Фавқулодда янги тўпурар ёхуд Илкай Гюндоган ҳақида "бадиа"...

Хосеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си жорий мавсум ажиб сценарий асосида ўйнамоқда: «шаҳарликлар» АПЛ стартида бирин-кетин очколарни бой бериб, ҳаттоки, турнир жадвалининг иккинчи ярмида юришди, кейин бир силкинишдию, барчасини жой-жойига тушириб қўйишди. Энди Гвардиола жамоасининг яна тахтга кўтарилишига ҳеч кимда ортиқча шубҳа қолгани йўқ. Ҳозирги ҳолатнинг асоси - мислсиз ғалабали серия, ажойиб маҳсулдорлик ва метин ҳимоя. «Сити» бош мураббийи шиддатли мавсум аро кутилмаган, фавқулодда қаҳрамонни ҳам кашф этди: Илкай Гюндоган. Ҳа, «Манчестер Сити»да тўпурарлик маёқи қайсидир ҳужумчида эмас, балки бунга қадар гол уришда алоҳида ажралиб турмаган германиялик турк қўлида! У орада деярли «бир нафас»да 11та голга муаллифлик қилди.

Кучли қўзғалиш

Диққат қилинг, Илкай Гюндоган бутун фаолияти давомида бир мавсумда 6тадан кўп гол урган эмасди! Унинг «Гол}пас» тизими бўйича рекорд кўрсаткичи «3}4» бўлиб, бу мавсум-2014|2015да қайд этилган. Ярим ҳимоячи ўшанда «Боруссия» Д. таркибидаги 23та ўйинда шундай натижа кўрсатганди. Шу фактнинг ўзи унинг ҳозирги кўрсаткичи салмоғини янада оширади. Энди эътибор қаратинг: Илкай жорий мавсум «шаҳарликлар» сафидаги дастлабки 21та ўйинда 11та гол ва 1та самарали узатма муаллифига айланиб улгурди - 12 балл. Ваҳоланки, Гюндоган илк голини 15 декабрь кунига келибгина нишонлади. Аниқроқ айтсак, у «Вест Бромвич»га қарши баҳсда ўзини кўрсатди. Энг қизиғи, «Манчестер Сити» АПЛда рекорд даражадаги ғалабали одимини айни ўша учрашувдан кейин бошлади. Гюндоган эса 2021 йилга кучли «зарб» билан киришиб, қисқа муддатда 9та гол урди. Ярим ҳимоячи ҳаттоки, маълум муддат Европанинг кучли 5та лигаси вакиллари орасида янги йилнинг бош тўпурари мақомида ҳам юрди.

 Гюндоганнинг АПЛдаги голлари

**«Вест Бромвич». Раҳим Стерлинг жарима майдони ичига ёриб кириб, тўпни марказга оширди. Гюндоган бўш ҳудудга чиқиб борди ва тўпга бир тегиниш усули билан дарвозани ишғол қилди.

**«Ньюкасл». Яна Раҳим Стерлинг. У бу сафар майдон бурчагидан дарвозага яқинлашди ва бир зум тўхтади. Хуллас, ҳимоячилар ва дарвозабонни ўзига жалб этганидан кейин тўпни Илкай томон йўллади. Натижада Гюндоган яна бир тепар усулини ишга солди, бу вақтда кипер ўз позициясини йўқотиб қўйган ва дарвозада бир неча ҳимоячилар «терилиб» туришганди.

**«Челси». Илкай тўпни жарима майдони чизиғи атрофида қабул қилиб олди, қаршисига чиққан ҳимоячи олдида бир айландию, дарвозанинг олис бурчагини аниқ нишонга олди.

**«Кристал Пэлас». Ярим ҳимоячи жарима майдони яқинида тўп учун курашга киришди ва уни эгаллаб олгач, ўнг оёғи билан айланма зарба берди. Самара - тўп дарвозанинг олис бурчагига тушди.

**«Астон Вилла». Гюндоган шунчаки, пенальтидан унумли фойдаланди.

**«Вест Бромвич» («дубль»). Тезкор ҳужум чоғи тўпни жарима майдони яқинида олган Илкай чизиқ устида тўхтаб, вазиятни ўрганди ва тўпни ўнг оёғи билан олис бурчакка «ташлади». Иккинчи гол: рақиб ўйинчисидан тўпни тортиб олгач, бир ҳимоячини алдаб ўтди ва уни яна олис бурчакка «қадади», фақат бу сафар ўнг эмас, балки чап оёғи билан.

**«Ливерпуль» («дубль»). Гюндоган аввалига жарима майдони марказида дарвозабондан қайтган тўпга эга чиқиб, уни ўз «манзил»ига равона қилди. Ке­йинги голида эса, жамоадоши узатмасидан сўнг тўпни шунчаки, бўш қолган дарвозага буриб қўйди.

**«Тоттенхэм» («дубль»). Жарима майдони марказида тўпни эгаллаб, ён томонга икки қадам ташлади ва яқин бурчакни мўлжалга олди. Кейин дарвозабон Эдерсоннинг ажойиб узатмасидан фойдаланиб, «дубл»ни расмийлаштирди. Бунда ҳимоячилардан бирини алдаб ўтди ва рақиб киперига ҳам иш қолдирмади.

Бошқа позиция

Самарадорлик асоси шуки, Гюндоганнинг позицияси ўзгар­-ди - у эндиликда кўпинча ҳужум чизиғига яқин ҳудудда ҳаракатланмоқда. Футболчининг ўйинидаги ўзгаришга Хосеп Гвардиола «Тоттенхэм»га қарши кечган баҳс­дан кейин алоҳида изоҳ ҳам берди: «Илкай охирги вақтларда рақиб жарима майдонига яқин ҳудудда тўп сурмоқда. Сафимизда Фернандиньо бўлмаган икки мавсумда эса, асосан таянч ярим ҳимоячиси ўрнида ҳаракатланган эди. Тушунарлики, бу позиция вакилининг гол уриши анча қийин масала. Энди Гюндоган ҳужумчи ёнида ўйнамоқда. Асосийси, унда жарима майдони ичида самарали ҳаракатланиш қобилияти бор. Шунингдек, дарвозабондан қайт­ган тўпни эгаллаб олиш сезгиси ҳам кучли. Мана, «Тоттенхэм» дарвозаси томон йўллаган 2-голини олайлик: ҳаттоки, Уго Льорис ҳам бундай зарбани бартараф этишга ожиз». Гюндоганнинг ўзи ҳам ҳужумда қатнашишни ёқтиришини тасдиқлади: «Эҳтимол, гол уришга ташналигим айнан шу мавсум юзага чиқаётгандир. Умуман олганда, доимо керакли нуқтада пайдо бўлишга интиламан».Энг асосий жиҳат шуки, Илкай ҳужумда фаол иштирок этиш баробарида ҳимоячиларга ҳам талаб даражасида кўмаклашишни ўрнига қўймоқда. Ҳар ҳолда, ҳаракат йўналишини диққат билан кузатсангиз, доимо ортга қайтиб, рақиблар билан тўп учун курашишини осонгина сезасиз. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Гюндоган ўйин жараёнида бошқа марказий ярим ҳимоя­чиларга нисбатан анча кўп югуради, яна бўш ҳудудларга интилиши кучли, бунда тўғри позицияни тез илғайди. Шу хусусияти ўлароқ, зарур паллада ҳаттоки, олдинги чизиққа ҳам етиб боради. Мураббийнинг фикрича, Илкай айнан тиним билмаслиги ва ўйин ҳолатларига боғлиқ уқуви эвазига «Сити»нинг ҳаракат суръатига ижобий таъсир кўрсатмоқда....

Давоми бор. Ушбу мулоҳазани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...

Ўқилган: 1474

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

В зале Академии ФК "Бунёдкор" проходит молодёжное женское первенство страны.
19:51
Евро-2020 Саралаш Босқичи Черногория – Англия: Таркиблар!
00:02
"Манчестер Сити" - "Манчестер Юнайтед". Таркиблар эълон қилинди
21:39