
Бугун клуб қароргоҳида 2020 йилги мавсумда ПФЛ доирасида ўтказиладиган мусобақаларда қатнашадиган жамоаларнинг мураббийлари иштирокида йиғилиш ўтказилди ва унда мавсум режалари муҳокама қилинди.
Хусусан, «Бунёдкор-2», U-18 ва Тошкент шаҳар чемпионатида иштирок этадиган жамоаларнинг бу йилдан эътиборан ўринбосарлар сафини кучайтириш, бу орқали футболчилар учун асосий таркибга йўл очиш йўлида фаолият олиб бориши гаплашиб олинди. Бундан ташқари, барча жамоаларнинг таркиби «Бунёдкор» академияси тарбияланувчилари асосида шакллантирилиши, футболчилар 20 ёшдан юқори бўлмаслиги бўйича бир қарорга келинди. Яъни, ушбу мавсум ўринбосарлар, «Бунёдкор-2», U-18 ва Тошкент шаҳар чемпионати иштирокчиси бўлган жамоамизнинг таркиби асосан 2001-2002-2003 йилларда туғилган болалар билан тўлдирилади.
Айтиш керак, йиғилиш давомида икки жамоамизнинг янги бош мураббийлари ҳам таништирилди. Про лигада иштирок этадиган «Бунёдкор-2»ни ўтган мавсум асосий таркиб мураббийлар штабида фаолият юритган Ёрқин Назаров бошқарса, Тошкент шаҳар чемпионати қатнашчиси ҳисобланмиш «Бунёдкор»га тажрибали мутахассис Мурод Отажонов бош мураббий этиб тайинланди. Ўринбосарлар таркибини ушбу мавсум ҳам Виктор Карпенко бошқаради. Барча жамоамиз шу кунларда янги мавсумга тайёргарликни бошлайди.