Ўзбекистон U21 чемпионати ғолиби АГМК бош мураббийи Аъзамжон Шерғозиев билан суҳбат

21 ёшлилар чемпионатининг 21-турида сафарда тўп суришига қарамай “Бунёдкор” жамоасини йирик (5:2) ҳисобда мағлубиятга учратган АГМК жамоаси муддатидан анча олдин чемпионликни қўлга киритди. Олмалиқликлар 21-турга қадар 21 учрашувдан 16 тасида ғалаба қозонди, учта ўйинни дуранг билан якунлади, атиги иккита учрашувда рақибларига имкониятни бой беришди. “Андижон”, “Турон” ва “Қизилқум” жамоалари билан ўйинларда бир хилдаги (1:1) натижани қайд этган бўлса, “Пахтакор”га 1:2, “Бунёдкор”га эса 0:2 ҳисобда ютқазиб қўйди.  Тўплар фарқи 37-18 ни ташкил этмоқда. Иккинчи ўринда бораётган “Бунёдкор” жамоаси АГМКдан 16 очкога ортда қолмоқда.

Ғолиб жамоани табриклаш ва муваффақиятлар сирини билиш мақсадида АГМК U21 бош мураббийи Аъзамжон Шерғозиевга мурожаат этдик.

- Олмалиқда футболни севишади. Туман ва шаҳар ҳокимияти, айниқса, бош муассисимиз Олмалиқ кон-металлургия комбинати акциядорлик жамиятининг эътибори, қўллаб-қувватлаши натижасида шаҳримизда футбол анча ривожланган. Бош жамоамиз неча йилдирки кучлилар қаторига киришга интилади, Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлган. Футзалчиларимиз бир неча йил пешқадамликни ҳеч кимга бермади. Аёллар футболидаги ютуқларимизни ҳам, насиб қилса узоқ кутмасак керак. Шулар қаторида энди бизнинг 21 ёшлилар жамоамиз ҳам тилга тушадиган бўлди. Биринчи марта муваффақиятга эришдик. Бўлганда ҳам муддатидан бир-икки тур эмас, балки беш тур аввал мақсадимизга етдик.

- Муваффақиятлар бежиз эмас – тажрибали мураббий, етарли шарт-шароитлар, раҳбариятнинг кучли эътибори...

- Ҳақ гап. Аслида 2008 йил АГМКнинг олий лигага чиқишига футболчи сифатида ҳисса қўшганман. Орада “Семурғ”, “Машъал”, “Металлург”, “Зарафшон”, “Трактор”, “Вобкент” жамоаларида ўйнадим. Шукурки, футболчилик фаолиятимни ҳам  2016 йили айнан  АГМКда тугатдим. Ўша йилиёқ мени асосий таркибнинг ёшлар жамоасига мураббийликка жалб этишди. Ёшлар жамоасида бош мураббий Суюн Муртазоевга ёрдам бердим. 2018 йилдан шу жамоада бош мураббийман. Икки йилдирки чемпионатда 4 ва 5-ўринларни эгаллаб келдик. Ютуқларимизнинг сабаби раҳбариятимизнинг эътиборида. Футболчига энг муҳими сифатли майдон ва тўп ҳамда тўйимли озиқ-овқат керак. Бизда буларнинг бари мавжуд. Машғулотларимиз учун алоҳида майдон, четдан келган футболчилар учун ётоқхона хизматимизда. Энг муҳими, бош жамоамиз устози Миржалол Қосимов имкон қадар ҳар ўйинимизга келади, кела олмаган пайтда ёрдамчисини юбориб, доимий равишда маълумотлар билан қизиқади.

- Шогирдларингиздан бош жамоага жалб этилганлар ҳам борми?

- Ишимизнинг асосий мақсади ҳам шу. Айни пайтда асосий таркибда тўп сураётган Жасур Умаров ва  Нодир Абдураззоқов биздан чиққан. Сардор Абдунабиев (“Нефтчи”), Шероз Жалолов (“Янгиер”), Элдор Бегимов (“Олимпик”), Низомиддин Зиёвуддинов (“Турон”) каби шогирдларимиз айни пайтда Суперлига ва Про лига клубларида ижара асосида тўп суришяпти. Бу йил ўзини кўрсатган Бобур Садиров, Суннатилла Абдуғаниев, Искандар Бусинов Миржалол Қосимовга маъқул келиб, келаси йилга катталар сафига қўшилишга тайёргарлик кўришяпти.  

- Қийин кечган ўйинлар...

- “Насаф” ва “Турон” билан ўйинларимиз қийин кечди. Айниқса, “Навбаҳор” баҳси эсда қоладиган бўлди. “Бунёдкор” ва “Пахтакор” эса ҳар доимги жиддий рақибларимиз.  

- Таркибга танлов қай йўсинда амалга оширилади?

- Таркибимизда нафақат 21 ёшлилар, ҳатто 17 ёшли истеъдодли футболчилар ҳам бор. Мақсадимиз – уларни сақлаб қолиш. Таркибни эса 18 ёшлилар гуруҳидаги ўсмирлар, вилоят биринчилигида қатнашувчи “Олмалиқ” жамоасининг ёшлари ва яна турли турнирлардан  эътиборимизни тортган ёшларни жалб этамиз. Қолаверса, республика бўйича бир қатор мураббийлар ҳам ўз шогирдларини тавсия этади. Талабимизга жавоб берганларини олиб қоламиз.

- Келгуси режалар...

- Чемпион бўлишдан кўра уни сақлаб қолиш қийин, дейишади. Бор кучимиз билан шунга ҳаракат қиламиз. Олиб бораётган меҳнатимиз тасодиф эмаслигини исботлаш асосий мақсадимиз бўлади.

Ўқилган: 2474

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Евро-2020га йўл олган 20 жамоа номи маълум
10:14
Бекхэм Мбаппега ҳамкорлик таклиф қилмоқчи
15:01
Coca Cola Ўзбекистон кубоги ярим финалига 12 декабрь куни қуръа ташланади
19:23