Дакар-2022 ўсмирлар Олимпиадаси 2026 йилга кўчирилди

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Сенегал ҳукумати билан бирга Дакар шаҳрида ўтиши режалаштирилган ўсмирлар Олимпия ўйинларини 2022 йилдан 2026 йилга кўчиришга қарор қилди.

Сенегал президенти Маки Саллнинг таклифи ХОҚ раҳбари Томас Бах томонидан чуқур ўрганиб чиқилганидан кейин шундай тўхтамга келинди. Таъкидланишича, Дакардаги мусобақаларнинг 2026 йилга кўчирилиши ХОҚ, Миллий Олимпия қўмиталари ва халқаро федерацияларга ўз фаолиятларини яхшироқ режалаштириш имконини беради. Токиодаги 2020 йилги Олимпия ўйинларининг кўчирилиши, шундан кейин йирик халқаро мусобақалар муддатларининг ўзгартирилиши, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги глобал инқирознинг молиявий оқибатлари спорт соҳасига кучли таъсир кўрсатмоқда.

Бу қарор Сенегалга ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинларига тайёргарликни давом эттириш имконини беради. Ҳар икки раҳбар Африкада биринчи маротаба ўтказилаётган илк Олимпия тадбири – ўсмирлар Олимпия ўйинлари катта муваффақият билан ўтишига тўлиқ ишонч сақлаб қолаётганликларини билдирдилар.

ХОҚ ва Сенегал раҳбарияти бу янгиликдан жуда кўп ёш спортчиларнинг хафсаласи пир бўлишини тушунадилар. Ҳар икки томон фақат буни тўғри тушунишларига умид қилмоқда.

“Бу битим Сенегал давлати ва ХОҚ ўртасидаги ўзаро ишончдан далолат беради. Мен Олимпия ҳаракатининг катта дўсти ва тарафдори президент Маки Саллга ана шундай фавқулодда ишонч ва сифат муносабатлари учун ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Биз 2026 йилда Африка қитъаси ва жаҳоннинг барча ёш спортчилари учун Дакарда мисли кўрилмаган ўсмирлар Олимпия ўйинларини ташкил этамиз”, – деб баёнот берди ХОҚ президенти Томас Бах.

Битим ХОҚ Ижроия Кенгаши томонидан тасдиқланди ва ратификация қилиш учун ХОҚ сессиясига тақдим этилади.

Ўқилган: 869
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Пара-атлетикачиларимизнинг лицензион турнири бекор қилинди
01:35
Ўзбекистонлик ММА жангчиси Жаҳонгир Ҳусанов халқаро мусобақада ғалаба қозонди
15:22
Олимпия ўйинлари чемпиони, афсонавий дзюдочи Илиас Илиадис Ўзбекистон дзюдо федерацияси билан шартнома имзолади
11:03