Нажмиддин Нормуродов: "Насаф"дек жамоадан кетган ҳар бир ўйинчи афсусланади!

- Нажмиддин Нормуродов шу кунларда нималар билан банд?
Шу кунларда ҳамма қатори карантинда, уйда ўтирибман. Имкон қадар, қўлимдан келганча уйда жисмоний машқларни бажариб бораябман.

- Суперлига 1 турида "Сўғдиёна" дарвозасига супер гол киритдингиз. Бу қандай содир бўлди? Гол ургач, жуда эмоцияда бир нечта сўзларни ишлатдингиз. Ўшанда нима дедингиз?
Албатта ўша вазиятда ҳурсандчилигимни яшира олмадим. Чунки, биласизми бу Суперлигадаги илк голим эди. Голдан сўнг гапирган гапларимга келадиган бўлсак тўғриси эсимда йўқ нима деганим. Эмоцияда одам нималар демайди.

- Нега "Сурхон" жамоасини тарк этдингиз?
Мен "Сурхон" жамоасини тарк этганим йўқ. Аксинча, "Сурхон" жамоаси мени қўйиб юборди десак тўғрироқ бўларди. Шундан сўнг, "Машъал" жамоаси сафига бориб қўшилдим ва жамоа билан 2 йиллик шартнома имзоладим.

- 2017 йили "Сурхон" жамоасига сизни айнан ким таклиф қилган?
2017 йили "Насаф" жамоасида тўп суриб юрган пайтларимда "Сурхон" жамоасига мени таниқли мураббий Вали Келдиев таклиф қилган. Сурхондарёга футболни қайтаришимиз керак, ёрдаминг керак дегани учун Вали акани таклифига рози бўлганман.

-Қайси мураббийнинг услублари сизга кўпроқ ёқади?
Албатта ҳамма мураббийларнинг ишини ҳурмат қилган ҳолда, менга кўпроқ Рўзиқул Бердиев ва Асрор Алиқуловларнинг ўйин услублари ёқади.

- Футболда таниш-билишчилик борми?
Футболда таниш - билишчилик бор ва у ҳозир авжига чиққан десам адашмаган бўламан.

- Футболчилик фаолиятингизни якунлагач, мураббий бўласизми? Умуман, келажакдаги режаларингиз?
Клажакдаги орзуларим жудаям кўп. Лекин мураббий бўлиш ниятим йўқ. Аввало барчаси худодан пешонада ёзилгани бўлади. Лекин мен келажакда тадбиркор бўлмоқчиман.

- Мураббийлар ҳеч бир сабабсиз футболчини атай захирада ушлаб туриши мумкинми? Сиз бунга нима деб жавоб берардингиз?
Шунақа бўлиши ҳам мумкин. Бунинг учун мураббий билан тортишиб қолган ёки нимадир бўлиши керак. Лекин ўша боланинг ўзи зўр, кучли ёки бошқалардан бир калла устун бўлса уни ҳохлаган ёмон кўрадиган мураббий ҳам захирада ушламайди.

- Сиз "Насаф" футбол клуби тарбиялувчиси ҳисобланасиз. Айтингчи "Насаф" жамоасига сизни ким таклиф қилган?
Сурхондарёда футбол мактаби яни интернатда ўқиб юрган пайтларим 2010 йили Боходир Аннаматов мени "Насаф" футбол академиясига олиб борган.

-"Насаф" жамоаси ўйинларини ҳозир ҳам кузатиб борасизми?
"Насаф" жамоаси ўйинларини албатта қолдирмасдан кўриб бораман.

- Ўша 2017 йили "Насаф" жамоасидан кетганингизга афсусланмайсизми?
"Насаф"дек жамоадан кетган ҳар бир ўйинчи афсусланади. Лекин мен ҳозир ўйлаб кўрсам кетиш жамоадан кетган бўлсамда ўсишга эришдим десам адашмаган бўламан.

- "Насаф" жамоаси мураббийи Рўзиқул Бердиев билан муносабатларингиз қандай?
Рўзиқул Бердиев билан алоқаларим ёмон эмас. Лекин қўнғироқ қилиб доимий алоқада бўлиб турмаймиз. Албатта кўришиб қолган пайтимизда илиқ саломлашамиз.

Манба: https://t.me/FCSURXON_OFFICIAL

Ўқилган: 1392
Интервьюлар Сурхон

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

"Насаф" Туркияга етиб борди
08:16
"Локомотив" - "Андижон" 2:1
16:40
“Металлург”га қарши тайёргарлик бошланди
15:09