Дзюдочиларимиз Кўҳна қитъа сафаридан қайтиб келишди

Февраль ойида дзюдо бўйича икки йирик мусобақа бўлиб ўтди. Дастлаб 8-9 февраль кунлари Париж, 21-23 февралда эса Дюссельдорф шаҳарларида Катта дубулға туркумига кирувчи йирик турнирлар ўтказилди. Терма жамоамиз ушбу мусобақаларда 2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларига сазовор бўлди. Шунингдек, дзюдочиларимиз бу билан Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи рейтинг учун қимматли очколарни ҳам жамғаришди. Бугун эрта тонгда делегациямиз Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича Ислом Каримов халқаро аэропортига етиб келди. Уларни тантанали кутиб олиш маросимида спорт жамоатчилиги вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

«Олимпиадага тобора оз фурсат қолгани сари ўтказилаётган турнирлар ҳам ҳар қачонгидан муросасиз кечади. Мусобақага рейтинг пешқадамлари, энг сара дзюдочиларнинг келиши эса медаллар учун курашни янада кескинлаштиради. Париж ва Дюссельдорф татамиларида биз ана шу кескинликка гувоҳ бўлдик. Биринчи навбатда дзюдочиларимизнинг ўзларига билдирилган ишончни оқлашганидан хурсанд бўлдим. Айниқса, Дюссельдорфда 2 та олтин медаль қўлга киритилгани йигитлардаги ишончнинг янада ортишига замин яратди. Олдинда бизни Марокашда ўтказиладиган Гран-при турнири кутиб турибди. Бугун терма жамоа аъзолари тиббий кўрикдан ўтишади. Эртадан эса яна машғулотларни бошлаймиз», – деди терма жамоа бош мураббийи Илиас Илиадис.

Терма жамоамиз қисқа тикланиш жараёнидан сўнг олдинда турган навбатдаги йирик турнирларга ҳозирликни бошлаб юборишади.

Ўқилган: 1658
UFF.uz Спорт Дзюдо

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Ханчжоу-2022, Париж-2024: “Ўзбек йўлбарслари”нинг тайёргарлиги муҳокама қилинди
17:06
Истанбул 2032 йилги Олимпия ўйинларини ўтказиш учун буюртма беради
14:52
Фанат Қаҳрамонов грузин боксчисини мағлуб этди
15:13