Дзюдочиларимизни кутиб ол, Париж!

8-9 февраль кунлари Франциянинг Париж шаҳрида дзюдо бўйича Катта дубулға туркумига кирувчи йирик мусобақа бўлиб ўтади. Ушбу мусобақа жаҳон дзюдосида ўз нуфузига эга бўлиб, доимо дунёнинг энг кучли дзюдочиларини ўзида жам қилган.

Токио Олимпиадасига рейтинг очколарини тақдим қилувчи мазкур турнирга бу йил ҳам катта қизиқиш билдирилмоқда. Буни мусобақада қатнашиш учун 121 мамлакатдан 740 нафар дзюдочи рўйхатдан ўтганидан ҳам билиб олиш мумкин. Улар орасида 15 нафар ўзбек дзюдочиларининг ҳам исм-шарифини келтириб ўтиш мумкин. Бугун эрта тонгда дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Тошкент-Истанбул-Париж йўналиши бўйича Франция пойтахтига йўл олди.

Таркиб ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, Рио Олимпиадаси совриндори Диёрбек Ўрозбоевнинг янги вазн тоифасида иштирок этиши кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Ўрозбоев Париж турнирида -66 килограмм вазн тоифасида иштирок этади. Жамоанинг тўлиқ таркиби билан танишинг:

Эркаклар:
-60 кг: Шарофиддин Лутфуллаев, Кемран Нуриллаев
-66 кг: Сардор Нуриллаев, Диёрбек Ўразбоев
-73 кг: Ҳикматуллоҳ Тўраев, Ғиёсжон Бобоев
-81 кг: Камолиддин Расулов, Шарофиддин Болтабоев
-90 кг: Давлат Бобонов
-100 кг: Муҳаммадкарим Ҳуррамов
+100 кг: Алишер Юсупов, Бекмурод Олтибоев

Аёллар:

-52 кг: Диёра Келдиёрова
-70 кг: Гулноза Матниязова
-78 кг: Нодира Йўлдошева

Бош мураббий – Илиас Илиадис
Мураббийлар – Бекзод Тўрабоев, Ўктам Раҳмонов, Тому Тори, Равшан Аҳмаджонов
Шифокорлар – Жавлон Ҳасанов, Азиз Қаюмов
Делегация раҳбари – Азизжон Камилов

Рейтинг очколари. Париж Катта дубулға турнирида иштирокчилар жаҳон ва Токио Олимпиадаси рейтинги учун қуйидагича рейтинг очколарига эга бўлишлари мумкин:
1-ўрин: 1000 очко;
2-ўрин: 700 очко;
3-ўрин: 500 очко;
5-ўрин: 360 очко;
7-ўрин: 260 очко;
1/16 финал: 160 очко;
1/32 финал: 120 очко;
1-беллашувдаги ғалаба учун: 100 очко;
Иштирок учун: 10 очко

Арена. Баҳсларга мезбонлик қилувчи “Аккрохотелс Арена” дунёнинг энг кучли дзюдочиларини яна бир бор қабул қилишга шай турибди. 1984 йил очилган арена ўз тарихида енгил атлетика, фигурали учиш, хоккей, гандбол, волейбол бўйича жаҳон чемпионатларини қабул қилган. 20 мингдан зиёд мухлисни ўз бағрига сиғдира оладиган мазкур спорт иншоотининг салобати унча-мунча иштирокчини ҳаяжонлантириб қўйиши табиий. “Аккрохотелс Арена” бир неча бор ўзбек дзюдочиларининг ғалабаларига шоҳид бўлган. Жумладан, 2011 йил ўтказилган жаҳон чемпионатида Ришод Собиров -60 килограмм вазн тоифасида ўзининг иккинчи чемпионлигини қўлга киритган.

2015 йил эса Шаҳзод Собиров -81 килограмм вазн тоифасида Катта дубулға турнири ғолиби бўлган. Шунингдек, Шарофиддин Лутфиллаев, Яҳё Имомов, Рамзиддин Саидов ва бошқа бир нечта вакилларимиз ҳам ушбу аренада шоҳсупага кўтарилишган. Умид қиламизки, “Аккрохотелс Арена”да ушбу ҳафтада ҳам мадҳиямиз янграб, Париж дзюдочиларимизнинг ёрқин ғалабаларига яна бир бор шоҳид бўлади.

Ўқилган: 599
UFF.uz Спорт Дзюдо

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Соғ танда – соғлом ақл
04:11
Хитой кўплаб халқаро мусобақаларни йил охиригача бекор қилди
07:30
Шаҳобиддин Зоиров, Иқболжон Холдаров ва яна 12 нафар боксчимиз Таиланддаги халқаро мусобақада иштирок этишади
08:10