Ҳеч қачон таслим бўлмайдиган ва шогирдларини ҳам бунга ўргата оладиган – Вадим Абрамов 58 ёшда

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Бунёдкор” футбол клуби бош мураббийи Вадим Абрамов бугун 58 ёшни қарши олмоқда.

Вадим Абрамов деганда ўзбекистонлик мухлислар кўз ўнгида 2011 йил Қатар яшил майдонларида бўлиб ўтган Осиё чемпионатидаги Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ажойиб ўйинлари келади. Бу инсон ҳақиқатда ўзбек футболининг тарихида ўзи учун алоҳида саҳифа ярата олган кам сонли мутахассислардан бири ҳисобланади.

Вадим Абрамов 2010 йилнинг апрелида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланганда кўпчилик мухлислар у ҳақида етарли тасаввурга эга эмас эдилар. Аммо, мутахассис терма жамоа ролига келгунга қадар ҳам ўзи ишлаган клубларда ажойиб футбол намойиш этиши билан ном қозониб улгурганди.

Унинг дастлабки клуби ҳисобланмиш Тошкентнинг “НБУ-Осиё” билан 1 йил ичида яхши жамоа тузиб 1-лига йўлланма олган эди. Кейинчалик Тошкентнинг бошқа бир клуби “Трактор” “роли”га бошқарувчи сифатида “ўтирди”. У ўша пайтда Олий лигада аутсайдер ҳисобланган клубни рақабоатбардош жамоага айлантирган эди. “Трактор” жамоаси билан Олий лигада кучли тўртликка кириш билан бирга мамлакат кубогининг финалига етиб борди.

У қаерда ишламасин жамоаси билан мухлисларга ёқадиган ёрқин футбол намойиш этишни асосий вазифа деб билди. Шогирдларига ҳар доим рақибдан қўрқмасликни ўргата олади. Шу боисдан ҳам у бошқарган клублар ўз имкониятидан бир бош баланд сакрай олар эди.

Вадим Абрамов биринчи бор Ўзбекистон миллий терма жамоасига тайинланганда термамиз ўртамиёналар сафида ҳам ўз муқим ўрнига эга эмас эди. Унинг мураббийлик курсисига ўтиргунига қадар терма жамоамиз ЖЧ-2010 йўлида 24 очколик имкониятдан бор йўғи 4 очко қўлга киритган бўлса, Осиё кубогига ҳам гуруҳда иккинчи ўрин билан зўрға йўлланма олганди. ФИФа рейтингида ҳам юзталикдан пастда жойлашган эдик.

Унинг бош мураббийликка тайинланганида ҳам кўпчилик у томон танқид тошларини отишган ва унга ишончсизлик туфайли Осиё чемпионатидан арзирли натижа кутишмаётган эдилар. Аммо Абрамов ўзи танлаган шогирдлари билан мезбонларга қарши илк ўйиндаёқ барча танқидчиларини “мум тишлатиб” қўя олди.

Гуруҳдаги биринчи ўйиндан сўнг ҳамма бир бўлиб, ҳатто хорижликлар ҳам терма жамоамизга мухлислик қила бошлашди. Бирин-кетин рақиблар доғда қолдирилиб, ярим финалга қадар етиб борилди. Бу натижа ҳали ҳануз Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун халқаро мусобақалардаги энг ёрқин натижа ҳисобланиб қолмоқда.

Бундан ташқари терма жамоамиз Вадим Абрамов бошчилигида ўз тарихида илк марта Япония терма жамоасидан сафарда устун келган эди. Маълумот учун, кунчиқар юрт вакиллари ўша пайтда Осиёнинг амалдаги чемпиони ҳисобланар эди.

ЖЧ-2014 саралаши йўлида охиригача унга имкон берилмади. Балки, у терма жамоани бошқаришда давом этганда терма жамоамиз ўз тарихида илк бор мундиалда иштирок этган бўлармиди?...

Кейинчалик Вадим Абрамов яна клубдаги фаолиятига қайтди. “Тошкентнинг “Локомотив” клуби билан Ўзбекистон кубоги ва суперкубогини ютиб олди. 2019 йилдан эътиборан, Тошкентнинг “Бунёдкор клуби бош мураббийи этиб тайинланди. Деярли олдинги таркибидан бутунлай айрилган жамоани қайта тузиб ёш футболчилар билан Суперлигада бронза медалларига эга чиқди. Айнан шу йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон миллий терма жамоасига иккинчи марта бош мураббий сифатида қайтди ва Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Осиё қитъасида кураш олиб боришга киришди.

Маълумот учун, Вадим Абрамов 1962 йилнинг 5 август куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида дунёга келган. Футболчилик фаолиятини айнан Озарбайжон жамоаларида бошлаган. Бир муддат Украинада фаолият олиб боргандан сўнг, Ўзбекистонга ташриф буюрди ва шундан буён тўла тўкис ўзбекистонликка айланди. Бу ерда унинг дастлабки клуби Хоразмнинг “Наримонов”жамоаси бўлган.

Ҳозирда ҳам “Бунёдкор” клубида, ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўз ишини давом эттираётган Вадим Абрамовни бугунги таваллуд айёми билан самимий табриклаймиз ва келгусидаги ишларида ҳар доим мувафаққият ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Ўқилган: 1855
Вадим Абрамов

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Шомуродовнинг голи “Ростов”га очко келтирди
17:55
АПЛ. “Манчестер Сити”да йирик, “Лестер”да эса ишончли ғалаба ва бошқа натижалар
21:05
L’Équipe нашри энг яхши ёш футболчилар рейтингини тузди
19:13