
"Тоттенхэм" клуби ҳимоячиси Дэнни Роуз катта эҳтимол билан лондон клуби учун бошқа ўйнамайди.
The Telegraph нашрининг маълум қилишича, англиялик футболчи АПЛ ва Европа Лигасида иштирок этадиган жамоа таркибига киритилмайди (якуний таркиб 20 октябрь кунига қадар шакллантирилади).
Шу тариқа, Роуз чемпионшипдаги бошқа клубга ўтишга мажбур бўлади, чунки фақатгина улар янги ўйинчиларни ўз сафига қўша олади. Англиянинг қуйи дивизионларида трансфер мавсуми 16 октябрь кунига қадар фаолият юритади.
30 ёшли футболчининг ҳафтасига 60 минг фунт маош оладиган амалдаги шартномаси шу мавсумнинг охирига қадар ўз якунига етади.
Ушбу мавсум стартида Роуз мустақил равишда машғулот олиб борган ва "Тоттенхэм"нинг ёшлар жамоаси билан ишлади. Мавсумнинг иккинчи ярмини у "Ньюкасл" клубида ижара асосида ўтказди.