Суронли воқеалар ичра яшаётган Сурия термаси Вадим Абрамов бошқарувидаги бош жамоамизни енгди. Мухлислар кўнглида яна ғул­ғула: бу кетишда футболчиларимиз Саудия Арабистони терма жамоасини мағлубиятга учратадиган даражага кўтарила олишадими? Қандай қилиб хотиржам бўлишсин ахир?! Ўтган мавсум якунида аламли тарзда Саудия Арабистони термасига ютқазган таркиб жузъий ўзгаришларга учраб, бу йил кузда навбати билан форс ва Шом футболи қаршисида ожиз қолди...

Ажабланарлиси, футболчиларимиз ёмон ўйнашмаяпти. Бир йил аввал ҳам улар ғалаба учун астойдил интилишганди. Ўтказилган сўнгги ўртоқлик учрашувларида ҳам сидқидилдан тўп суришди майдонда. Афсуски, шу пайтга қадар ЖЧ-2022 саралашига тааллуқли икки муҳим расмий учрашувда имкониятни бой беришди. Орадан бир йил ўтди. Вадим Абрамов борки ўйлаганларини Эрон термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида синаб кўрди. У ўша баҳсда кўпчилик истаган ва ўзи ҳам кўнглига туккан кучли таркибни майдонга туширди. Бошқаларни билмадик, бизнингча, Вадим Карленович Эрон термасига қарши барча имкониятларни ишга солди, мазкур учрашувга расмий ўйин сифатида ёндашди. Яъни ўша «ўртоқлик» орқали асосий таркибни бар­қарорлаштиришни режалаштирди. Режа эса ўзини оқламади. Терма жамоамиз ўйинида бир йил аввалги ҳолатга нисбатан ўсиш, юксалиш сезилмади. Жуда аламли, албатта. Шунча тайёргарлик, меҳнат, ўй-фикр иш бермади. Мураббий сифатида Вадим Абрамовни тушуниш мумкин. У ичидан нималар ўтганини оммага сездирмади.

Фикримизча, Абрамов ўша куни келгусида бошқача йўлдан бориш лозимлигини тушунди. Хўш, бош мураббий қайси хатоси ҳақида ўйлаган бўлиши мумкин? Назаримизда, Вадим Карленович Эрон термасига қарши тўп сурган кучли таркибнинг имкониятига ортиқча ишониб юборди. Ҳа, у юқори потенциал соҳиби саналган футболчилар ижобий натижа қайд этишларига ишонди. Бироқ мураббийлик борасидаги тажрибалари панд берди. У ўзига ўзи алданганини ҳаммадан аввал англади. Акс ҳолда, футболчиларга кўпроқ «Бавария» иштирокидаги ўйинлар томошасини тавсия қилмасди. Газетамизнинг аввалги сешанба кунги сонида бежиз ҳиссиётлар, ҳавойи ёндашувлар хусусида ёзмагандик. Бугун Вадим Абрамовни ички кечинмалар қийнамоқда. У ўзи кўниккан, ўзи ўрганган футбол орт­да қолгани, ёндашув бобида янгиланиш зарурлигини тушуниб турибди. Бироқ янгиланиш масаласида кечикмадими? Бошқача айтганда, Абрамов ўтган мавсум якунида қандай бўлса, ҳозир ҳам шу аҳволда. Ҳаммасини яна қайтадан бошлаш керак. Аччиқ ҳақиқатни тан олайлик, терма жамоамиз учун қимматли бир йил шунчаки, кўкка совурилди.

Вадим Абрамов энди мавжуд бўшлиқни терма жамоада тўп суришга интилаётган ёшлардаги кучли иштиёқ эвазига ёпмоқчи. Ана, ўзини кўрсатишни истаган Абдувоҳид Неъматов пенальтини тўсди. Тиниб-тинчимас Ҳожимат Эркиновнинг зарбаси 2 марта дарвоза тўсинига тегди. Яхши! Ёшлар эътиборга тушиш учун интилишмоқда. Бунинг учун уларни олқишлаймиз. Лекин бу йигитларнинг қайси рақибга қарши шундай эркин ҳаракатланишганини унутмайлик. Эрон термасига қарши кечган ўйинда хоҳ ёш, хоҳ тажрибали футболчиларимиз эркин ҳаракатланолмадилар-ку?! Кучли иштиёқ ва анъанавий тўп оширишлар эвазига энди кучли рақибларни енгиб бўлмайди. Терма жамоамиз ҳамон ўта содда ва жуда оддий услубда ўйнамоқда.

Нима деб ўйлайсиз, Вадим Абрамов терма жамоамиз ўйин услубини рақибларни қийнайдиган даражада мураккаблаштиришга қодирми? ....

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...