Миржалол Қосимов: Намангандаги баҳслар доимо шиддатли ва қизиқарли кечган

Coca Cola Суперлига 25-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – АГМК (0:0) жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида олмалиқликлар бош мураббийи  Миржалол Қосимов иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Қуйида унинг фикрлари билан танишасиз.  

- Ўйин борасида тўхталадиган бўлсам, Наманганда “Навбаҳор”га қарши кечадиган баҳслар доимо  шиддатли ва қизиқарли тарзда кечган. Наманганда ғалаба қозониш осон эмас. Боиси, жамоанинг ашаддий мухлислари, яъни, 12-ўйинчиси бор. Албатта, футбол мухлислар учун ўйналади.

Бугунги ўйин ҳам жуда кескин курашлар остида ўтди ҳамда ҳақли  равишда дуранг ҳисоби қайд этилди.

Шунингдек, фурсатдан фойдаланиб, АГМКнинг жорий мавсумда бронза медалини қўлга киритганлиги билан мен билан бирга фаолият олиб бораётган жамоа мураббийлар штаби,  футболчилар, шунингдек, клубнинг барча ходимлари, бундан ташқари, Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати ишчиларини ҳам табриклайман. Ушбу зафаримизда уларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.

Жамоанинг ўтган йилги натижалари яхши бўлмаса-да, улар менга ишонч билдиришди. Бу авваламбор уларнинг ютуғи.

Бугун ҳимоявий тактика танламадик, акс ҳолда, 5 нафар ҳимоячи билан ўйнаган бўлардик. Бизга ғалаба керак эди, ютуқ учун майдонга тушгандик. Рақибимиз эса “Навбаҳор” эди, жамоа етарли қаршилик кўрсатди.

Аввал айтганимдек, Наманганда мухлислар бор, улар мунтазам равишда футболчиларни олдинга чорлаб туришади, шу боис, бизга осон бўлмади. Тўлиқ ҳимояда ўйнаб бўлмайди, қайсидир паллада “Навбаҳор” ҳам ҳимояланди.

Эҳтимол, бугунги ўйинда ҳакамлар қандайдир хатоларга йўл қўйишгандир. Улар ҳам инсон, балки камчилик бўлгандир, лекин бунга урғу бермоқчи эмасман.

Ўзбекистон кубоги ўйинлари финали Наманганда ўтади, демак, мазкур турнирнинг ҳал қилувчи ўйинини ўтказиш учун бу ерга келиш ниятимиз бор. Кейинги йили “Пахтакор” бош мураббийи бўлишим мумкинлигидан ўзимнинг хабарим йўқ. АГМК раҳбарияти билан гаплашганмиз, янги мавсумда ҳам жамоада қолиб, ишлаш ниятим бор.

Миллий терма жамоамиз ўйинларига муносабатимми? Пандемия туфайли вазият ўзгариб кетди, кўп яқин инсонларимизни йўқотдик. Жумладан, бу вирус футболни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Терма жамоамиз бу йил расмий ўйинлар ўтказгани йўқ, фақат ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилмоқда, шу боис, терма ҳақида нимадир дейишим қийин.

Мураббийнинг вазифаси футболчиларни саралаб олишдир. Аксарият ўйинчилар ташқаридан қараганда яхшидек кўринаверади, ўз клубида чиройли тўп суради, аммо миллий жамоа таркибида бошқа одамга айланиб қолади. Шунинг учун ҳозирдан бир нима дейишим мушкул.

Ниятим – термамиз чиройли ўйинлар кўрсатиб, жаҳон чемпионатига чиқсин. Барчамиз шуни хоҳлаймиз.

Диего Марадона ҳақида тўхталадиган бўлсам, у ўз даврининг моҳир футболчиси эди. Марадона ўз меҳнати билан бутун дунёда из қолдирган футболчи. Чиндан ҳам бир пайтлари Марадонага ҳавас қилганмиз, сочларимизни уникига ўхшатишга интилардик. Мени ҳам “Оқтепалик Марадона” деб чақиришарди, “Йўқ, мен Миржалол Қосимовман”, дердим. Диего Марадонанинг вафоти барчага бирдек таъсир кўрсатди, футбол ҳақиқий фидойисидан айрилди.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Ўқилган: 554
Миржалол Қосимов

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Роналду 10-маротаба Португалияда энг яхши ўйинчи деб тан олинди
07:38
Ван Перси дунёнинг энг кучли футболчиларини айтиб ўтди
07:46
Хави: Қатарда яшаш жуда осон. Бу ерда жиноят йўқ, ҳаттоки эшикларнинг калити йўқ
11:14