман, «МЮ» ҳақида гапирмоқчимасман. Нима ҳам дердик, вақт ҳаммасини ўз ўрнига қўяди. «Манчестер Юнайтед»нинг ютуғи мантиққа мос эмас, гарчи бу жамоа мавсум давомида бир неча марта шундай ўйинлар кўрсатган бўлсада. Туриндаги баҳс шулар жумласидан. «ПСЖ»нинг нима сабабдан ютқазганига тўхталсак, бу ерда барчаси тактика ва психология масаласи.

- «ПСЖ»да ишлашни хоҳламайсизми?

- Бу имконсиз. Мураббийи бор жамоани қандай шуғуллантиришим мумкин?! Мураббийи бўлмаганида бошқа гап эди.

- «Лион» варианти-чи? Бруно Женезио у ерни тарк этмоқда.

- Сизга нима дейишни ҳам билмайман. Бу каби саволларни ёқтирмайман. Фақат бир нарсани айтишим мумкин: барча клубларни ҳурмат қиламан.

- «ПСЖ»да ишлаганингизда, нималарни ўзгартирардингиз?

- Вазиятга қараб иш тутардим. Ҳозир бу мавзуда гапириш нотўғри.

- «ПСЖ»даги структура «МЮ»дагидан яхшироқми?

- Нимадир деёлмайман. Билганим - «Манчестер Юнайтед» - ўз тарихига эга буюк клуб, ҳамиша ўз олдига улкан мақсадлар қўйган, фақат бугунги кунда ўз даражаларига мос ўйнай олишмаяпти. Ўзим ишлаган жамоалар билан турли чемпионатларда ғолибликни қўлга киритганман, аммо ўтган мавсум «МЮ»нинг иккинчи ўринни эгаллагани - эҳтимол, фаолиятимдаги энг юқори натижа бўлди. Ҳозир халқ буни муносиб баҳолаши лозим.

- «ПСЖ»да Антеро Энрике ишлайди (спорт директори), у «Порту»да сиз билан бирга фаолият бошлаганди. У билан бугун алоқалар сақланиб қолганми?

- Ҳа, биз бирга ишлаганмиз, иш ва ташкилотчилик юзасидан бир-биримизга ёрдам берардик. Мана 15 йилдирки, мустақил ишлаяпмиз. Менинг фаолиятим - бу ўзига хос саёҳат.

- «Манчестер Юнайтед»да қачонлардир «Порту»да иш берган методикани қўлладингизми?

- Йўқ. Ҳозир машғулотлар бошқача, машқлар ҳам. «Порту»да структура анча яхши йўлга қўйилганди. Барча ўйинчи - мураббий, мураббий - ўйинчи муносабатларига боғланиб қолмасди. Акс ҳолда иш юришмасди. Клуб, ходимлар ва футболчилар бир йўналишда фикрлашлари керак.

- «Манчестер Юнайтед»да айнан шу нарса сизга етишмадими?

- «МЮ» ҳақида фақат иккита гап айтишим мумкин. Биринчиси - ҳаммасини вақт кўрсатади. Иккинчиси - клубдаги муаммолар қандай бўлса шундайлигича қолди.

Давоми бор. Ушбу интервьюни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL газетасида ўқишингиз мумкин

 

 

Ўқилган: 912

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Половина команд завершили 2-тур.
21:11
Ўзгача ва қизиқарли танлов ёхуд шринкалик журналист кимларга овоз берганди?
08:43
Пояснение от Ташкентской футбольной ассоциации.
00:29