Тезроқ, баландроқ ва кучлироқ бўлинг, Санта!

Қизиқарли бир факт: “Форбс” журнали бир пайтлар Санта-Клаусни (маълумки, бизнинг Қорбобо ғарбий яримшар давлатларида айнан шундай ном билан танилган) хаёлий, ўйлаб топилган персонаж сифатида тан олишдан бош тортган. Сабаби, замонавий дунёда Санта-Клаус – бу касб, унинг маҳоратини доимий равишда тасдиқлаш ва такомиллаштириш керак. Қорбоболар ҳар йили дунёдаги ўнлаб парадларда қатнашадилар. Ёзда улар Дания давлатида бўлиб ўтадиган Халқаро профессионал конгрессда йиғилишади, ҳар йили ноябр ойида эса Швециянинг Гелливаре шаҳрида бўлиб ўтадиган “Санта қишки ўйинлари” (Santa Winter Games)да эпчиллик ва маҳорат бўйича ўзаро рақобатлашадилар.

Мазкур ўйинлар илк бор Гелливаре шаҳри яқинидаги ўрмонда жойлашган Қорбобо саройида бўлиб ўтди ва уни ташкиллаштиришдан асосий мақсад – болаларнинг кўнглини кўтариш ва христиан динидаги “Рождество” байрами кайфиятини шаҳар аҳолиси орасида тарқатиш эди.

Aммо ўйинлар шунчалик кўтаринки руҳда ва ўта кулгили ўтказилдики, 2003 йилда бу қувончни бутун дунё билан баҳам кўришга қарор қилинди: Олимпиада Гелливаре марказига кўчиб ўтди ва турли мамлакатлар – Дания, Исландия, Норвегия, Швеция, Буюк Британия, Финляндия, Испания, Франция, Эстония, Россия ва бошқа давлатлардан келган ўнлаб Санта-Клаусларнинг учрашадиган жойига айланди. Ўшандан бери Aёзли ўйинлар ҳар йили ўтказиб келинмоқда.

Мазкур Олимпиада Қорбоболар учун зарур бўлган касбий маҳорат билан боғлиқ турли хил мусобақалардан иборат: ўчоқ (печка, камин) қувурларидан тепага ва пастга ҳаракатланиш, болакайларга эртак айтиш, байрамона қўшиқ ва рақсларни ижро этиш, совғаларни зарқоғозларга ўраш, “Рождество бўтқаси”ни тез истеъмол қилиш, фин чаналари ҳамда кийик чаналари пойгаларида қатнашиш.

Санаб ўтилган мусобақаларнинг энг кўпида ғолиб бўлган ва максимал балл тўплаган қаҳрамон турнир ғолиби деб эълон қилинади ва “Йил Санта-Клауси” унвони билан тақдирланади.

Қизиқарлиси, 2004 йилда Данияда бўлиб ўтган Бутунжаҳон Санта-Клауслар Конгрессида кийик чаналари пойгасини ҳақиқий Олимпия спорт турига айлантириш ғояси муҳокама қилинган. Ўша пайтда Конгрессга раислик қилган даниялик Курт Флеминг, кийик чаналари жуда яхши Олимпия спорт тури бўлиши мумкинлигини таъкидлади. «Биз, Янги йил сеҳргарлари, футбол юлдузлари сингари машҳур бўлмаслигимиз мумкин, – деб фикр билдирди у, – лекин бизни дунёнинг барча бурчакларида болакайлардан бошлаб то қарияларгача ҳамма яхши кўради. Бу дегани – бизнинг спорт туримиз ҳам Халқаро Олимпия қўмитаси қарамоғидаги дастурларга кириш ҳуқуқига эгадир. Лекин, шу билан бирга, битта кичик муаммомиз бор – «боболар»нинг кўплари 100 килограммдан ортиқ вазнга эга. Олимпиячилар сафига киришни истасак – бизга бироз ориқроқ ва жисмонан келишган Санта-Клауслар кўпроқ керак бўлади», – деб ҳазиллашди ўшанда Флеминг.

Ўйинлар давомида Гелливаре “Рождество” байрамининг ҳақиқий пойтахтига айланади. Шаҳарда ярмарка очилади, у ерда байрамона таомлардан баҳраманд бўлишингиз, сувенир ва эсдалик совғаларини олдиндан сотиб олишингиз, “Рождество” ҳақидаги ҳикояларни тинглашингиз мумкин. Шунингдек Сантанинг почта киоскаларидан фойдаланиб, дунёнинг исталган нуқтасига табрикномаларни ёки Санта-Клаусга совға тилаги билан хат юборишингиз мумкин.

Бундан ташқари, Олимпиада доирасида “Рождество” куй-қўшиқлари ҳамда шўх ва оташин “Санта-рок» ижро этиладиган мусиқа фестивали, шунингдек, машъалали юришлар ва турли ўйинларда иштирок этишингиз, музли конькида, чанғи ва чаналарда тўйиб учишингиз мумкин.

Энг асосийси, мўжизали “Рождество” ҳамда Янги йил билан боғлиқ кўтаринки, байрамона кайфият ила соғлом ва фаол турмуш тарзига риоя этишни унутманг. Кириб келаётган Янги йилингиз муборак бўлсин!

МОҚ Ахборот таҳлил-департаменти директори Рустам Туктамишев

Ўқилган: 888
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Пойтахтимизда хорижлик спорт шифокорлари иштирокида халқаро анжуман ўтказилмоқда
16:01
Япония чет эл спортчилари учун карантин юмшатилиши чораларини бекор қилди
12:43
Кун тарихи: Рио-2016 ва Пекин-2008 Олимпиадаларининг медаллари, Осиё ўйинларининг очилиши
21:09