Буюк Иньеста Япония ва вирус ҳақида...

Коронавирус пандемияси қисқа муддатда бутун ер юзига тарқалишга улгурди ва аксарият мамлакатларда карантин тартиби жорий этилди. Муҳими, кўп жойларда пандемиянинг энг фаол даври ортда қолди. Изоляция шароитини Японияда ўтаётган испаниялик моҳир ярим ҳимоячи бўш вақтдан унумли фойдаланиб, Marca газетасига катта интервью берди. Испаниянинг 9 карра чемпиони ва Европа ЧЛнинг 4 карра ғолиби суҳбат давомида Япония, коронавирус ва «Барселона» ҳақида гапирди, аммо собиқ клубдоши Лионель Месси борасида бир оғиз ҳам сўз айтмади. Маълумот учун, 35 ёшли афсона 2002-2018 йиллар оралиғида Каталония гранди шарафини муносиб ҳимоя қилди. Иньеста клуб футболида кўплаб совринлар ютиш баробарида ўз коллекциясини Европа чемпионатининг 2та ва ЖЧнинг 1та олтин медали билан бойитган. Шундай афсона охирги йилларда Япониянинг «Виссел Кобе» жамоаси таркибида тўп сурмоқда.

Шу кунги ҳаёти

- Клубимиз футболчиларига якка тартибда машғулот ўташ учун махсус дастур беришди. Жамоавий машқлар эса видеоалоқа орқали амалга оширилмоқда. Шунингдек, очиқ ҳавода югуриш машқларини бажаряпмиз. Зеро, биз кичик оролчадамиз. Бу ерда очиқ ҳавога чиқиш тақиқланмади. Ҳозирда фаолиятим ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм Япониянинг Rakuten каналида намойиш этилишини кутяпман. Уни яратиш йўлида жуда кўп вақт ва куч сарфладик. Турли сафарлар, учрашувлар, интервьюларда қатнашдим. Фаолиятим ҳақида интернетдан кўп маълумотлар олиш мумкин. Лекин фильм ёрдамида янада тўлиқроқ тушунча ҳосил бўлади. Картина яратиш ғояси биографик китобимни тугатганимдан кейин туғилди. Унинг асл мағзи-моҳити шуки, яқинларимнинг менга аталган фикр­ларини тафаккур қилиб, янги хислатларимни кашф этяпман.

Пандемиядан кейинги футбол

- Ули Хёнесс фикрларини тўла-тўкис қўллаб-қувватлайман: футбол оламини кескин ўзгаришлар кутмоқда. Бу трансферлар бозори ва яна бир қатор жабҳаларга тааллуқли гап. Пандемия ҳар бир вазиятга четдан, шошмасдан, ўйлаган ҳолда холис баҳо бериш имкониятини бермоқда. Ниманинг қадри баланд ва ниманинг аҳамияти йўқлиги тобора ойдинлашмоқда. Қисқаси, ушбу аччиқ сабоқ инсониятни кўп нарсаларга ўргатмоқда. Афсуски, сабоқни улкан йўқотишлар эвазига оляпмиз. Хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмганларни ортга қайтаришнинг иложи йўқ.

Гвардиола фалсафаси

- Пеп Гвардиола футболчи сифатида ёшлар турнирида ғолиб чиққанидан кейин ёнимга келгани ва яқин келажакда «Барселона»нинг асосий таркибидаги ўйинларимни трибунадан кузатишини айтгани худди кечаги башоратдек ёдимда. Амалда ҳаммаси кутилганидан ҳам аълороқ бўлди. Йиллар ўтди, мен унинг раҳбарлиги остида нуфузли совринлар соҳибига айландим. Менимча, Гвардиола Каталонияда мукаммал жамоа шакллантиришни уддалаганди. Тўғри, аввалига анчайин мураккаб даврни бошдан кечиришимизга тўғри келди. Аммо барча қийинчиликларни ҳамжиҳатлик ва аниқ фалсафа ҳисобига бартараф этдик. Пеп барча йигитларни ўз ғояси, унга мос серзавқ футбол албатта, муваффақиятга элтишига ишонтира олди. Ўз навбатида, футболчилар жамоа тўғри йўлдан бораётганига шубҳа қилмаган ҳолда, ғайрат-шижоат билан шуғулланиб, мақсадга эришдик.

Бартомеунинг президентлик даври

- Охирги ҳафталарда «Барса» ичида юз берган воқеаларга изоҳ беришим анчайин мушкул вазифа. Демоқчиманки, четдан туриб, «Барселона» директорлар кенгаши аъзоларининг оммавий исътефосига баҳо бериш қийин. Бартомеу нечоғли ҳақ ёки ноҳақ - буни фақат одил ҳакам ҳисобланмиш вақт кўрсатиб бериши мумкин. Шундай экан, 2021 йилга белгиланган президентлик сайловини кутишимизга тўғри келади. Қани, кузатаверайликчи, Бартомеу ўша вақтда лавозимини сақлаб қолиш учун етарли овоз тўплай олармикан?....


Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин

Ўқилган: 870

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

XXIV Чемпионат Узбекистана по футзалу: стартовал второй тур.
16:07
Ла Масиядан чиққан машҳур футболчилар
11:03
Ислам Кабилов полностью здоров.
22:07