
Хабарингиз бор, кеча Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Сардоба фожеасидан жабр кўрган маҳаллий аҳоли учун инсонпарварлик ёрдами жўнатилган эди. «Саховат карвони» Гулистон шаҳрида вазирликнинг мутасадди ходимлари томонидан кутиб олинди ва фаоллар билан биргаликда сардобаликларга тарқатилди.
Бугундан эътиборан, вазирлик ходимлари ташаббуси билан Сардобадан эвакуация қилинган аҳолининг руҳиятини кўтариш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш мақсадида бир нечта спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда.
Жумладан, болалар ўртасида шахмат ва шашка бўйича ўзига хос турнир ташкиллаштирилди. Турнир давомида халқаро гроссмейстер Алишер Ортиқов ёшларга маҳорат дарси ўтиб бермоқда.
Шунингдек, мактаб ўқувчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда «Қувноқ стартлар» мусобақасида ҳам иштирок этишмоқда. Бундан ташқари ҳаваскорлар ўртасида Гулистон олимпия захиралари мактаб-интернати тренерлари таэквондо бўйича машғулотлар олиб бормоқда.
Бугун кун давомида ёш рассомлар ўртасида спорт мавзусида расмлар танлови ҳам эълон қилинган. Бу танловда иштирок этиш учун 30 га яқин ўғил-қизлар расмлар чизишни бошлаб юборишди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати