Хоразм вилоятида спортга эътибор қай даражада?

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилган ўрганишларни якунлаб, Хоразм вилоятига етиб келди.

Кеча куннинг биринчи ярмида Урганч шаҳрида маҳалла ёшлари ўртасидаги “Футболимиз келажаги” ва “Маҳаллада футбол” мусобақаларининг вилоят босқичи якунланиб, ғолиблар аниқланган бўлса, куннинг иккинчи ярмида Урганч ва Янгибозор туманларидаги мавжуд ҳолат кўздан кечирилди.

Бугун эса Ишчи гуруҳ аъзолари Хоразм вилоятининг Янгиариқ, Хонқа, Боғот, Ҳазорасп ҳамда Тупроққалъа туманларида бўлиб, ушбу ҳудудларда жисмоний тарбия ва спортга берилаётган эътибор, мавжуд спорт муассасаларининг ҳолати ҳамда жойларда маҳалла ёшлари ўртасидаги «Футболимиз келажаги», «Маҳаллада футбол», «Чарм тўп», шунингдек корхона-ташкилотларнинг ишчи-ходимлар ўртасида ташкил этилаётган «Ҳоким кубоги» ҳамда «Раҳбар кубоги» оммавий футбол мусобақалари қандай ўтказилаётгани билан яқиндан танишди.

Янгиариқ туманининг умумий аҳолиси сони 115 минг кишини ташкил этиб, уларнинг салмоқли қисмини спорт билан фаол шуғулланиши мумкин бўлган ёшлар ташкил этади.

Туман болалар-ўсмирлар спорт мактабида айни пайтда спортнинг 22та тури бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Уларда 25 нафар тренер-ўқитувчилар ёшларга сабоқ бериб келмоқда. Бошланғич тайёрлов гуруҳлари 68тани, ўқув-машғулот гуруҳлари эса 9тани ташкил этади. Спорт билан мунтазам шуғулланувчи ёшлар сони 1 046 нафар бўлиб, уларнинг 354 нафари қизлардир.

Туманда «Футболимиз келажаги» ҳамда «Маҳаллада футбол» мусобақалари юқори савияда ташкил этилди. Бироқ, туман ёшларининг ҳудудий саралаш босқичида омади чопмади. Айни пайтда «Чарм тўп» мусобақасининг туман босқичи якунланиб, ғолиб чиққан жамоа ҳудудий саралаш босқичига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Шунингдек, сентябрь ойининг иккинчи ярмида «Ҳоким кубоги» ҳамда «Раҳбар кубоги» мусобақаларини ҳам ўтказиш кўзда тутилган.

Боғот тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган ишлар ҳам анча яхши, фақат стадион майсаси яхшиланиши ва майдоннинг ўлчами халқаро стандартлар даражасида кенгайтирилиши керак. Шунда бу ердан маҳоратли ёш футболчилар етишиб чиқиши имконияти ортади. Дарвоқе, «Футболимиз келажаги» мусобақасида Боғот тумани «Ёш ўсмир» маҳалласи ёшлари вилоятда фахрли 3-ўринни қўлга киритганлигини ҳам таъкидлашимиз керак.

Ҳазорасп туманидаги вазият ҳам қониқарли даражада. Аммо Хонқа тумани БЎСМ ҳамда Тупроққалъа туманидаги сув ҳавзасининг ҳолати яхши эмас. Холбуки, бир вақтлар Хонқа туманининг футбол жамоаси собиқ Иттифоқ чемпионати 2-лигасида қатнашган, бу ерда қанчадан-қанча машҳур футбол юлдузлари тўп тепган. Жумладан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан XIV ёзги Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритган Улуғбек Рўзимов ҳам айнан Хонқа туманидан етишиб чиққан ва 1982 йил «Чарм тўп» мусобақасида ғолибликни қўлга киритган эди.

Ҳозирги ҳолатни маҳаллий мутасаддилар ҳар икки иншоот капитал таъмирга тушгани билан изоҳлашди. Таъмирлаш ишлари 2021 йилга мўлжалланган экан. Унга ҳам кўп вақт қолмади. Умид қиламизки, шундан кейин мазкур ҳудудлардаги ҳолат ижобий томонга ўзгаради.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот котиби

Ўқилган: 717
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидан байрам табриги
21:04
"Токио-2020"нинг спорт иншоотлари
05:04
Рим маликаси – ХОҚ аъзолигига номзод
06:18