Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда «Ёшлар форуми»да белгилаб берган вазифалари ижросини таъминлаш юзасидан ёшлар тарбиясига масъул бўлган раҳбарлар учун давлат идоралари раҳбарлари иштирокида икки кунлик ўқув-семинари бўлиб ўтди. Мазкур семинар давомида бир қатор соҳалар қатори спорт йўналишида ҳам Президентимиз томонидан илгари сурилган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида аҳамият берилди.
Спортчиларнинг мусобақаларда юқори натижалар қайд этишида шубҳасиз, уларни қўллаб-қувватлаб турувчи мухлисларнинг ўрни катта. Футбол мисолида айтиб ўтишимиз мумкинки, терма жамоа ва клубларнинг махсус мухлислар жамоаси майдонда ҳаракат қилаётган ўйинчиларни руҳлантиришда доим фаол.
Семинарда иштирок этган МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда бошқа бир қатор ташкилотлар мутасаддилари оммавий спорт тарғиботи бўйича кўплаб истиқболли режалар хусусида фикр алмашишди.
Суҳбат давомида 10 январдан бошлаб ўтказиладиган асосий Республика мусобақалари, шунингдек, юртимизда ўтадиган халқаро мусобақаларда ёшлар иштирокини кўпайтириш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, ёшларни спортга кенг жалб қилиш бўйича Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш мавзуси алоҳида муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоиз, ҳар бир спорт турларида фан-клублар ташкил қилиш ва «Соғлом турмуш тарзи» электрон платформасини яратиш ғоялари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Йиғилиш иштирокчилари бу борада ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, якунда мазкур ташаббус қўллаб-қувватланди. Суҳбат якунида мазкур ташаббусни январь ойининг ўзида бўлиб ўтадиган мусобақаларда синовдан ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Оммавий спорт тадбирларида ёшлар иштирокини янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди
Ўқилган: 1222