Эътибор марказимизда - Вадим Абрамов ва Драган Черан ("ИнтерФутбол" блоги)

Апрель ойи ўзбек футболида диққатга молик воқеаларга бой тарзда ўтди. Бир томонда Coca Cola Суперлиганинг навбатдаги тур ўйинлари ўтказилган бўлса, бошқа томондан «Пахтакор» ва «Локомотив»нинг Осиё Чемпионлар Лигасидаги иштирокларини диққат билан кузатдик. Мазкур турнирларда бири-биридан чиройли голлар, ҳаяжонли онлар, тарихий натижалар гувоҳига айландик. «ИнтерФутбол» анъанага мувофиқ, футболчи ва мураббийлар қайд этган кўрсаткичлардан келиб чиқиб, ой лауреатларини аниқлади. Қуйида апрелнинг энг яхшилари билан танишишингиз мумкин.

Айни пайт «Пахтакор» икки фронтда жанг олиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, «шерлар»нинг ички чемпионатдаги ишлари ҳозирча чаккимас, ОЧЛда эса «Ал-Садд»га қарши баҳслардаги очко йўқотишлардан сўнг гуруҳдан чиқиш имконияти бироз пасайди. Шунга қарамай, кейинги учрашувларда масалани ижобий ҳал қилиш Тошкент жамоасининг ўз қўлида. Айниқса, таркибида Драган Черандек савияли футболчиси бор клубдан рақиблар ҳайиқиб туришади. Сербиялик легионер апрель ойида «Пахтакор» сафида 6та ўйин ўтказиб, майдонда 476 дақиқа ҳаракат қилди. Мазкур учрашувларда ўз ҳисобига 2та гол ҳам ёздириб қўйди. Шота Арвеладзе қўл остида позициясини ўзгартириб, бироз орқароқда тўп сураётган футболчи рақиблар дарвозасини ишғол қилишни канда қилмаяпти. Сезганингиздек, бугунги кунда «Пахтакор»нинг алмаштириб бўлмас етакчисига айланган Драган Черан ойнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди.

Пойтахтнинг бошқа бир жамоаси - «Бунёдкор»ни мураккаб вазиятлардан шараф билан олиб чиқиб, «қалдирғочлар» ғалабаларига жуда катта улуш қўшаётган Хуршид Ғиёсов иккинчи ўринни эгаллади. Дастлабки турларда ишлари унчалик юришмаган «Бунёдкор» кейинчалик «Навбаҳор», «Андижон» ва АГМКни мағлуб этди, «Бухоро» майдонида жанговар дуранг қайд этди. Мазкур учрашувларнинг барчасини тўлиқ 90 дақиқа майдонда ўтказган Ғиёсов ўз ҳисобига 4та гол ёздириб қўйди. Дарҳақиқат, маҳоратли ярим ҳимоячи Вадим Абрамов қўл остида кўтаринки кайфиятда тўп суриб, сезиларли ўсишга эришди. Агар Хуршид кейинги ўйинларда ҳам шундай сермаҳсулликни йўқотмаса, Эктор Купер уни терма жамоага номзод футболчилар сафига қўшиб қўйиши, шубҳасиз.

Учинчи ўринга ўзига хос кўрсаткич соҳибини жойлаштирдик. Coca Cola Суперлиганинг жорий мавсуми 3-турида ажойиб натижа кузатилди - АГМК ҳужумчиси Зафар Полвонов «Қўқон-1912» жамоаси дарвозасини бир ўйин-да нақ беш марта ишғол қилди. Тўғри, шундан кейин ўтказилган ўйинларда олмалиқликларнинг омадлари юришмаяпти. Шунга қарамай, олий лига|Суперлигада 2006 йилдан буён илк маротаба кузатилган воқеа қаҳрамонини лауреатлар рўйхатига киритмасак, адолатдан бўлмасди, албатта. Носир Отақўзиев («Нефтчи»), Ҳамдам Раҳмонов («Динамо») ва Ориф Мирзоев («Навбаҳор»)дан кейин «пента-трик» қайд этганлар рўйхати Зафар Полвонов ҳисобига бойиди. Умуман, АГМК форварди камсонли қулай вазиятлардан максимал фойдаланадиган футболчи ҳисобланади. Буни жорий мавсумда ҳам намойиш этмоқда. Айнан қўқонликлар дарвозасига урилган 5та гол Полвоновни тўпурарлар рўйхатида пешқадамга айлантирганди. Таъкидлаш жоизки, Зафар кейинги турда «Локомотив» дарвозасини ҳам бир марта ишғол қилди, лекин мазкур баҳсда унинг жамоаси мағлубиятга учради (1:2).

Умуман, апрель ойида мухлис-у мутахассисларда ёрқин таассурот қолдирган футболчилар бисёр бўлди. Айниқса, «Пахтакор» юрагига айланган Жалолиддин Машарипов, «Навбаҳор»нинг ўзига келиб олишига катта ҳисса қўшаётган Александр Касьян, «Динамо» дарвозасини шараф билан қўриқлаётган Ботирали Эргашев, «Локомотив» учун муҳим голларни ураётган Темурхўжа Абдухолиқовнинг ўйинларини алоҳида эътироф этиш даркор.

Мураббийлар рейтингида Вадим Абрамов биринчи ўринга лойиқ кўрилди. Қўл остидаги таркиб асосан ёшлар эвазига шакллантирилганига қарамай, тажрибали мутахассис уларнинг имкониятидан 100 фоиз фойдаланишга интилмоқда. Юқорида таъкидланганидек, «Бунёдкор» апрель ойида ўтказилган 4та учрашувнинг 3тасини ўз фойдасига ҳал қилиб, 10 очко ишлади. Самарадорлик ошгани мақтовга лойиқ натижа бўлса, «қалдирғочлар» ижросидаги ўйинларнинг сермазмун экани Абрамовнинг фаолияти нечоғли унумли кечаётганидан далолатдир. Ҳар ҳолда, мавсум бошида назардан бироз четда қолган «Бунёдкор»дан айни пайтга келиб барча рақиблар ҳайиқишмоқда. Вадим Карленович қўл остидаги жамоа ҳужумкор футбол кўрсатиб, шунга мажбур қилмоқда.

Бугунги «Пахтакор» кўрсатаётган ўйин кўпчиликда ёрқин таассурот қолдирмоқда. Буни нафақат мамлакатимиз, балки Осиё футболига бефарқ бўлмаганларнинг барчаси алоҳида таъкидламоқда. Албатта, жамоа эришаётган ютуқларда жамоа бош мураббийи Шота Арвеладзенинг ҳиссаси катта. Аввалги ойларда ҳам кучли учликдан жой олган грузиялик мутахассис бу сафар иккинчи ўрин билан чекланди. Coca Cola Суперлигада ишонч билан пешқадамлик қилаётган «Пахтакор» ОЧЛ баҳсларида ҳам ёмон қатнашмаяпти. Айниқса, таркиб жиҳатидан анча кучли бўлган «Ал-Садд»га қарши «шерлар» Европа футболига хос тезкор ва ҳужумкор ўйин намойиш этиб, рақибларини шошириб қўйишди. Фақат тажрибанинг бироз камлиги сабабли сафар учрашувида имкониятни бой беришди. Асосийси, Арвеладзе тўғри йўлдан бормоқда, энди ўз ғояларини шогирдларига тўлиқ етказишни уддаласа, «Пахтакор» билан юксак марраларни забт этишига ишонамиз.

«Шерлар» устозининг собиқ жамоадоши Андрей Канчельскис апрель ойи лауреатлари кучли учлигига якун ясаб беради. Суперлиганинг даст-лабки турларида ғалаба нималигини билмаган «Навбаҳор» кейинчалик ўзини ўнглаб, кетма-кет зафар қучишни уддалади. «Лочинлар» иштирокидаги барча учрашувларнинг томошабоп ўтаётгани, бошқалар ҳам Наманган жамоасидан ўрнак олиши кераклиги кўп таъкидланмоқда. «Навбаҳор» апрелда «Насаф» майдонида ғалаба қозонди, «Сурхон» дарвозасига жавобсиз 3та тўп йўллади, Самарқандда мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатиб, жанговар дуранг қайд этди. Бу эса Канчельскис бошчилигидаги мураббийлар штабининг танқидлардан тўғри хулоса чиқариб, футболчиларни ўйинларга муносиб тайёрлашаётганидан далолат.

Умуман, апрель ойида эътирофга лойиқ бўлган мураббийлар кўпчиликни ташкил этди. Мисол учун, Андрей Шипилов «Металлург»нинг юқори ўринларда юришини таъминламоқда, Даврон Файзиев бошчилигидаги «Динамо» ўз иштироки билан кўпчиликни ҳайрон қолдирмоқда, Андрей Фёдоров қўл остидаги «Локомотив»нинг ўйини ҳам ажойиб. Бу мутахассислар футболчилари билан юқори темпни сақлаб қолишса, кейинги ой лауреатлари рўйхатидан ўрин олишлари шубҳасиз.

Т|р        Футболчи                            Ўйин      Дақиқа             Гол

1.       Драган Черан                      6            476                   2

2.       Хуршид Ғиёсов                    4            360                   4

3.       Зафар Полвонов                 3            256                   6

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда www.interfutbol.uz  сайтида ўқийсиз...

Блоглар
Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Одилдан серия ёки легионерларимизда нима гаплар?
21:43
Яна Роналдунинг турмуш тарзидан “ҳикоя”ча ("ИнтерФутбол" блоги)
05:55
Дмитрий Михайлович блогида. Келишув куни
03:52