Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин
ҚИШКИ ТРАНСФЕРЛАР БОЗОРИ ЯКУНИ. Евпоранинг кучли 5та лигасига қарасак, бу сафар ҳам бош трансфер Англияда амалга оширилди. Бироқ кутилмаганда, Берлин клуби асосий харидор мақомини олди. Умумий манзара одатдагидек - қишки футбол бозори анча сокин бўлди. Ҳар ҳолда, бирорта ақлни оздирадиган харид кузатилмади. Ўзи клублар январда ҳам сотиб олиш, ҳам сотиш масаласида эҳтиёткорона иш тутади. Лекин ҳар сафар қизиқарли трансферлар топилади, барибир. Мисол учун, Бруну Фернандешнинг «Спортинг»дан «МЮ»га трансферини олайлик. Бу январдаги энг қимматбаҳо келишув сифатида қайд этилди.
Энг қимматбаҳо харидлар
«МЮ» 25 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи Бруну Фернандеш трансфери масаласида «Спортинг» билан узоқ вақт савдолашди ва якунда 55 миллион евро тўлашга кўнди. Қолаверса, бу сумма турли бонуслар ҳисобига ҳали 80 «лимон»га етиши ҳам мумкин. Таҳлилчиларнинг хулосаларига кўра, Манчестерликлар ёзгача сабр қилишганида, Брунуни нисбатан арзонроқ баҳода сотиб олиш имкониятини ҳосил қилишарди. Бироқ жамоа трансферни тезроқ амалга оширишга мажбур эди. Зеро, Поль Погба ва Скотт Мактоминей жароҳат туфайли майдонга тушолмаяптилар, Маркус Рэшфорд ҳам четда, Жесси Лингард эса мавсумни жуда суст ўтказмоқда. Қисқаси, «МЮ» ҳам вазиятлар яратадиган, ҳам ўзи гол ура оладиган ижрочига эҳтиёж сезаётганди. Чунончи, «қизил иблислар» учун жорий мавсум якунида Чемпионлар Лигаси йўлланмасини ютиш ҳаётий масала даражасида муҳимдир. Акс ҳолда, клубнинг даромади кескин пасайиб кетиши мумкин. Гап фақат УЕФА берадиган мукофот пулида эмас, балки Deloitte гуруҳи башоратига кўра, ЧЛдан четда қолиш клубнинг тижорат келишувларига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун «МЮ» катта харажатдан қайтолмади, шекилли.
Эрлинг Холанднинг «Боруссия»(Дортмунд)га трансфери? Еврофутболда қўққисдан супериқтидор бош кўтарди ва ёшлар билан ишлашни қойиллатадиган «Боруссия» уни қўлга киритишда турли воситаларни ишга солди (хусусан, Дортмундда ўйнаётган футболчилар ҳам норвегияликни кўндиришга ҳисса қўшишди, клуб ҳомийси қараб турмади). Бор гап шу. Кристиан Эриксен? Январь бозорининг энг кутилган трансфери. Аслида «Интер» ҳам ёзгача кутиб турса бўларди - 27 ёшли данияликнинг «Тоттенхэм» билан шартномаси тугар ва у эркин агент мақомини оларди. «Нерадзурралар» агар «А» серия турнир жадвалида пастроқ ўринда боришаётганида, балки худди шундай ҳам қилишарди. Аммо ҳозирги ҳолат «Интер»дан жиддий рақобатга дош беришни талаб этади. Айтиш мумкинки, «Интер» скудеттодан умидвор эканлиги ва бу борада имконияти чакки эмаслиги учун ҳам Эриксен трансферини тезлаштирди. Асосийси, ушбу келишувдан ҳамма хурсанд - «Тоттенхэм» 20 миллион олиб, Стивен Бергвайнни харид қилди, «Интер» чемпионлик пойгасида наф беришга қодир ижрочига эга бўлди.
Январь бозорининг энг қимматбаҳо 10та трансфери
Футболчи |
Сотувчи |
Харидор |
Сумма* |
1. Бруну Фернандеш |
«Спортинг» |
«МЮ» |
55 млн. евро |
2. Деян Кулушевски |
«Аталанта» |
«Ювентус» |
35 млн. евро |
3. Франсишку Тринкау |
«Брага» |
«Барселона» |
31 млн. евро** |
4. Жованни Ло Чельсо |
«Бетис» |
«Тоттенхэм» |
30,2 млн. евро*** |
4. Рейньер |
«Фламенго» |
«Реал» |
30 млн. евро |
5. Стивен Бергвайн |
ПСВ |
«Тоттенхэм» |
30 млн. евро |
6. Кшиштоф Пентек |
«Милан» |
«Герта» |
27 млн. евро |
7. Люка Тусар |
«Лион» |
«Герта» |
25 млн. евро |
8. Пако Алькасер |
«Боруссия» Д. |
«Вильярреал» |
23 млн. евро |
9. Сандер Берге |
«Генк» |
«Шеффилд Юнайтед» |
21,5 млн. евро |
10. Жеррод Боуэн |
«Халл Сити» |
«Вест Хэм» |
21,3 млн. евро |
* transfermarkt.com портали маълумоти
** Футболчи «Барселона» сафига ёзда қўшилади
*** трансфер ҳуқуқининг якуний баҳоси (футболчи мавсум бошидан буён «Тоттенхэм»да ижара келишуви бўйича ўйнаётганди)
Келажакни ўйлаб...
Эътиборли томони, 5та энг қимматбаҳо трансфернинг 3тасини келажак учун қўйилган тамал тоши сифатида баҳолаш мумкин. Деян Кулушевски, Франсишку Тринкау ва Рейньер янги клубларида кейинги мавсумгина дебют қилишлари мумкин. «Герта» эса Люка Тусар ҳуқуқини сотиб олган бўлсада, 22 ёшли таянч хавбекини «Лион»нинг ўзида қолдирди (ижара шарти бўйича). Хуллас, франциялик футболчи Берлинга ёзда кўчиб ўтади.
АПЛ пешқадам, барибир
Энг кўп сарфлаган лигалар рўйхати бошида АПЛ турибди, барибир. 255,5 миллион евро — бу 2018 йилнинг «телбавор» январи кўрсаткичидан кейинги иккинчи юқори натижа. Ўшанда Англия клублари деярли ярим миллиард харажат қилганди. Италия футбол бозорида ҳам айланма маблағ тобора ошмоқда. Шунингдек, Германиянинг ўртамиёна клублари харажат масаласида анча дадиллашдики, шуниси мутлақо кутилмаган ҳолдир. Дейлик, Бундеслига етакчиси «Бавария» ҳимоячи Альваро Одриосола («Реал»дан)ни ижара келишуви асосида олиш билан чекланган бўлса, иккинчи гуруҳга мансуб жамоалар «сукут»ни бузиб юборди. Ҳа, «Боруссия» Д. ҳам чакки сарфламади - биргина Холанд трансфери 45 миллион еврога тушди (лекин «Зальцбург»га атиги 20 «лимон» теккани учун норвегиялик энг қимматбаҳо 10 нафар ўйинчи қаторига кирмади. Чунки «Боруссия» ажратган суммадан 25 миллиони вундеркиднинг ота-онаси ва агентига насиб этди). Лекин дортмундликлар Юлиан Вайгль учун «Бенфика»дан 20 миллион, Пако Алькасер учун «Вильярреал»дан 23 миллион ва Якоб Ларсен учун «Хоффенхайм»дан 9 миллион олиб, харажатни ортиғи билан қоплашди.
Испания Примероси харажатини олсак, 160 миллион еврода катта қисми (68 млн.) — бу «Реал» ва «Барселона»нинг тегишлича Рейнер, Тринкау ҳамда Матеус Фернандес трансферига ажратган маблағи. Қолган суммадан нақ 40 миллиони Примерода «жон» сақлаб қолиш учун курашаётган «Эспаньол» зиммасида. «Вильярреал» эса биргина Пако Алькасер учун 23 миллион сарфлади. «Севилья»нинг «Леганес» ҳужумчиси !!!! ал Носири транферига 20 миллион тўлагани ҳам эътиборга молик.
Январь бозорида Европанинг кучли 5та лигаси чекига тушган умумий харажат миқдори*
1. АПЛ (Англия) |
255,5 млн. евро |
2. «А» серия (Италия) |
200 млн. евро |
3. Бундеслига (Германия) |
183 млн. евро |
4. Ла Лига (Испания) |
160 млн. евро |
5. Лига 1 (Франция) |
111 млн. евро |
* Deloitte маълумоти
«Герта», ўзингни бос...
Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин