Люка ДИНЬ: «РАҚИБГА АТАЙИН ЖАРОҲАТ ЕТКАЗАДИГАН ОДАТИМ ЙЎҚ»

Люка Динь 25 ёшни қаршилади. Мана икки йилдирки, Англияда «Эвертон» шарафини ҳимоя қилмоқда. Яқинда у France Football нашрига интервью берди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.

- Аввалига Франция, кейин Италия, Испания, мана энди Англия. Саёҳат қилавериш жонга тегмадими?

- Йўғ-э, ҳаммаси жойида. Англия - бу супер! Ажойиб мамлакат, ажойиб чемпионат. Ҳар бир турни қандайдир номдор жамоага қарши ўтказасиз. Бошқа бундай лига йўқ. Тезлик, яккакурашлар... Балки Испания чемпионати техникага асослангандир. Лекин бошқа ҳар бир соҳада Англия биринчилиги олдинда.

- Ҳақиқатан ҳам тезми?

- Ҳар бир учрашувда 10 миль югурамиз. Доимий равишда яккакурашларда қатнашамиз. Ҳаракатларда вақт­ни ўтказиш деган нарса йўқ. Лекин бу нафақат мухлисларга, балки футболчиларга ҳам ёқади. Масалан, мен бундай футболдан роҳатланаман.

- Футболчиларнинг суяклари тўқнашиши ростми?

- Ҳа. Айниқса, ҳаводаги курашларда бошларимиз кўп тўқнаш келади. Боз устига, бу ерда ҳаводан тўп узатишлар жуда кўп. Яқинда «Ньюкасл»га қарши баҳс олиб борганимизда қаттиқ зарба едим. Рақиб ҳужумчиси Курт Зума иккимизнинг ўртамизга сакради. Мен тўпга бош билан зарба бердим, у эса тирсаги билан менга зарба берди. Танаффусда шифокоримиз ҳаммасини ўрнига келтириб қўйди.

- Шундай футболга тайёрмидингиз?

- Албатта. Ахир Англияда ҳужумчилар охиригача курашиши, ҳеч қачон оёғини тортиб олмаслиги ҳаммага аён-ку. Улар 100 эмас, балки 200 фоиз иштиёқ билан ўйнашади.

- Қўрқинчли бўлмадими?

- Йўқ. Агар қўрқсангиз, икки карра оғрийди. Аммо битта вазиятни унутмайман. Ўшанда «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйнаётгандик. Эшли Янг орқамдан зарба берди. Агар сакраб олмаганимда, товон суягимни синдириб олишим ҳеч гап эмасди. Тўпни қайтармоқчи бўлсам, у довулдек келиб зарба берди. Ҳакамлар эса эътибор ҳам беришмади.

- Наҳотки, Англияда ҳакамлар шунчалик либерал бўлишса?

- Айнан шундай. Бу ернинг футболчи шунақа. Лекин менга ёқади. Ўйин тўхтатилмайди, барчаси динамик тарзда бўлади. Агар мослашиб олсангиз, ҳеч қандай муаммоларга йўлиқмайсиз. Ахир ҳамма бир хил шароитда ўйнайди-ку.

- Демак, Англияда ҳимоячилар қайта ўрганишлари керак экан-да?

- Ҳа. Стандарт вазиятларда бош­қача ўйнашни ўзлаштириш керак. Қўпол тўқнашувлар одатий хол бўлиб қолган. Лекин ҳакамлар ўйинни ҳадеб тўхтатаверишмайди. Шундай экан, зарбани қабул қилишни ёки вақтида сакраб олишни ўрганиш талаб этилади. Икки метрли «шкафлар»га қарши туришни ўрганиш лозим.

- Гавдангиз катта эмас. Ўзингиз айтгандек, зарбани қайтариш учун тренажёр залига тинимсиз борсангиз керак?

- Унчалик эмас, ҳафтада бир кун холос. Тўғри, жиддий машқ қиламиз. Лекин ҳар куни эмас. Агар нимадир камчиликлар бўлса, ҳар куни бориш мумкин. У ерда жисмоний тайёргарликлар бўйича мураббийлар ёрдам беришади. Ҳеч ким сизни мажбурламайди.

- Оёққа зарба беришни ҳам ўргатишадими?

- Йўқ, албатта.

- Англияда анча жиддийлашгансиз. Ўзингизга ҳам шундай туюляптими?

- Йўқ. Балки бироз қўполлашгандирман, лекин унчалик эмас. Оёқда бақувват турадиган бўлдим. Шу, холос. Бировга атайин зиён етказадиган одатим йўқ. Бу менинг характеримга мос эмас. Умуман олганда, бу спорт тушунчасига ҳам тўғри келмайди.

- Англиядаги биринчи ўйинингизни эслайсизми?

- Албатта, эслайман. Пайшанба куни кубок ўйинида майдонга тушдик. Шанба куни эса чемпионат ўйини бор эди. 75-дақиқага келиб, нафас ололмай қолдим. Финиш! Бундай ўйинларга тайёр эмасдим. Лекин бир ҳафтадан сўнг ҳаммаси жойига келди. Ўшанда ўрнимга бошқа футболчи туширишларини сўраганман. Фақат бир оёқда югургандек бўлганман.

- Бу сузишни билмаганни ҳовузга ташлашдек гап экан-да...

- Ундай эмас. Чунки машғулотларда шундай темпга тайёргарлик кўрилади. Бу ерда машғулотлар асосан ўйинга яқин вақтда олиб борилади. Ҳар бир машқлар олдиндан ўйланган. Айниқса, захира ўриндиғида ўтирганларга фойдали.

- Англиядаги стадионларда муҳит қандай?

- О! Шунчаки супер! Ҳамиша стадионлар тўлади. Рақиб «Ньюкасл» бўладими ёки «Манчестер Юнайтед», фарқи йўқ. Фанатлар ўйин бошидан охиригача қўшиқ куйлашади. Ажо­йиб. Ўйин куни футболчилар, мухлислар, умуман, шаҳар аҳолиси руҳан бирга бўлади. Англия футбол мамлакати дейишарди. Шунга ўзим гувоҳ бўлдим.

- Қайси стадион сизга ёқда?

- Ўзимизники. «Гудисон Парк». Ҳақиқий инглизча стадион, анъанавий усулда қурилган. Мухлислар деярли ён чизиқ ёнида ўтиришади. Яъни, футболчилардан бир метр нарида. Ажойиб ҳиссиёт. Бунақаси ҳеч қаерда йўқ.

- Бир метр нарида ўзингизнинг мухлисларингиз бўлгани яхши. Агар рақиб жамоа бўлса-чи?

- Шунақа шовқинки, ҳеч нимани эшитмайсиз. Ҳаттоки, футболчилар бир-биримизни эшитмаймиз. Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Ашаддий рақибимиз «Ливерпул»га қарши «Энфилд»да ўйнаётгандик. Ҳар сафар тўпга тегинганимда трибунадан менга нисбатан ҳайқириқлар бўлди. Лекин бу одатий ҳол. Ҳар нима қилганда ҳам, англиялик мухлислар рақиб жамоа футболчиларини ҳурмат қилишади...

Давоми бор. Ушбу интервьюни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL газетасида ўқишингиз мумкин

 

Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

FUTBOL ва UzReport TV телеканалларининг бугунги дастурлари тўплами
10:34
Сардор Азмун: «Ёрдам бериш – реал бурчим!»
17:07
Калиду Кулибали: «Кетмайман! Ирқчиларга қарши курашаман!»
18:33