
Хабарингиз бор, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан ҳар ойда Coca Cola Суперлиганинг энг яхши мураббий, футболчи ва энг чиройли гол муаллифлари аниқланади.
Коронавирус пандемияси сабабли, жорий мавсумда Суперлигамизда бироз танаффус юзага келганидан хабарингиз бор.
Шу боис, ЎзПФЛ томонидан март ҳамда июнь ойи лауреатлари аниқланди.
Энг яхшиларни аниқлашда одатдагидек, Coca Cola Суперлиганинг барча жамоаларининг мураббий ва сардорлари овоз беришди.
Биз учун қувончлиси, июнь ойининг энг яхши футболчиси номига “Навбаҳор”нинг маҳоратли ярим ҳимоячиси Азизбек Турғунбоев сазовор бўлди.
Турғунбоев ўтган ойда “лочинлар” иштирокидаги барча 3та ўйинда майдонга тушиб, 3та голга муаллифлик қилди.
Турғунбоев расми 4
Жумладан, Coca Cola Суперлига 5-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Бухоро” (2:0) баҳсида захирадан майдонга тушган бўлса-да, учрашувнинг
88-дақиқасида гол уриб, жамоамизнинг ғалабасини мустаҳкамлаган бўлса, 6-турдан ўрин олган “Металлург” - “Навбаҳор” (мазкур баҳсда наманганликлар 3:1 ҳисобида зафар қучишган) ўйинида “дубль” қайд этиб, “лочинлар”нинг ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.
Биз ушбу муваффақият билан Азизбек Турғунбоевни табриклаб, унга кейинги баҳсларда ҳам омад ёр бўлишини ҳамда яна энг яхшилар қаторида эътироф этилишини тилаймиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.