Олий лигани Суперлигага айлантирган ЎзПФЛнинг фаолияти ҳақида икки оғиз

Миллий чемпионатимиз савияси, ўйинлар томошабоплигини ошириш, стадионга мухлислар ташрифи, чемпионат учрашувларининг ТВ орқали намойиш этилиши ва шунга ўхшаш қатор мавзулар ҳамиша ўзбек футболи жамоатчилигини қийнаб келган. Шу ва шу каби мавзулар футболни ёритиб борадиган сайт, газета, радио ва ТВ орқали кўп ва хўп ёзилган, муҳокама этиб келинган.  

Чемпионат учрашувларини ўтказишга масъул ташкилот – Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси эса ҳамиша танқид қилиб келинади. Зеро олдиндан ички чемпионатимизда муаммолар етарлича бўлган. Натижада ЎзПФЛнинг аввалги раҳбарияти томон кўплаб танқидий фикрлар билдирилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айни пайтда мазкур ташкилотда янги раҳбарият ва ишчи жамоа фаолият олиб бораётганига ҳам 2 йилга яқин вақт бўлди. Хўш, деярли 2 йил муддат давомида ЎзПФЛнинг янги таркиби нималарни амалга ошира олди ёки нималарни уддалай олмади? Қандай ижобий ўзгаришлар бор-у, қандай масалаларда ҳамон ЎзПФЛ оқсашда давом этмоқда? Миллий чемпионатимиз Олий лигадан Суперлигага ўзгарганидан буён қандай ислоҳотлар қилинди?

Келинг, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси фаолиятини баҳоли қудрат сарҳисоб қилиб кўрамиз.

Ташкилотда ўзгариш юз бериши биланоқ, биринчи галда янги раҳбарият аввалдан асосий муаммо деб санаб келинган клублар инзратузилмасини яхшилаш, стадион ва майдон ҳолатини ижобий кўринишга келтиришга жиддий эътибор бера бошлади. Хаттоки жорий мавсумга келиб стадион ёритиш тизми ҳамда майдони талабга жавоб бермайдиган жамоалар ўз ўйинларини уйда ўтказишига рухсат берилмади. Бунинг самараси ўлароқ Андижонда, Наманганда ва мана эндиликда Қўқондаги стадионлар анча яхши ҳолатга келтирилди. Бу борада қилинган ишлар мақтовга лойиқ экани бор гап.

Яна бир ижобий жиҳат сифатида ўйинлар ташкилотчилиги даражаси кескин ўсганини таъкидлаш мумкин. Зеро эндиликда Суперлиганинг ҳар бир учрашуви ташкилий жиҳатдан Осиё Чемпионлар Лигаси андозаси асосида ўтказилмоқда. Учрашувни яхши даражада ташкил этишга масъул этиб тайинланувчи комиссар учрашувдан бир кун аввал ҳар икки жамоа раҳбарлари, ўйин ўтадиган стадион директори ва клублар администраторлари иштирокида йиғилиш ўтказиши анъана тусига кирди. Йиғилиш давомида ўйинни яхши савияда ўтказишга дахлдор барча масалалар муҳокама этила бошланди. Стадионга мухлислар ташрифи, ўйин учун чиқарилган чипталар, ишқибозлар учун ташкил этиладиган акциялар, жамоалар либослари ранглари, майдон ҳолати, прожекторлар ёритиш қуввати, ва бошқа шу каби масалалар бўйича олдиндан аниқ тасаввурга эга бўладиган учрашув комиссари ўйин куни Суперлига учрашувини худди ОЧЛ баҳси каби ўтказиш учун елиб югурмоқда.  

Жамоаларнинг майдонга чиқиб келиши, майдон марказида чемпионат логотипи акс этган катта баннеринг ёш футболчилар томонидан ҳилпиратилиши, ўйин олдидан жамоаларнинг махсус реклама баннери олдида фотосуратга тушиши анъанаси ҳам бу борада айтишга лойиқ ишлар қилинаётганидан далолат бермоқда.

Шунингдек, ўйин куни жамоалар таркиблари ёзиладиган вароқлар ва ўйиндан кейинги расмий протокол фақат ва фақат компьютерда тўлдирилиши йўлга қўйилди. Бу жуда майда деталь бўлса-да, ОАВ иш фаолияти учун анча қулайликлар яратмоқда. Зеро илгари жамоалар таркиблари қўлда ёзиб келинган. Агар у ёки бу жамоа мураббийининг хуснихати бироз хунук бўлса, жамоалар таркибидаги футболчи исм-шарифини ўқий олмай ҳалак бўлган журналистлар учун ушбу янгилик айни муддао бўлди.

Бундан ташқари ислоҳотларга ўз бағрини оча бошлаган ЎзПФЛ эндиликда ҳомий ташкилотлар билан чин маънода яқиндан ҳамкорлик қила бошлади. Натижада мана 2 йилдирки, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Суперлига баҳслари учун титул ҳомийга эга бўлиб келмоқда. Ҳомийлар билан самарали ҳамкорлик натижасида ЎзПФЛ ташкил топганидан буён илк бора ўзи пул ишлаб топа бошлади.

Бу ўйин куни майдон четига ўрнатиладиган реклама шитларида ҳам ўз аксини топмоқда. Зеро илгари айрим стадионларда бундай реклама шитлари асло бўлмас эди. Баъзи стадионларда эса клубга умуман алоқаси бўлмаган компаниялар логотиплари хўжакўрсинга ўрнатиб қўйиларди. Эндиликда маркетинг бўйича “ишлай бошлаган” ЎзПФЛ майдон четига ўрнатиладиган ҳар бир баннеринг жойлашаидган жойига қадар эътибор қаратмоқда.

Давоми бор ...

ПФЛ фаолиятига доир
Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

"Миллий" стадионида ташкил қилинган ЎФА қошидаги болалар футбол тўгаракларига танлов давом этмоқда
12:28
КХДР устидан қозонилган ғалабада мухлисларнинг ҳам ҳиссаси катта
11:27
Расман! Даврон Шакурбанов ЎзПФЛ бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди
21:18