Маҳоратга муҳтож шижоат...

Маҳорат билан маҳорат тўқнашса, футбол чинакамига гўзаллашади. Шижоатга шижоат рўбарў келса, ўйин роса қизийди. Маҳорат ва шижоат куч синашганида эса, қулай вазиятлардан самарали фойдаланиш омили, яъни ОМАД катта саҳнага чиқади. «Бухоро» бош мураббийи Муҳсин Муҳаммадиев «Пахтакор»га қарши кечган баҳсда олдинги турда «Нав­баҳор» устози Андрей Канчельскис қўллаган услубдан фойдаланишга интилди. Ўта кучли, аниқроғи, ҳушёрлик ва диққат концентрациясига асосланган ҳимоя, қулай пайт пойлаб, қарши ҳужумга ўтиш! Еврофутболда неча бор ўзини оқлаган ва ҳимоявий ўйинни танлаган жамоага катта натижалар тақдим этган бу услуб мана, Суперлигада ҳам баралла бўй ростлай бошлади. Бошқа ҳар қайси жамоа «Пахтакор»га қарши шундай услубда ўйнашга мажбур. Демак, ҳар турда мухлислар маҳорат ва шижоат тўқнашуви гувоҳига айланишади. Ҳозирча маҳорат шижоатдан устун...

«Навбаҳор»нинг қарши ҳужумдаги шиддатли ҳамласидан эсанкираган «Пахтакор» ҳимоясида парокандалик кузатилган ва Иван Соловьёв бундан унумли фойдаланганди. «Бухоро» эса учрашувнинг биринчи  бўлимида бу ишни амалга оширолмади. Натижада шижоат маҳорат босими остида қолди. Босим ўтказиш маҳорат тарафга ўтса, шижоат ҳимояланишда анча қийналади. «Навбаҳор» ўйин якунида, яъни таркиблар тенглашган паллада иккинчи голни қўйиб юборганди. «Бухоро» бундан ҳам эртароқ бўшашди. Драган Черан қийналмай, «хет-трик»ка эришди. Тўғри, «Навбаҳор»да қизил карточка туфайли руҳий мувозанат бузилган ва жамоа танаффусдан кейин ўз ўйинини йўқотиб қўйганди. Бу - Андрей Канчельскиснинг камчилиги. Агар у жамоани иккинчи бўлимга руҳан яхши тайёрлаганида, таркиблар тенглашган вақт «лочинлар» осонгина аввалги ўйин услубига қайтишарди. Лекин нимагадир вазият ўзгармади ва «шерлар» тенгма-тенг курашда ғалаба голини уришди. Андрей Канчельскис учун бу - жиддий огоҳлик қўнғироғи. Демоқчимизки, «Навбаҳор» мураббий омили таъсирида дурангни қўлдан чиқарди. Жамоанинг 2-турда «Локомотив»ни ишончли тарзда енгганида эса, мухлислик фактори катта роль ўйнагани ҳаммага аён.

Муҳсин Муҳаммадиев эса Андрей Канчельскисдан фарқли ўлароқ, қарши ҳужумда камроқ ва совуққонроқ ўйнатди жамоасини. Тажрибали мухлислар «Пахтакор», барибир, 2-3та гол уришини тахмин қилиб ўтиришганининг сабаби шу. Қисқаси, «Бухоро» вакиллари «Навбаҳор» қўллаган услубни хирароқ кўринишда такрорлашди. «Пахтакор» Москвада «Спартак» қаршисида қандай аҳволга тушган бўлса, «Бухоро» охир-оқибат, «шерлар» наърасидан довдиради. Сезиб турибсизки, бу наъра Суперлиганинг анча-мунча жамоасини зир титратади. Бироқ «Ал-Ҳилол»ничи? «Лочинлар» уюштирган босимдан асабийлашган Шота Арвеладзе жамоаси Осиё гранд­ларига қандай қаршилик кўрсатади? Очиғи, мазкур саволга дадил жавоб беришга истиҳола қиласан киши. Зеро, «Пахтакор» иштирокидаги икки ўйинда футболимиз имконлари яққол кўзга ташланди. Ҳар ҳолда, бундан айниқса, Вадим Абрамов кўпроқ хулоса чиқарган, деб ўйлаймиз. Чунки Саудия футболи ўйин якунидаги босимларни назар-писанд қилмайди, «Навбаҳор» ва «Бухоро» каби руҳан бўшашмайди. Аксинча, ўзи ҳар жиҳатдан босим ўтказишга уринади. Хуллас, ўзида терма жамоамиз ўзагини жамлаган «Пахтакор» янада ўсиши даркор.


Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин

Ўқилган: 1838

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

"Реал" — "Атлетик": Таркиблар!
00:04
Фарҳод Мираҳматов: “Соврин учун курашадиган жамоада ўйнашни истадим”
12:30
Вейналдум: Биз янада кўпроқ гол ура олишимиз мумкин эди
11:35