Ишчи гуруҳнинг Фарғона водийсидаги сафари ниҳоясига етди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ Фарғона водийсидаги сафарини якунлади.

Вазирлар Маҳкамасининг Спорт ва туризмни ривожлантириш масалалари котибияти Бош мутахассиси, ишчи гуруҳ раҳбари Р.Талипов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Р.Ирматов, МОҚ Бош котиби О.Касимовдан иборат гуруҳ дастлаб Наманган вилоятида бир қатор шаҳар ва туманларда бўлиб, жойлардаги спорт инфратузилмасини тубдан ўрганди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳам бўлди. Эслатиб ўтамиз, мутасаддилар ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги ПҚ–2821-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 августдаги “Ўзбекистонда 2025 йил ёшлар ўртасида IV Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида”ги 468-сон қарори ижросининг бориши билан танишдилар.

Жумладан, ишчи гуруҳ Андижон шаҳри ва бошқа ҳудудлардаги футбол маҳорат мактабларида болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш учун яратиб берилган шароитларни кўздан кечиришди. Шунингдек, мутасаддилар футбол мактаби тарбияланувчиларининг машғулот жараёнини кузатиб, уларнинг келажакдаги мақсадлари ҳақида суҳбат ўтказишди. Қолаверса, Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларида иштирок этиши мумкин бўлган 2011 йилда туғилган футболчилар билан ҳам кўришиб, уларга ўз устида қаттиқ ишлаб, терма жамоа сафидан ўрин олишга ҳаракат қилиш даркорлиги таъкидлаб ўтилди.

Сафар давомида Равшан Ирматов Андижон вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциациясининг раиси Шуҳрат Абдурахмоновга вилоятда футболнинг оммавийлигини ошириш йўлида амалга ошираётган ишлари учун ЎФАнинг ташаккурномаси ва эсдалик совғасини топширди.

Фарғона вилоятида ҳам мавжуд спорт иншоотларининг бугунги ҳолати, жумладан вилоят футбол маҳорат мактаби ҳамда Oлимпия захиралари мактаб интернатида ёшларимизга яратиб берилган шароитлар, машғулот ўтиш заллари ва уларнинг жиҳозланишидан тортиб ҳаттоки ёш спортчилар қандай овқатланиши, берилаётган таомларнинг сифати ҳам жиддий ўрганилди. Бу борада зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди. Шу билан бирга чекка ҳудудлардаги спорт иншоотларининг ҳолати ҳам танқидий кўриб чиқилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров билан ҳам учрашиб, вилоятда жисмоний тарбия ва спортга берилаётган эътибор, айниқса Токио Олимпиадасига йўлланма олган ва лицензия учун кураш олиб бораётган спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлари учун унга миннатдорлик билдиришди. Суҳбатда келгусида ҳам Фарғонадан ажойиб спортчилар етишиб чиқиши учун ҳудудда барча шароитлар етарли эканлиги, энг муҳими вилоят ҳокимлиги томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасига жиддий эътибор қаратилаётганлигини алоҳида эътироф этилди.

Шунинг билан ишчи гуруҳнинг Фарғона водийси вилоятларини ўрганиш жараёни якунига етди.

Ўқилган: 869
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Токио-2020 лицензиатимиз Олма-отадаги турнирда зафар қучди
18:01
Олимпиада чемпиони “Giro Rosa”да яна ғалаба қозонди
08:43
Ўзбек боксчилари жаҳон рейтингларида
12:03