
Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳужумчиси Эрлинг Холанд аввалги ҳафта Golden Boy-2020 совринини расман қабул қилиб олди. Норвегиялик иқтидор соврин билан тушган суратини «Твиттер»даги саҳифасига қўйиб, қисқача изоҳ ҳам ёзди: «Албатта, мукофот олганим билан фахрланаман, бу - янада каттароқ марраларга интилиш учун кучли мотивация. Янги мақсадлар сари олға боришни хоҳлайман». Маълумот учун, Golden Boy Европанинг кучли 5та лигасида ўйнайдиган йилнинг энг яхши ёш футболчиси (21 ёшгача)га берилади.
Энди лауреат шарафига унинг шу кунгача қайд этган баъзи натижаларига тўхталамиз. Айтиш керак, Криштиану Роналду ва Лионель Мессининг рекордлари «қимирлаб» қолди аллақачон...
ЧЛдаги дебют мавсумида 10та гол (мавсум-2019|2020)
Ўтган мавсум ЧЛ тўпурарлар пойгасида «Бавария»нинг 10та ўйинида 15та гол урган Роберт Левандовски ғолиб чиқди. 2-ўринга ҳам Германия клуби вакили жойлашди - Дортмунд «Боруссия»сининг янги етакчи голеадори Эрлинг Холанд. Аслида норвегиялик вундеркинд ЧЛдаги дебютини Австриянинг «Зальцбург» жамоаси нишонлади. Кейин «Боруссия» Д. сафига қўшилиб, «плей-офф» раундларида ҳам гол уришни давом эттирди. Хуллас, мавсумдаги умумий статистикаси шунчаки, фантастик кўриниш олди: 8та ўйинда 10та гол! Диққат қилинг, Холанд ЧЛдаги илк мавсумида ўртача ҳисобда ҳар 55,4 дақиқага тенг ўйин вақтида 1та гол урди. У бу борада 1та голга ўртача ҳисобда 59,1 дақиқа сарфлаган Левандовскидан ҳам олдинда!
ЧК|ЧЛдаги дебют мавсумида 10тадан кўп гол урган 5-футболчи (мавсум-2019|2020)
ЧЛдаги илк уринишда 10та гол ҳосил қилган Холанд нуфузли турнирнинг бутун тарихидаги энг сермаҳсул 5 нафар дебютант қаторига кирди. Қолаверса, у мавсум-1958|1959да Жюст Фонтен («Реймс») асос солган фахрий клубга аъзо бўлган энг ёш футболчидир. Эслатма, 2017|2018 йиллар мавсумида «Ливерпуль» ҳужумчилари Садио Мане ва Роберто Фирмино ҳам ЧЛдаги дебютини 10тадан гол билан безашганди. Рекордчи - швейцариялик Клаудио Сульсер эса, мавсум-1978|1979да «Грассхоппер» учун 11та гол урган. Тўғри, Сульсернинг 6та голи биргина «Валетта» (Мальта)га қарши ўйинларга тўғри келади. «Грассхоппер» камтарин рақибни 2та ўйинда нақ 13та гол билан «сийлаганди».
ЧЛ-2020|2021да 6та гол
Эрлинг - ЧЛ жорий мавсумининг энг сермаҳсул футболчиларидан бири. Норвегиялик ҳужумчи дастлабки 4та учрашувда жами 345 дақиқа ҳаракатланиб, 6та гол урди. Қисқаси, Холанд ЧЛда 1та гол учун ўртача ҳисобда бир соатдан камроқ вақт сарфлаяпти. Жорий мавсумда ҳар 57,5 дақиқада 1та гол, умумий олганда, ҳар 56,2 дақиқада. 12та учрашувда 16та гол - шунчаки, супер! ЧК|ЧЛ тарихидаги тўпурар-лар рўйхатига назар солсак, Эрлинг ҳозирнинг ўзида энг кўп гол урган 100 нафар футболчи рўйхатига кирди. У голлари сони бўйича Дэвид Бекхэм, Гути, Дрис Мертенс ва Баллак билан тенглашди. Павел Недвед, Зайниддин Зидан, Кенни Далглиш, Роналдо, Мирослав Клозе, Давид Вилья каби кўплаб юлдузлар эса энди норвегияликдан орқада. Ҳа, Холанднинг суръати ҳаттоки, бироз қўрқинчли туюлмоқда. Ахир 20 ёшли йигитча ЧЛ суперфаворитлари таркибида ўйнамасдан туриб, кўплаб афсонавий ҳужумчиларни ортда қолдиришга улгурди.
ЧЛда энг қисқа вақтда 15та гол (12та ўйинда)
Холандни буюклар билан таққослаш имконини берадиган яна бир кўрсаткич. Унинг ЧЛда 15та гол маррасига етиши учун 12та ўйин кифоя қилди. Бу борада олдинги рекорд Рууд ван Нистелрой ва Роберто Сольдадога тегишли эди. Улар 15-голларини 19-ўйинда нишонлашган. Дейлик, бу марра йўлида Гарри Кейн ва Андрей Шевченкога 20та, Роберт Левандовскига 25та, Неймарга 26та, Килиан Мбаппега 27та, Лионель Месси ва Карим Бенземага 29та ўйин керак бўлган. Турнирнинг энг яхши тўпурари - Криштиану Роналду эса 51-ўйинидагина 15та гол маррасини забт этган. Умуман, Холанддан олдин ҳеч ким илк 10та учрашувда 11тадан кўп гол урмаганди.
Норвегия термасининг 7та ўйинида 6та гол
Эрлинг Холанд миллий жамоасида ҳам жадал старт олди. Тўғри, у 2019 йили Норвегия термаси таркибидаги дастлабки 2та ўйинда ўзини кўрсатолмади. Лекин бу йил 5та учрашувда 6та гол урди: жумладан, 1тадан «дубль» ва «хет-трик» қайд этди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, у карантин туфайли ноябрь ойида Руминия ва Австрия термаларига қарши учрашувларда қатнашмади. Акс ҳолда, ҳозир статистикаси янада савлатли кўринармиди...? Дарвоқе, Норвегия термаси тарихидаги энг яхши тўпурар Йерген Юве ҳисобида 33та гол бор. Оле-Гуннар Сульшер ва Туре-Андре Флу 23та, Жон Карью эса 24та гол маррасида тўхташган. Йўқ, гап Холанднинг уларга етиб олиш-олмаслиги ҳақида эмас, балки ўша вақт қачон келишида...
«Мольде», «Зальцбург» ва «Боруссия» Д. таркибидаги 108та ўйинда 82та гол....
Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...