“Пахтакор” – “Шабаб Ал Аҳли”: Превью

10 февраль куни Чемпионлар лигасидаги ўйин билан жамоамиз 2020 йилги мавсумни бошлайди.

Кетма-кет учинчи мавсум “Пахтакор” мавсумни халқаро майдондаги иштироки билан бошлаб беради. Илк ўйинимиз бу сафар БААнинг энг кучли жамоаларидан бири, айни пайтда ўз чемпионатида ишонч билан пешқадамлик қилаётган “Шабаб Ал Аҳли” жамоасига қарши бўлиб ўтади. Дубай шаҳрининг ушбу клуби охирги йилларда мавқеини мустаҳкамлаб, совринларни қўлга киритиб келмоқда.

“Пахтакор” мазкур ўйинга тайёргарлик доирасида Тошкент ва БААнинг Абу Даби амирлигида ўтган йиғин, шунингдек, назорат учрашувлари ўтказди. БААдаги йиғинда “Ростов” (1:1), “Жилина” (0:0) ва “Сувон Самсунг” (1:0) билан беллашувлар ташкил этилди. “Шабаб Ал Аҳли” эса БАА чемпионати учрашувларида майдонга тушди.

“Шерлар” бу рақибга қарши 6 учрашувда майдонга тушган. Улардан иккитаси “Шабаб” ва тўрттаси “Аҳли”га қарши ўтказилган. Ҳозирги жамоа ушбу клублар, шунингдек, “Дубай” жамоаси бирлашувидан ташкил топган. “Шабаб” билан 1:0 ва 1:2 ҳисоблари қайд этилган. “Аҳли” эса 3:2, 1:0, 2:1 ва 2:0 ҳисобларида доғда қолдирилган. Демак, умумий ҳисобда 6 баҳсдан 5тасида жамоамиз устун келган. Рақиб дарвозасига 10 тўп киритилиб, 5 гол ўтказиб юборилган.

Ўйинни жамоалардан дисквалификация сабабли ўтказиб юборишга мажбур футболчилар мавжуд эмас.

“Пахтакор” ва “Шабаб Ал Аҳли” жамоалари ўртасидаги беллашув 10 февраль, душанба куни 16:00да “Пахтакор” стадионида бошланади. Муҳим баҳсда жамоамизни стадионда қўллаб-қувватланг!

Ўқилган: 2749
Осиё Чемпионлар лигаси Пахтакор

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

U-21. Бешта жамоада бир хил очко бўлди
03:32
Ўзбекистон кубоги. “Сурхон” чорак финалда!
01:40
Ўзбекистон миллий терма жамоасида коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича маълумот
07:52