Давоми бор. Ушбу СУҲБАТни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин
Маълум сабабларга кўра, халқаро спорт мажбурий таътилдан тўлиқ қутулолмаётган ҳозирги кунларда ТВ ижодкорлари телетомошабинларни нохуш маълумотлар таъсиридан бироз чалғитиш мақсадида уларни тез-тез қизиқарли суҳбатлар даврасига жалб этишга уринишмоқда. Sky Sports канали мухбирлари ва «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп ўртасида Making it Pro серияси доирасида бўлган суҳбатни ҳам айни шу мақсад - вазифа маҳсули сифатида келтириш мумкин. Чунончи, бу гал гап германиялик мутахассиснинг Англия футболига юзланишидан аввалги ҳаёти ва фаолияти ҳақида борди. Ўйлаймизки, бундай интервьюлар фақат британиялик мухлислар эмас, балки биз учун ҳам жуда қизиқарли.
КАТТА ФУТБОЛ САРИ ЙЎЛ
- Юрген, спорт ҳаётингнинг ажралмас қисмига айланиши ва у билан профессионал даражада шуғулланишинг кераклигини айнан қайси паллада теран тушунгандинг?
- Бу масалада узоқ вақт бош қотиришимга тўғри келган эмас. Тан олиб айтишим керак, туманимиздаги нисбатан яхшироқ жамоа сафига фақат тақдир тақозоси билан қўшилганман. Аслида жамоам бошқа футболчи билан шартнома тузишни хоҳлаган. Бу аниқ. Бироқ клуб мўлжалга олган йигит - адашим Юрген қишлоғимиздан 40 километр узоқликда жойлашган машғулотлар базасига қатнашни хоҳламаган. Мен эса ўйламай, рози бўлганман.
- Қизиқ, профессионал фаолиятга шўнғиш арафасида асосан қандай юмушлар билан шуғуллангансан?
- Пули йўқ киши ўзини турли ишларга уриб кўради, яъни салоҳиятини синовдан ўтказади. Ўз тажрибамдан айтсам, аввалига маълум вақт киноплёнкаларни ташиш ва етказиб беришга ихтисослашган компанияда ишладим. Кейин университетга ўқишга кирдим, дарслардан бўш вақтда эса кичик барда ишлаб, оз-моз пул топардим.
- Мураббий Юрген Клопп футболчи Юргенга қандай тавсифнома бера олади?
- Оддий: «Жангчи. Жуда тезкор, бош билан яхши ўйнайди». Лекин очиғини айтаман, ўйиним ҳеч қачон ўзимга ёққан эмас. Энг муҳими, «Майнц»да мураббийларнинг саъй-ҳаракати эвазига нақ 11 йил мунтазам равишда тўп сурдим. Такрорлайман, ўйиним ўзимга ёқмасди, ҳаттоки, нафрат уйғотарди, аммо кетишимга футболга нисбатан ўта кучли муҳаббатим йўл қўймади. Бу ҳам умумий вазиятнинг соф тақозоси...
- Мураббийлик соҳасига жуда барвақт қадам ташлагансан. Қолаверса, ҳаётингдаги бу жиддий ўзгариш тўсатдан юз берган: якшанба куни футболчи эдинг, эртасига мураббийга айлангансан. Эътиборлиси, ҳаммаси битта жамоада кузатилган...
- Ҳа, ўша пайт жамоадошларим мени қадрдон дўст ўрнида кўришарди. Энг асосийси, улар кўп ўтмай, мураббий сифатида ҳам ҳурмат қила бошлашди. Ўша мавсум жамоамиз турнир жадвалининг тубида бораётган, боз устига, инқироз ҳолатига яқин турганди. Бир куни мураббий барчамизни бир жойга тўплаб, дангал гапни айтди: «Эндиликда фақат ёш футболчилар билан ишлашга уриниб кўрамиз». Раҳбарият эса мураббийни алмаштиришни лозим топди. Бироқ клубимизда ёрдамчи мураббий йўқ эди. Хуллас, мутасаддилар вазиятга қараб, бўшаб қолган жойга мени таклиф қилишди. Барча йигитлар билан яхши муносабат ўрнатганимни инобатга олган ҳолда, янги ишга ўтишдан асло чўчимадим. Чунончи, ўша вақт 33 ёшда бўлиб, жамоанинг энг тажрибали ўйинчиси ҳисобланардим. Таққослаш учун битта маълумот: бугун «Ливерпул»да турли вазифалар билан шуғулланувчи 25 нафар мутахассисдан иборат катта штаб бор. Оҳ, қандай давр... Дейлик, Майнцда барча ишларни ёлғиз ўзим бажарардим. Бир томондан, бу фақат фойда келтирган. Чунки ишларни чин юракдан, кўнгилдагидек қилардим.
- Кўплаб экспертлар мураббийликдаги муваффақиятингни айни шу универсаллик, серқирралик билан изоҳлайдилар. Бинобарин, эндиликда ўйиннинг барча нозик жиҳатларию, сир-асрорларини биласан. Чунки мураббийлик ишининг илк кунларидан ҳаттоки, майдон ташқарисидаги нозик масалаларга ҳам дуч келиб, уларга қандай ечим топишни ўзлаштиргансан.
- О, шундай. Айниқса, ўйинларни ҳар томонлама таҳлил қилиб боришни хуш кўраман. Сизга айтсам, нақ 7 йил давомида бу иш билан ёлғиз ўзим шуғулландим....