Спорт фахрийси Баҳодир Махситов спорт жамоатчилигига мурожаат йўллади

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси собиқ раиси Баҳодир Махситов айни пайтда юзага келган синовли кунларда халқимиз ва спортчиларимизни ҳукуматимиз қабул қилаётган қарорларга бўйсуниб, барчани уйда қолишга чорламоқда:

Ассалому алайкум! Қадрли спортимиз фахрийлари, мураббий ва спортчилар!

Шу кунларда деярли бутун дунё аҳолиси қатори, халқимиз бошига тушган оғир мусибат, яъни Коронавирус деб аталмиш балони бартараф этишда туну-кун жонбозлик кўрсатаётган тиббиёт ходимлари, ҳуқуқ идораси вакиллари, ўзларининг хайрли ёрдамларини аямаётган тадбиркорлар, тижоратчилар, ва фидоий ҳамюртларимизни, айниқса, мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевни, улар атрофида жонкуярлик кўрсатаётган ҳукумат раҳбарлари, ходимларининг чексиз хизматларини эъзозлаб ҳар биримиз Аллоҳдан барчаларига метиндек ирода сабр-қаноат ато этишини, ажру-савоблар сўраб дуо қилиб турибмиз. Иншааллоҳ, илтижоларимиз ижобат бўлгай.

Давлатимиз раҳбари ҳар биримиз, оила аъзоларимизнинг саломатлиги, тинчлигини ўйлаб, бу синовли даврни матонат ва сабр билан енгиб ўтишимиз йўлида, кескин чора-тадбирлар белгилаб, йўл-йўриқлар кўрсатиб, барча ишларда тиним билмай бош-қош бўлиб ғамхўрлик қилмоқдалар. Халқ саломатлиги йўлида раҳбар ходимларга, одамлар учун ҳеч нарса аямаслик топшириқларини бердилар.

Юрт отасининг барча кексаю қари, ёшларга қарата соғлом турмуш тарзини барқарорлаштириш борасида тушкунликка тушмасдан, оила даврасида бир кун ҳам қолдирмасдан жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши зарурлиги, машғулотларнинг «ОНЛАЙН» йўналиши ва ижтимоий тармоқларда видео роликларда бериб борилаётган машқлар орқали амалга ошириш муҳимлиги борасида мурожаат қилиб, қимматли маслаҳатлари ва тавсиялари билан бутун халқни, шунингдек, спорт жамоатчилигини ҳам жуда ғурурлантирди.

Аллоҳга беҳисоб шукурлар бўлсинки, биз бугун ушбу меҳр-муруватни, эътиборни юракдан хис этиб, натижаларни кўзимиз билан кўриб турибмиз.

Азиз спортчилар, Сиз доим нуфузли мусобақаларда халқимиз, Президентимиз ишончини қозониб келгансиз. Ҳозирги мураккаб жараёнда ҳам ўз олдингизда турган маъсулиятни янада кучлироқ ҳис этиб, мусобақаларга тайёргарлик машғулотларини оила шароитида ҳам давом этирмоқдасиз. Спорт мутахассисларимиз ҳам ўз навбатида ёшу-кексаларни, оилалари бағрида жисмоний тарбия билан шуғулланишлари борасида хисса қўшиб, фаоллик кўрсатмоқдалар.

Айни дамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, спорт федерациялари, касаба уюшмаси спорт-соғломлаштириш бошқармаси жамоасининг муҳтож спортчи оилаларига, фахрийларига, ногиронларга кўрсатаётган моддий ва маънавий ёрдамлари ва ғамхўрликлари алоҳида тахсинга сазовордир.

Ишонаманки, биз спорт аҳли ўз халқига меҳрибон, ғамхўр Юртбошимизни бу оғир кунда қўллаб-қувватлаб, халқимиз билан ёнма-ён туриб, барча имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда бу қийинчиликни, албатта, енгамиз.

Барчамиз, вирус туфайли касалланган юртдошларимизни тез кунларда шифо топиб, оилалари бағрига соғ-саломат қайтишларини Аллоҳдан сўраб қоламиз!

Илтимос, заруриятсиз кўчага чиқманг «УЙДА ҚОЛИНГ»! Барчага Соғлиқ-саломатлик тилаб, спорт фахрийси

Баҳодир МАХСИТОВ

Ўқилган: 782
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Олимпия ўйинларига йўлланмалар қандай ўйналади?
17:08
Грецияда Токио-2020 Олимпия ўйинларининг машъаласи аланга олди
07:02
Рингда боксчи ва айиқ
16:35