Миржалол Қосимов: Футболда ҳар қандай натижа рўй бериши мумкин

Coca Cola Суперлига 12-туридан ўрин олган АГМК – “Навбаҳор” (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Қуйида унинг фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Бугунги ўйинда икки бир-бирига муносиб жамоа ўзаро баҳслашди. Учрашувнинг биринчи бўлимида “Навбаҳор” жамоаси яхшироқ ҳаракат қилди. Иккинчи 45 дақиқаликда эса жамоамиз ўйинни кучайтириб, баҳсга тезлик ва жанговарлик қўшди. Ўйлашимча, якуний натижа, яъни, дуранг ҳақли бўлди. Агарда голимизни эртароқ урганимизда, унда натижа янада бошқачароқ бўлиши мумкин эди. Ўйинни томоша қилган мухлисларга футбол ёқди, деб ўйлайман. Жамоамиз футболчиларига эса охирига қадар курашишгани учун миннатдорчилик билдираман. Бугун 3 очкодан маҳрум бўлишимиз мумкин эди. Якунда бир очко бўлса ҳам топдик. Ярим қадам бўлса-да, олдинга қадам ташладик. Жамоамиз ҳакам хуштагига қадар курашгани учун 1 очко билан бўлса-да, тақдирланди. Энди кейинги баҳсга жиддий тайёргарлик кўриб, олмалиқлик мухлисларни хурсанд этишга ҳаракат қиламиз.

Биринчи бўлимдаги ўйин борасида нима дейшим мумкин? Олдинги баҳсларда, масалан, “Локомотив”га қарши кечган учрашувда ҳам биринчи бўлимда ёмон ўйнамагандик. Масалан, Европа Чемпионлар Лигасининг финал баҳсида “Бавария”нинг ҳам ўйини ПСЖ билан дастлабки бўлимда деярли ўхшамади. “Андижон” билан бўлган баҳсда эса биринчи бўлимда рақиб ҳимоясини ёриб кириш қийин бўлганди.

Бугун ҳам рақибнинг ҳимоясини ёриб кириш иккинчи бўлимда ҳам қийин бўлди.

Жамоалар, рақиблар ҳар хил. Улардан келиб чиқиб турли тактикалар танланади. Баъзан ҳар икки тараф биринчи бўлимда ўзаро бир-бирини ўрганади. Бугун учрашув охирига бориб ўйинимизни кучайтиришга эришдик.

Бугунги ўйин натижасини ҳеч қандай сенсация демаган бўлардим. Футболда ҳар қандай натижа рўй бериши мумкин. Яна ўша “Бавария”ни эслайдиган бўлсак, бир неча йиллар аввал финалда 90 дақиқа давомида ютиб туриб, қўшиб берилган дақиқаларда ғалаба мағлубиятга айланиб кетганди. Футбол шуниси билан қизиқ. Лекин бугунги ўйин натижасини сенсация демаган бўлардим.

“Навбаҳор”даги йўқотишларми? Баъзи асосий таркиб футболчиларини ҳисобламаса, қолган ўйинчилар ўйнашди. Мирзоҳид Ғофуров ва Аббос Ғуломовни айтмасак, қолганлари доимо асосий таркибда ўйнаб юрган футболчиларни кўрдим. Ўтган йили Ғуломов захирадан тушадиган футболчи эди, тўғрими? Бугун ҳар тарафлама бир-бирига мос жамоалар ўйнашди ва натижа ҳам адолатли бўлди.

Акмал Шораҳмедовнинг бугун майдонга тушмагани ротация билан боғлиқ. Унда жароҳат йўқ. Шунчаки ҳар 3-4 кундаги ўйинлар оралиғида имкон қадар кўпроқ ротацияга қўл уриб, эндигина жисмоний ҳолатини тиклаётган футболчиларга ҳам аста-секинлик билан кўникма беряпмиз. Бизда ҳам касалларганлар кўп бўлганди. Вазиятдан келиб чиқиб иш тутяпмиз.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Ўқилган: 2130
АГМК Миржалол Қосимов Навбаҳор Ўзбекистон. Суперлига

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Нурилло Тўхтасинов: U-23 Осиё чемпионатида халқимизни чиройли ғалабалар билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз
02:14
Ўзбекистон МТЖ сентябрь ойида Тожикистон билан ўртоқлик ўйини ўтказади
12:14
“Пахтакор” 2019 йилги мавсумда 115 тўп киритди
05:51