Тарихда биринчи марта Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ўйинлари ўтказилади

Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида I Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ўйинларини ўтказиш масалаларига бағишланган видеоконференция ўтказилди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳамда вазирликнинг бошқарма бошлиқлари қатнашди.

Ҳозирда бутун дунёда коронавирус пандемияси сабабли спорт ўйинларини ўтказишда муаммолар туғилмоқда. Россия Федерациясидаги мавжуд санитария-эпидемиологик вазият туфайли айни пайтда илк маротаба ташкил этилаётган спорт ўйинларини 2020 йил 4 сентябрдан 11 сентябргача ўтказиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Видеоконференцияда спорт ўйинларини ўтказиш тартиби, хавфсизлик чоралари, тиббий ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама этилди.

Таъкидлаш жоиз, I Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ўйинларида спортнинг 22 тури бўйича беллашувлар ўтказилади. Бокс, соҳил волейболи, стол тенниси, бадиий гимнастика, сув полоси шулар жумласидан. Спортчилар беллашувларда 284 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боришади.

Мусобақаларда 14 ёшдан 23 ёшгача бўлган спортчилар иштирок этади. Ҳозирча спорт ўйинларида МДҲга аъзо 7 мамлакатдан минг нафардан зиёд делегатлар қатнашиши кутилмоқда. Барча делегация аъзоларини рўйхатдан ўтказиш жараёни онлайн тарзда аккредитация тизимида амалга оширилади.

Ўйинлар Қозон шаҳрининг 14та спорт иншоотида бўлиб ўтади.

Спорт ўйинлари давомида “Спортчилар қишлоғи”да иштирокчилар учун тиббий марказ ташкил этилиб, спорт иншоотларидаги допинг назорат пунктлари очилади. Шунингдек, бепул тиббий ёрдам хизматлари йўлга қўйиш режалаштирилди.

Юртимизда жорий йилнинг 1 августига қадар карантин қоидалари жорий этилгани боис мавжуд санитария-эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда спортчиларимизнинг мусобақада иштирок этишлари буйича якуний қарорни Республика махсус комиссияси қабул қилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати​

Ўқилган: 671
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Юрий Лукин: “Сурхон” жамоасини ғалаба билан табриклайман
04:53
"Барселона" тер Штеген билан янги шартнома имзолайди
15:24
Шон-Райт Филлипс 38 ёшида фаолиятини якунлади
16:46