Аёллар футболи. “Бунёдкор-W” – икки карра Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби

Зомин шаҳрида аёллар футболи бўйича VI Ўзбекистон Суперкубоги баҳси бўлиб ўтди. Унда ўтган мавсум Ўзбекистон кубогини қўлга киритган “Бунёдкор-W” жамоаси мамлакатнинг амалдаги чемпиони “Севинч”га қарши баҳс олиб борди. Қайд этиш жоиз, ушбу ўйин қайта таъмирдан чиқарилган “Зомин” стадионидаги дастлабки расмий учрашув бўлди.

Бевосита беллашув ҳақида тўхталадиган бўлсак, ҳар иккала жамоа аъзолари ўйинни ҳужумкор тарзда бошлашди. 7-дақиқада ўтган мавсум мамлакатимизнинг энг яхши аёл футболчиси деб топилган Умида Зоирова қанотдан узатиб берилган тўпни Мафтуна Жонимқулова қўриқлаётган дарвозага жойлаб қўйиб, ҳисобни очди. Аммо, пойтахтликларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. 11-дақиқада Нилуфар Қудратова “қалдирғочлар”нинг ҳимояда йўл қўйган пала-партиш хатоларидан унумли фойдаланиб, мувозанатни тиклади.

Бироқ ушбу голдан сўнг “Бунёдкор-W” футболчи қизлари ўз ўйинларини кучайтиришди ва биринчи бўлим сўнггига қадар Людмила Карачик иккита тўп киритиб, танаффусга жамоасининг 3:1 ҳисобидаги устунлик билан чиқиб кетишини таъминлади.

Иккинчи таймда қаршиликлар ўз ўйинларини кучайтиришди. Кўплаб вазиятларда ҳужумчиларга аниқлик етишмаган бўлса, тошкентликлар посбони Ольга Қаххорова ҳам бир қатор вазиятларда жамоаси жонига оро кирди. Ўз омадини қарши ҳужумдан излаган Элмира Ғуломова шогирдлари ўз мақсадларига эришди. 85-дақиқада дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борган Маҳлиё Сарикова “Севинч” дарвозасига тўртинчи тўпни киритди. Шу тариқа, “Бунёдкор-W” ўз тарихида иккинчи бор аёллар ўртасидаги Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритди.

Аёллар футболи бўйича VI Ўзбекистон Суперкубоги

29 июнь, душанба
БУНЁДКОР-W – СЕВИНЧ 4:1 (3:1)
Зомин. “Зомин” марказий стадиони
Ҳакамлар: Раҳимбек Каримов, Маҳмуд Турдиев, Феруз Достонов, Достон Раҳмонов
Назоратчи: Марат Исмоилов
Комиссар: Нигора Абидова
Голлар: Умида Зоирова, 7 (1:0), Нилуфар Қудратова, 11 (1:1), Людмила Карачик, 17 (2:1), Людмила Карачик, 36 (3:1), Маҳлиё Сарикова, 85 (4:1)
“Бунёдкор”: Ольга Қаххорова (Зарина Саидова, 89), Зумрад Назарова (Нозима Эргашева, 67), Камола Рисқиева, Людмила Карачик, Маҳлиё Сарикова, Саида Галимова, Марина Косникова, Умида Зоирова, Феруза Турдибоева, Солиҳа Ҳусниддинова, Луиза Садирова
“Севинч”: Мафтуна Жонимқулова (Ангелина Полюшкевич, 44), Лайло Тиловова, Феруза Бобохўжаева, Лайло Шодиева, Мафтуна Шоимова, Шоира Қултўраева, Мафтуна Панжиева, Диёра Эркинова (Фазилат Баҳромова, 45, Шодия Тошева, 90), Малика Бурхонова, Нилуфар Қудратова.
Огоҳлантиришлар: Мафтуна Панжиева, 69, Шодия Тошева, 90.
Аёллар футбол бўйича Ўзбекистон Суперкубоги ғолиблари

2015 – “Севинч”
2016 – “Металлург-W”
2017 – “Севинч”
2018 – “Металлург-W”
2019 – “Бунёдкор-W”
2020 – “Бунёдкор-W”.

*****

Ўқилган: 334
Аёллар футболи

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

ОФКнинг мураббийлик таълимини ривожлантириш бўйича 8-йиғилиши ниҳоясига етди
00:27
Ўзбекистон U-19 ўртоқлик ўйинида “Левски София” билан баҳс юритди
04:12
Сенников: "Локомотив"га Шомуродов жуда мос тушарди
19:17