«Хайр, қардрдон клубим»

КЎП ЙИЛЛИК ЖАМОАЛАРИ УЧУН БОШҚА ЎЙНАМАЙДИГАН АФСОНАЛАР. Венсан Компани, Арьен Роббен, Франк Рибери - буларнинг катта футболдаги ўринлари ҳали жуда билинса керак. Ҳар ҳолда, мухлислар бельгиялик, голландиялик ва франциялик фахрийни бирдек қўмсашса, ажабмас. Мавсум тугаши билан «Манчестер Сити» раҳбарияти  клуб сардори Венсан Компани АПЛ билан хайрлашишини маълум қилди. Бельгиялик бақувват ҳимоячи келаси мавсумдан ўз юртида, аниқроғи, «Андерлехт»да ўйновчи-мураббий ролини бажара бошлайди. У Манчестер шаҳри жамоаси сафига 2008 йили қўшилганди. Хуллас, Венсан ортда қолган вақт ичида «шаҳарликлар» либосида 360та ўйин ўтказиб, 20та гол урди. Компанининг айниқса, охирги голи ҳам чиройли, ҳам муҳим чиқди - «Сити» айнан бельгияликнинг «Лестер» билан ўйиндаги замбарак зарбаси туфайли АПЛнинг охирги турига чемпионлик учун фаворит мақомида ўтди ва якунда бош кубокни расмийлаштирди ҳам. Бу Венсан учун 4-чемпионлик унвони бўлди, умуман олганда, у Англиядаги фаолияти давомида нақ 13та соврин ютди. Идеал хайрлашув учун муносиб кўрсаткич! Дарвоқе, «Манчестер Сити» президенти Халдун ал Муборак клуб сентябрь ойида Компани шарафига хайрлашув ўйини ташкил этиши ҳақида баёнот берди. «Манчестер Сити»ни қайта тиклаш ҳаракатида жуда кўпчилик муҳим роль бажарди, бироқ майдонда ҳеч ким Венсан Компанидек катта ўрин тутмаган бўлса керак. У клуб рамзидир. Ҳар ҳолда, 10 йил давомида ҳаётий қувват манбаи бўлиб келди, жамоанинг қалби ва тўхтовсиз ураётган юраги мисоли гавдаланди. Компани ҳамиша «Сити» оиласининг бир бўлаги бўлиб қолаверади», - деди ал Муборак. Умуман, бельгиялик ҳимоячи кўп йиллик жамоасидан кетаётган ягона афсона эмас. Дейлик, 18 май куни Франк Рибери ва Арьен Роббен худди келишиб олгандек, «Бавария» учун Бундеслигада охирги голларини уришди, бундан олдинроқ «Рома» ва «Атлетико»нинг тирик рамзлари - Даниэле де Росси ва Диего Годин хайрлашув матбуот анжуманларида қатнашишганди. Sport24нинг навбатдаги фотогалереяси айни шу садоқат пешволари ҳақида - улар йўл бошида қандай кўринишда бўлишгану, ҳозир қиёфалари нечоғли ўзгарган?

 

Венсан КОМПАНИ - «Манчестер Сити»

Клубдаги даври: 2008-2019 йиллар

Совринлари сони: 13та(4 карра Англия чемпиони, 3 карра Англия кубоги соҳиби, 2 карра Англия суперкубоги соҳиби, 4 карра Лига кубоги эгаси)

Компани 2008 йилнинг 22 август куни расман «Сити» футболчисига айланди. Бундан бир неча кун олдин клуб БААлик сармоядорлар ихтиёрига ўтганди. Эътиборлиси, аввалги мавсум АПЛда атиги 9-ўринни эгаллаган «Сити» моддий таъминот яхшилангач, дарҳол мутлақо бошқача вазифаларни уддалашга киришди. Компани эса Манчестерда нақ 11 йил ўйнаб, клубнинг чин афсонаси мақомини олди. Тўғри, бельгиялик ҳимоячининг охирги мавсумларда жароҳатлар билан курашишига тўғри келди, лекин у шунда ҳам жамоада муҳим ролга эгалигини исботлашга куч топди. «Ноу, Винни, ноу» — бу нафақат «Лестер» дарвозасига урган ажиб голи таърифи, балки клубдан кетишига ҳам ишора. Компани фақат бир нарсадан афсусланиши мумкин — Европа Чемпионлар Лигасидаги омадсизликдан...


Франк РИБЕРИ - «Бавария»

Клубдаги даври: 2007-2019 йиллар

Совнирлари сони: 27 (9 карра Германия чемпиони, 5 карра Германия кубоги соҳиби, 5 карра Лига кубоги эгаси, 5 карра Германия суперкубоги соҳиби, ЧЛ ғолиби, Европа суперкубоги эгаси, Клублар ўртасидаги ЖЧ ғолиби)

 

Арьен РОББЕН - «Бавария»

Клубдаги даври: 2009-2019 йиллар

Совринлари сони: 22та (7 карра Германия чемпиони, 4 карра Германия кубоги эгаси, 4 карра Германия суперкубоги соҳиби, 4 карра Лига кубоги ғолиби, ЧЛ ғолиби, Европа суперкубоги эгаси, Клублар ўртасидаги ЖЧ ғолиби)

Йўлида учрайдиганини «мажоқлаб», барча совринларни ўзиники қилувчи «Бавария машинаси»нинг икки буюк афсонаси. Уларнинг йўллари ҳақида узоқ гапириш мумкин, ўйинларидан парчалар кўриш эса янада мароқли. Қаранг, навбатдаги чемпионлик масаласига ойдинлик киритиб берган «Айнтрахт»га қарши ўйин (5:1)да франциялик ҳам, голланд ҳам захирадан майдонга тушди ва 1тадан гол урди. Трибуналардан эса афсоналар шарафига чиройли ва давомли хайрлашув олқиши янгради. Ҳазилкаш Роббен шу куни ҳам «безори»лик қилиш имкониятини қўлган чиқармади. Голланд фахрийси чемпионлик тантаналари чоғи бош мураббий Нико Ковач устидан пиво қўйди. Хорватиялик мутахассис реакциясини назарда тутиб айтсак, у буни сира кутмаганди.

 

Даниэле де РОССИ - «Рома»

Клубдаги даври: 2002-2019 йиллар

Совринлари сони: 3та (2 карра Италия кубоги соҳиби, Италия суперкубоги эгаси)

Де Росси деярли 20 йил давомида «Рома» билан бирга бўлди, бу вақтда кўп нарсаларни бошдан кечирди. У сабр-тоқати билан ҳам мақтовга лойиқ. Ҳар ҳолда, «Рим шаҳзодаси» - Франческо Тоттини нафақага кузатиб қўйиб, сардорлик боғичини ўз қўлига олди. Ҳа, Даниэле ҳисобида совринлар кўп эмас — у жамоадаги дебютини чемпионлик мавсумидан кейин, 2002 йили нишонлаганди. Энг муҳими, де Росси 2006 йили Италия миллий жамоаси сафида ЖЧ олтин медалига сазовор бўлди. Даниэле орада тушунарсиз мавсумларга ҳам юз тутди - уларда асабийлашганидан кўп хатога йўл қўйди, лекин шунда ҳам ибрат бўлишга арзийдиган хатти-ҳаракатлар кўрсатишни унутгани йўқ. Мисол учун, итальянлар ЖЧ-2018 саралаши «плей-офф» босқичида Швеция термаси олдида ожиз қолишганидан кейин «Рома» фахри рақиб жамоа автобусига чиқиб, шведлардан узр сўради. Нега? Гап шундаки, италиялик фанатлар Швеция мадҳиясини ҳуштакбозлик билан қарши олишганди. Бир йил олдин эса «бўрилар» катта жасорат эвазига ЧЛ ярим финалига йўл олишди. Даниэле «Барселона»га қарши кечган сафар ўйинида автогол муаллифига айланди, кейин жавоб баҳсида бутун жамоани бошқариб, 1:4 ҳисобини «босиш»да чинакамига қаҳрамонлик кўрсатди. Мана, «Рома» раҳбарияти фахрий билан шартнома муддатини узайтирмайдиган бўлди. Де Росси эса хайрлашув матбуот анжуманида истамайгина клуб билан ўз қарори (хоҳиши)га кўра, хайрлашаётганини айтди: «Рома»нинг тараққиёт йўналишини тушунаман. Ҳозир 35 ёшдаман, ҳали ҳам футболни яхши биламан, бироқ жамоага ЧЛ йўлланмаси учун курашишда халақит бермаслигим керак. Ўз ўрнида раҳбариятга миннатдорчилик билдираман. Клуб тизимида ишлашга таклиф этишгани учун раҳмат, бу ҳурматга лойиқ муносабат, бироқ ўзимни ҳамон футболчидек ҳис қилмоқдаман».La Repubblica нашри маълумотларига кўра, агар  Антонио Конте «Интер» бошқарувини қўлга олса, Даниэле Милан жамоаси сафига қўшилиши мумкин. Муқобил вариант сифатида «Нью-Йорк Сити», «ПСЖ» ва ҳаттоки, «Манчестер Сити» клублари тилга олинмоқда. Экзотика — Аргентина. Де Росси бу мамлакатга эски таниши, ҳозирда «Бока Хуниорс» спорт директори ролида ишлаётган Николас Бурдиссо чорловига биноан йўл олиши мумкин.

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда www.interfutbol.uz  сайтида ўқийсиз...

Ўқилган: 1456

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Яна "Фиорентина"дан "ўмариш"...
09:20
«Боруссия Д» Клуби «Челси» Футболчисига Қизиқиш Билдирмоқда
09:58
Календарь до конца сезона-2019.
19:30