Арьен Роббен: «Қизиққонлик – барча жамоалар иллати»

«Бавария» тарихида ёрқин из қолдирган ва ўтган йилнинг ёзида профессионал футболдан четга чиққан нидерландиялик 35 ёшли Арьен Роббен фаолияти давомида кўплаб шонли ғалабалар ва аламли мағлубиятларга гувоҳ бўлди. Энг асосий факт, ҳужумга мослашган ярим ҳимоячи энг ёрқин даврини айнан Бундеслига гранди сафида ўтказди. Қизиғи, Роббен Мюнхен жамоасини умуман кўрмаслиги, футбол олами ҳар қандай рақибни довдиратган қудратли «Роббери» (Роббен - Рибери) дуэтининг мафтункор ўйинларидан завқ олмаслиги ҳам мумкин эди. Бироқ «Бавария»нинг ўша даврдаги бош мураббийи - Луи ван Гал мегаиқтидорни ўз томонига оғдирди ва у «Реал»да тўп суришдек кучли истагидан воз кечиб, Германияга йўл олди. Натижада Арьен немислар юртида узоқ йиллар ўта сермаҳсул ўйин кўрсатиб, олдинги чизиқнинг ўнг қанотида тенги йўқ ижрочига айланди. Яқинда Германиянинг Socrates нашри мухбири билан суҳбатлашган «тасодифий афсона» «Бавария»даги фаолиятини ёдга олди - Франк Рибери билан муносабати, Хосеп Гвардиола давридаги ўйини ва ҳоказо...

- Тўғрисини айтинг, болалик чоғи ҳам Бундеслига ўйинларини кузатармидингиз?

- Ҳар дам олиш кунлари мунтазам равишда томоша қилардим, дея олмайман. Лекин отам билан ўйинларни тез-тез кузатардик. Бинобарин, Бундеслига азалдан голландияликлар учун энг қизиқарли чемпионатлардан бири саналган. Оддий айтганда, мамлакатимизда асосий эътибор Германия футболига қаратилган. Ўша пайт ҳам «Бавария» ва «Боруссия» Д. ўртасидаги қарама-қаршилик кескин тус оларди. Шунингдек, Бременнинг «Вердер» клуби юксак савияда ўйнарди.

- Хўш, Германия чемпионатидаги қайси футболчи сизда кучлироқ таассурот қолдирган?

- О, «Бавария»дан Оливер Кан, Штефан Эффенберг, Жоване Элбер каби юлдузларни айтишим мумкин. Яна Аилтон, Стефан Шапюиза ва Карл-Хайнц Ридле ўйинлари ҳам ёдимда қолган, албатта.

- Чинакам фидойилар. Тушунарлики, ҳар қайси буюк футболчининг ўзига хос ижобий фазилати - қуроли бўлади. Масалан, сизнинг асосий қуролингизни ҳаттоки, энди уйқудан турган болакай ҳам бехато айтиб беради: ўнг қанот орқали юриш ва марказ томон интилиб, дарвозага зарба йўллаш. Буни мукаммал даражага кўтарганингиз билан алоҳида фахрлансангиз арзийди...

- Уйда рафиқам ҳам шундай дейди. Менимча, бутун фаолиятим давомида шу услубдан самарали фойдаланганим мени дунёга танитди. Энг муҳими, 35 ёшга тўлганимда ҳам, бу «трюк»ни талаб даражасида бажардим.

- Ўтган йили фаолиятингизни якунладингиз. Озгина шошилмадингизми?

- Бу саволни 2009 йилнинг августида, Мюнхенга энди келган пайтим берганингизда, шишилганимни тан олардим, албатта. Бироқ шундай жамоага узоқ вақт садоқат билан хизмат қилиш - ўта ёқимли туйғу. Демоқчиманки, футболдаги йўлим билан фахрланаман. 35 ёшда дунёнинг энг сара жамоаларидан бирида талаб даражасида тўп суриш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. «Бавария» фақат спорт нуқтаи назаридангина жаҳон миқёсидаги жамоа эмас - у ўта аҳил оила.

- Фаолиятингиз давомида Франк Рибери билан муносабатингиз қандай ривожланди?

- Вақт ўтгани сари тобора яқинроқ бўлиб, иноқлашдик. Охирги 10 йиллик Франксиз ўтганида қандай бўларди? Жавоб аниқ: қониқарсиз. У юксак савияси билан ўзига хос даврга асос солди. Ҳамкорликда залворли натижаларга эришдик, жамоа эса янги услуб эвазига қитъа футболида етакчилик мақомини қайтариб олди.

- «Янги услуб» - бунда нимани назарда тутяпсиз?

- Франк билан жамоага қўшилишимизга қадар қанотларга етарли эътибор берилмасди, «Бавария»нинг қудрати асосан марказ орқали амалга ошириладиган ҳужумларга боғлиқ эди. Жуфтлигимиз ҳужум кўламини кенгайтириб, кескинликни оширди.

- Лекин Франк билан доим ҳам яхши чиқишмаган экансиз. Масалан, 2012 йили «Реал»га қарши кечган ЧЛ ярим финал ўйини танаффусида жарима зарбасини ким тепиши хусусида тортишгансизлар...

- Бу - ўйиндаги эҳтирослар оқибати. Ўша лаҳзаларни эсласам, кулиб юбораман. Ахир анча ёш ва қизиққон эдик. Ўзи бундай тортишувлар ҳар қандай жамоада учраб туради. Ёшларга хос қизиққонлик - барча жамоалар иллати. Айтганча, ўша можародан кейин бир-биримизни янада яхши тушуниб олгандик.

- Бунинг исботи ўлароқ, бир йилдан кейин «Боруссия» Д. билан бўлган финални кўрсатиш мумкин: Рибери ажойиб узатма билан сизни қулай вазиятга олиб чиққан ва «шалпангқулоқ» тақдирини ҳал қилган гол муаллифига айлангансиз. Бу фаолиятингиздаги энг унутилмас лаҳза бўлса керак...

- Шубҳасиз. Ўша вазиятни ҳеч қачон унутмайман. Франк бу узатмани ички ҳиссиётига ишонган тарзда, мен томонга умуман қарамасдан амалга оширганди. Шунинг учун ҳамма ҳайратдан ёқа ушлаб қолган. Қолаверса, «Бавария» ниҳоят, Европа қиролига айланганди!

- «Бавария»да бир қатор таниқли мураббийлар, жумладан, Луи ван Гал, Хосеп Гвардиола, Карло Анчелотти, Юпп Хайнкес ва Нико Ковач қўл остида тўп сурдингиз. Айтингчи, улардан қай бирининг иш услуби кўпроқ маъқул тушди?

- Биринчи навбатда, Гвардиолани алоҳида эътироф этардим. Очиғи, унинг чин мухлисиман. Чунки ҳужумкор футбол жиннисиман, Пеп эса бу усулнинг устаси. Унинг бутун эътибори тўп назорати, ҳукм­ронлик ва ҳужумга қаратилади. Дейлик, машғулотларда фақат тўп билан муомала қилардик. Табиийки, бу жуда ёқарди. Хуллас, Гвардиола билан ҳамфикр эдик. Афсуски, унинг даврида ЧЛда ғолиб чиқолмадик. Доимий жароҳатлар, дисквалификациялар ёки ҳакамлар хатолари туфайли ҳар сафар турнирни ярим финалда якунлашга мажбур бўлдик. Очиғи, Пеп жамоага келган вақт 30 ёшни уриб қўйган ва маҳоратим янада ошиши мумкинлигига ишонмагандим.

- Гвардиола даврида айнан қайси жиҳатдан етукликка эришдингиз?

- Ўйинни нафис илғайдиган, вазиятни олдиндан ҳис этадиган бўлдим. Яна рақиб жарима майдончасида тўпга зарба бериш вақтини аниқ белгилашни ўргандим. Натижада сермаҳсуллигим ортди. Хуллас, 3 йил ичида айнан Пеп туфайли бебаҳо тажриба тўпладим.

- Ван Гал ҳам фаолиятингизда муҳим роль ўйнаган устозлардан бирими?

- Албатта. Мюнхенга у туфайли келгандим. Ван Гал сиймосида юксак малакали, интизом ва футбол одобига катта аҳамият берадиган талабчан мутахассисни кўрганман. У ҳар бир шогирдининг маҳорати тобора ошишига олдиндан кафолат берарди. Айнан шу далдаси билан ўз салоҳиятимга тўла-тўкис ишонч ҳосил қилганман. Мюнхендаги ҳамкорлигимиз рисоладагидек кечди. Билмадим, агар у айтойдил қистамаганида, менга «Бавария» сафида тўп суриш насиб этмасмиди...?

- Ўз ўрнида «Бавария»га ўтишингиз хусусида бафуржа маълумот берсангиз.

- Ван Гал қўнғироқ қилганида, «Реал»даги мавқемдан мамнун эдим. Ватандошим таклифини қабул қилишимга эса, «Мадрид»нинг тўхтовсиз равишда суперюлдузларни харид қилиши сабаб бўлди. Ўша пайт ЧЛда ғалаба қозонишга асосий мақсад сифатида қарардим, лекин «Бавария» турнир фаворитлари сафида эмасди. Шунга қарамай, ван Галга ишониб, таваккал қилдим ва бу қарор ўзини оқлади.

- Демак, қарорингиздан асло афсусда эмассиз, шундайми?


Давоми бор. Ушбу СУҲБАТни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин

Ўқилган: 1410

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Люксембург – Португалия, Сербия – Украина: Таркиблар!
18:16
Состав делегации женской молодёжной сборной Узбекистана U-19 и календарь игр.
20:57
12-тур оказался длиннее, чем было заявлено.
20:38