Ислоҳотлар самараси: Спорт аҳоли саломатлиги йўлида муҳим воситага айланмоқда

Юртимизда пандемия шароити бўлишига қарамасдан, айни кунларда ҳам республикамизда ёшлар масаласи, уларнинг баркамол шахс сифатида келажакда ҳар томонлама етук, рақобатбардош малакага эга кадрлар қилиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасида қаралиб, чуқур ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айниқса, Муҳтарам Президентимизнинг юртимизда илм-у маърифат, санъат ва маданият, айниқса, спортни ривожлантиришга қаратилган тарихий ишлари асрларга татигулик мазмун ва самара касб этмоқда.

Охирги йилларда мамлакатимиз ривожланган хорижий давлатларнинг спортни ривожлантиришга қаратилган тактикалари ҳар томонлама ўрганилиб, ўзимизга хос ва ўзимизга мос равишда ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этила бошланди. Республикамиз тарихида ана шундай стратегик аҳамиятга эга бўлган тарихий ҳужжат Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 24 январь куни «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора–тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди.

Таъкидлаш лозимки, Мустақиллик йилларида юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Лекин, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган аниқ дастурларнинг етишмаслиги, Олий таълим муассасаларида ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, спорт турлари бўйича юқори натижаларни таъминлайдиган маҳоратли спортчилар билан миллий терма жамоаларни шакллантириш ва тренерлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш масалаларида камчиликларнинг ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмасди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур Фармон, аввало, юқорида таъкидланган муаммо ва камчиликларни бартараф қилишга қаратилганлиги билан, шунингдек, юртимизда юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш мақсадида аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ва билимларини орттиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Энг асосийси, мазкур стратегик ҳужжатга мувофиқ, жисмоний тарбия ва спорт тизимини 2025 йилгача ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди ва бу бўйича Концепция ҳамда Йўл харитаси ишлаб чиқилди.

Қувонарли жиҳати шундаки, жамиятимизда аҳолини соғлом турмуш тарзи тамойилларига ўргатишга йўналтирилган бир қатор чоралар белгиланганки, унга мувофиқ жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланаётган аҳолининг умумий сонини йиллар кесимида  30 фоизгача, спорт ташкилот ва муассасаларида шуғулланаётган ёшларнинг умумий сонини 20 фоизгача ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, давлат спорт таълими муассасаларида тренер ва мутахассисларнинг сифат таркиби, хусусан, олий маълумотли ходимлар сонини босқичма-босқич 80 фоизгача етказишга алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳужжатда баён қилинишича, юртимиз ёшлари орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, селекциясининг самарали ва шаффоф тўрт босқичли – ташкилот-туман (шаҳар)-ҳудуд-республика тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш механизми аниқ ва равшан ёритиб берилган.

Бизлар учун яна бир қувонарли томони, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги спорт мактаблари ўқувчи-спортчилари ўртасида “Болалар спорт ўйинлари”ни ўтказиш орқали иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва ёшлар терма жамоаларига захира яратиш ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Талабалар спорт ўйинлари”ни ташкил этиш натижасида талабаларни спорт билан мунтазам шуғулланишга эришиш тизимининг механизми яратиб берилди.

Аҳолининг кенг қатламлари, жумладан, умумтаълим мактаби ўқувчилари, профессионал ва олий таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари ўртасида жисмоний тарбияни оммалаштириш, улар орасида иқтидорлиларини аниқлаш мақсадида “Умумтаълим мактаб спорти” фестивали, “Жисмоний тайёргарлиги ривожланган муассаса” кўрик-танловини босқичма-босқич (туман, шаҳар, ҳудуд, республика) ўтказиш тизимини ишлаб чиқиб, тайёргарлик даражаси ривожланган энг яхши умумтаълим мактаби, профессионал ва олий таълим муассасаси номинациясини жорий этилиши эса олий таълим билан умумий ўрта махсус таълим муассасаларининг узвийлигини таъминловчи янгича механизм сифатида алоҳида таъкидлаш лозим.

Биз ёшлар учун яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, эндиликда спортчи ёшларни саралаш ва катта спортга иқтидорли спортчиларни танлаб олиш, спорт захирасини шакллантириш тизими йўлга қўйилади, ёшлар орасида спортни оммалаштиришда юқори натижаларга эришиш мақсадида ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, умумтаълим мактаблари олий таълим муассасалари камида биттадан ривожланаётган миллий спорт турларига ихтисослаштирилиши юртимизда илк бора кузатилаётган ҳодисадир.

Айни йўналишда спорт тайёргарлигидан ўтаётган ўқувчи-спортчининг спортдаги натижалари яхшиланганда ва у бошқа юқори даражадаги спорт таълими муассасасига ўтказилганда, уни тайёрлаган тренерга бир ойлик иш ҳақи миқдорида бир марталик мукофот пули тўлаш тизимининг жорий этилиши устоз-мураббийларимиз учун яратилган кенг имкониятлардан биридир.

Олдинлари кузатилмаган яна бир ўзига хослик шундаки, юртимиз ёшлари учун яна бир имконият яратилди, яъни, олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1-3 ўрин) бўлган спортчи-ёшларни олий таълим муассасаларига (тиббиёт йўналишидан ташқари) уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат асосида қўшимча давлат гранти асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилиш тизими яратилди.

Шунингдек, олий таълим тизимида фаолият юритаётган ҳурматли устозларимиз учун янада кенг имконият ва шароитларнинг яратилиши биз талаба-ёшларнинг ҳам кўнглида фахр ва ифтихор туйғусини пайдо этади, яъни, олимпия спорт турлари бўйича республика (1-ўрин) ва халқаро мусобақаларда (Олимпия ва Паралимпия ўйинларида, Осиё ва Параосиё ўйинларида, жаҳон чемпионатида ва Осиё чемпионатида 1-3 ўринлар) ғолиб чиққан олий таълим муассасалари талабаларини тайёрлаган жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги кафедралар ўқитувчиларига навбатдаги илмий унвонларни (доцент, профессор) тўғридан-тўғри бериш тартиби жорий этиладиган бўлди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан бизнинг йўналишимизда стратегик аҳамиятга эга бўлган мазкур ҳужжат билан танишар эканман, ўзим таҳсил олаётган Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида таълим олаётган мен каби ёшлар учун, қолаверса, ўқитувчи, устоз-мураббийларим учун ҳам қувонарлидир.

Негаки, Қорақалпоғистондаги дастлабки олий таълим даргоҳи ҳисобланган, 86 йиллик тарихга эга бўлган институтимизда ҳам спорт-тарбия ишлари намунали тарзда йўлга қўйилган. Ана шу боис, бугунги кунда институтимиз талабалари нафақат Қорақалпоғистонда, балки, Ўзбекистон ва дунё ареналарида муносиб иштирок этишиб, фахрли ўринларни қўлга киритишмоқда.

Институтимизда мавжуд 12 та спорт секциясининг доимий фаолият кўрсатиши ва уларга тажрибали устозларимизнинг тренер сифатида бириктирилиши ҳамда тизимли равишда белгиланган жадвал асосида спортнинг турли йўналишлари бўйича мусобақалар ташкил этилиши иқтидорли спортчи ёшларнинг саралаб олиш имконини бермоқда.

Жумладан, жорий ўқув йилининг дастлабки ярим йиллигининг ўзида факультетимиз раҳбарияти ҳамда устоз-тренерларимиз раҳбарлигида «Спорт ойлиги» тадбирлари доирасида институтимизнинг барча факультетлардан 10 та жамоанинг тўлиқ иштирок этиши ва жадвал асосида  баскетбол, волейбол, гандбол, футбол, стол тенниси, енгил атлетика, Қувноқ стартлар ҳамда гимнастика спорт мусобақалари юқори савияда ўтказилиши ёшлар қалбида унутилмас воқеа бўлиб қолди. Ана шундай мусобақаларда фаол иштирок этган ва ғолиб бўлган тенгдошларим Қорақалпоғистон, Ўзбекистон ва Халқаро нуфузли мусобақа ва танловларда ҳам муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритишиб келишмоқда.

Фикримиз далили сифатида айтишим мумкинки, ҳурматли устозимиз, институтимизнинг тажрибали тренери Озод ака Казаков раҳбарлигидаги «Волейбол қизлар» командаси ҳар йили Республикамизда ташкил қилинаётган турли хил мусобақаларда муносиб иштирок этишиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда. Жумладан, тенгдошларимнинг Волейбол бўйича хотин-қизлар орасида Тошкент шаҳрида ўтказилган Олий лига командаларининг XXVI Ўзбекистон чемпионати мусобақасида «НДПИ» волейбол қизлар командаси чемпионликни қўлга киритиб, команда аъзолари «Ўзбекистон спорт устаси» даражасини эгаллашга муваффақ бўлишди. Энг қувонарлиси, Волейбол қизлар жамоаси жорий йилда «Универсиада-2020» спорт ўйинларида ҳам фахрли 1-ўринни қўлга киритишиб, Ўзбекистон чемпиони, олтин медал соҳиби бўлишди.

Шунингдек, айни шу йил «Универсиада-2020» спорт мусобақалари давомида спортнинг 4 та йўналиши бўйича институт ёшларининг фахрли ўринларни эгаллаши, бевосита устоз-тренерларимизнинг заҳматли меҳнатлари эвазигадир.

Бугунги кунда бутун дунёни қамраб олаётган коронавирус пандемияси боис юртимизда карантин ҳолати деб эълон қилинсада, биз спортчи ёшлар ўз уйимизда туриб, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида нафақат институтимиз балки, Ўзбекистон ОТМлари орасида ташкил қилинаётган онлайн спорт мусобақаларда ҳам фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқдамиз. Айни ҳолат эса, бизларнинг бўш вақтларимизни фойдали ва мазмунли ўтказишда самара бермоқда.

Хулоса ўрнида алоҳида таъкидлайманки, қабул қилинган стратегик ҳужжат – Муҳтарам Президентимизнинг «Биз буюк Ўзбекистон келажагини албатта, ёшлар билан бирга қурамиз», деган шиор остида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жорий йилдаги илк намунаси сифатида баҳолайман. Негаки, бугунги кунда нафақат бизлар таҳсил олаётган олий таълим муассасаларида ёки мактаб ва лицейларда, ҳатто ўзим туғилиб ўсган Тўрткўл туманининг чекка-чекка қишлоқларида ҳам спортни жон-у дилидан яхши кўрадиган, давлатимиз байроғини жаҳоннинг юксак ареналарида баланд кўтаришни ният қилиб, ҳаракат қилаётган ёшларимиз талайгина. Мазкур қабул қилинган Фармон эса, айни йўналишда Президентимизга камарбаста бўладиган юртимизнинг барча спорт ишқибозларига, биз талаба-ёшларга ва ҳурматли устоз-тренерларимизга дастури амал хизмат қилади.

Дилдора Қурбонова
Ажиниёз номидаги НукусДПИ,
Жисмоний маданият факультети талабаси​

Ўқилган: 776

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Ўзбекистон МОҚ бош котиби истеъфо берди
17:20
Жаҳон чемпионатида иштирок этувчи енгил атлетикачиларимиз таркиби маълум
17:44
Энг кекса Олимпиада чемпионини биласизми?
08:35