Улар энг биринчи бўлишган эди

Ўзбекистонлик енгил атлетикачилар ичида кўп қиррали атлетлардан бири Николай Овсянников бўлиб, у 1928 йилги СССР чемпионатида 110 метрга тўсиқлар оша югуриш баҳсида биринчи ўринни қўлга киритган эди.

Николай Овсянников
Николай Овсянников мамлакатимизнинг илк рекордчиси бўлган. 1927 йилдан бошлаб 110 метрга тўсиқлар оша югуриш баҳсларида бир неча бор Иттифоқ рекордини янгилаб борган. Собиқ Иттифоқ спортчилари орасида айнан у мазкур масофани 17 секунддан тезроқ босиб ўтишга муваффақ бўлган. Бу воқеа 1927 йил 14 август куни содир бўлган. Айтганча, ўша куни Николай Овсянников баландликка сакраш бўйича ҳам яна бир Иттифоқ рекордига муаллифлик қилган. Шундан сўнг тўсиқлар оша югуриш секторида яна икки бор мамлакат рекордини янгилашни уддалаган. 1928 йил Собиқ Иттифоқ Спартакиадасида масофани 16,4 сонияда босиб ўтади. Бироз вақт ўтгач натижа 16,2 сонияга кўтарилди. Бироқ бу кўрсаткич рекорд сифатида қайд этилмаган. Боиси ўша давр қоидаларига кўра спортчи йўл-йўлакай тўсиқлардан бирини қулатиб ўтса, натижа ҳисобланмаган. Николай эса ўша стартда 2 та тўсиқни қулатиб кетган эди.

Валентина Баллод
1956 йил CCCР халқлари Спартакиадасида баландликка сакраш бўйича 1.68 метр натижа билан ғалаба қозонган илк спортчимиз. Шу билан бирга у Мельбурн Олимпиадасига ҳам йўлланма олган. 1959 йилги Спартакиадада бронза медалини қўлга киритиб, яна бир бор шоҳсупага кўтарилади.

Олег Ряховский
-Биринчи жаҳон рекордчиси Олег Ряховский бўлди. 1958 йилда Москвада ўтган СССР – АҚШ баҳсида уч ҳатлаб сакраш секторида 16,59 метр билан нафақат олтин медаль, балки янги жаҳон рекордини ҳам янгилаган эди. Олег Ряховский Европа чемпионатида биринчи совриндор спортчи ҳисобланади. 1958 йили у кумуш медаль билан тақдирланган.

Валентина Чулкова
1971 йил Москвадаги “Спартак” стадионида илк бор ёпиқ иншоотлардаги Собиқ Иттифоқ чемпионати бўлиб ўтади. Унда Валентина Чулкова баландликка сакраш йўналишида 1.74 натижа қайд этиб, ғолибга уринишлар сони бўйича имкониятни бой берганча кумуш медални қўлга киритган. Орадан бир йил ўтгач 1.80 метр баландликка сакраб, бу йўналишда илк чемпионга айланади.

Татьяна Бирюлина
Татьяна Бирюлина жаҳонда найза улоқтириш бўйича 70 метрдан юқори натижа қайд этган илк аёл спортчидир. 1980 йил Москва Олимпиадасидан аввал Подольскдаги мусобақада 70.08 метр кўрсаткич билан олтин медаль қатори Олимпиадада СССР жамоаси таркибига кириш имкониятига ҳам эга бўлган.

Сергей Ловачев
Александр Харлов
Замира Зайцева №476

1983 йил Финляндиянинг Хельсинки шаҳрида спортчиларимиз илк жаҳон чемпионатида иштирок этишди. Терма жамоа таркибида Александр Харлов 400 метрга тўсиқлар оша, Замира Зайцева 1500 метр, Светлана Ўлмасова 3000 метр ва Сергей Ловачев 4х400 эстафета югуриш дастурларида иштирок этишган. Якунда СССР эстафета жамоаси Ўзбекистоннинг янги рекорди билан ғалаба қозонди (3:00.79) ва Сергей Ловачев ўзбекистонлик илк жаҳон чемпиони бўлди. Замира Зайцева 4:01.19 натижа билан иккинчи 49.03 дақиқа сарфлаган Александр Харлов эса учинчи ўринни қўлга киритишди. Светлана Ўлмасова эса бронза медали соҳибасига 0.42 сония имкониятни бой бериб тўртинчи ўрин билан кифояланди.

Родион Гатауллин
Олимпия ўйинларининг илк совриндори Родион Гатауллин ҳисобланади. 1988 йилги Сеул Олимпиадасида лангарчўпга таяниб сакраш секторида ушбу ҳамюртимиз 5.85 метр натижа билан кумуш медални қўлга киритган.

Шунингдек, Родион Гатауллин жаҳонда 6 метр баландликни забт эта олган илк спортчи ҳисобланади. Ушбу воқеа 1989 йил 22 январь куни Ленинграддаги мусобақадаги содир бўлган. 2 ҳафтадан сўнг Гомелда Родион ўз натижасига яна 2 см қўшиб қўйди.

Рамиль Ганиев
Ўзбекистон илк бор 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида иштирок этган. Бунда илк олтин медалларга ўн курашда қатнашган спортчимиз Рамиль Ганиев (8005), найза улоқтиришда Оксана Яригина (64.64) ва баландликка сакрашда Светлана Мунькова (Рубан) (1.92) сазовор бўлишган. Мазкур мусобақада енгил атлетикачиларимиз жами 8 та медални қўлга киритганлар. Шунингдек, Олег Веретельников ўн курашда ва найза улоқтиришда Владимир Парфенов кумуш, узунликка сакраш секторида Константин Сарнацкий, диск улоқтиришда Вадим Попов ҳамда найза улоқтиришда Виктор Зайцев бронза медали билан тақдирланишган.

Ўқилган: 307
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Соғ танда – соғлом ақл
04:11
Хитой кўплаб халқаро мусобақаларни йил охиригача бекор қилди
07:30
Шаҳобиддин Зоиров, Иқболжон Холдаров ва яна 12 нафар боксчимиз Таиланддаги халқаро мусобақада иштирок этишади
08:10