Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати олдидан матбуот-анжумани ўтказилди

Шу кунларда оғир атлетика ишқибозларининг нигоҳи “Ўзбекистон” спорт мажмуасида ўтказилаётган мусобақаларга қаратилгани, шубҳасиз. Кеча катталар ўртасида олтинчи Халқаро бирдамлик мусобақаси ўз якунига етди. Эртага эса ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати старт олади. Ҳар икки турнир ҳам Токио Олимпиадаси йўлида қимматли рейтинг очколарини тақдим қилади. Бугун “Ўзбекистон” спорт мажмуасида мазкур мусобақаларга бағишланган матбуот-анжумани ташкил этилди. Унда Халқаро оғир атлетика федерацияси (ХОАФ) Бош котиби Муҳаммад Жалуд, Халқаро оғир атлетика федерацияси вице-президенти Хосе Куиньинос, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, терма жамоамиз бош мураббийи Баҳром Мендибоев ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Дастлаб халқаро ташкилот вакиллари мусобақа ҳақидаги ўз фикрларини билдириб ўтишди.

“Ўзбекистон доим мусобақаларни юқори савияда ташкиллаштириб келган. Бу гал ҳам турнирлар аъло даражада ўтаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан кейин энди катталар ўртасидаги дунё биринчилигини ҳам Ўзбекистонга бериш масаласини ўйлаб қолдик. Транспорт тизими, спортчилар учун яратилган шароитлар барчаси аъло даражада. Коронавирус хавф солиб турган айни пайтда Халқаро бирдамлик мусобақасида 48 мамлакат вакиллари иштирок этди. Бу эса хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам Ўзбекистоннинг яна бир ютуғидир”, – деди Муҳаммад Жалуд.

“Айтишим мумкинки, Ўзбекистон Токио Олимпиадасига рейтинг очко берадиган ҳар икки мусобақани ҳам сақлаб қолди. Аслида Халқаро бирдамлик мусобақаси Тунис, Осиё чемпионатлари эса Хитой Таипейида ўтиши керак эди. Мамлакатингиз қисқа фурсат ичида ташаббус кўрсатиб, мусобақаларни мана шундай савияда ташкиллаштира олди. Халқаро оғир атлетика федерациясининг йиғилишларида биз доимо Ўзбекистонни юксак намуна сифатида кўрсатиб ўтамиз”, – деди Хосе Куиньинос.

– Мусобақани ўтказиш учун оз вақт қолган бўлса ҳам уни шундай юқори даражада ташкиллаштиришда кимлар кўмак берди?
– Аввало, бизнинг бундай ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани учун ҳукуматимизга раҳмат айтмоқчиман. Қолаверса, бу борада Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ҳам катта ёрдамини айтиб ўтиш керак. Бу ташкилотлар бизни қўллаб-қувватламаганида мусобақамиз бундай савияда ўтмас эди. (Шаҳрулло Маҳмудов).

– Мусобақада терма жаоамиз вакилларининг иштирокидан кўнгилингиз тўлдими? Нега Акбар Жўраев силтаб кўтариш машқининг учинчи уринишига чиқмади?
– Умуман олганда, кўп иштирокчиларимизнинг чиқиши мени қониқтирди. Ҳа, ишлашимиз керак бўлган баъзи жойлар ҳам кўринди. Ҳали олдинда вақт бор ва кичик камчиликларни бартараф этишга улгурамиз. Акбар масаласига келадиган бўлсак, у силтаб кўтаришнинг биринчи уринишидаёқ олтин медалларни нақд қилиб қўйган эди. Қолаверса, ундаги кичик жароҳатни ҳам инобатга олиб, учинчи уринишдан воз кечдик (Баҳром Мендибоев).

Эслатиб ўтамиз, Халқаро бирдамлик мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси эркаклар ўртасида 9 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, аёллар ўртасида эса 7 та олтин, 11 та кумуш ва 3 та бронза билан ҳар икки йўналишда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Эртадан қитъа чемпионлиги йўлида баҳсларга киришадиган ёшлар терма жамоамизга ҳам шундай муваффақият тилаб қоламиз.

Ўқилган: 326
UFF.uz Спорт Оғир атлетика

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Муҳаммадкарим Хуррамов: Ғалабадан кейин ўзимга бўлган ишонч янада ортди
19:01
Ҳасанбой Дусматов профессионал боксда дебют қилди
11:05
Токио Олимпиадаси Лондонга кўчириладими?
02:16