Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакиллари Навоий вилоятида бўлишди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси масъул мутахассислари вилоятларда бўлиб, ҳудудлардаги болалар ва ўсмирлар футболига бўлган эътибор, мавжуд шарт-шароит ҳамда инфратузилмани яқиндан ўрганаётгани ҳақида хабар берган эдик.

ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигидаги мутахассислар бу сафар Навоий вилоятида бўлишди ва Навоий футболининг бугунги ҳолати, вилоятдаги футбол таълим даргоҳларининг иш фаолияти билан танишишди.

Хусусан, вилоят болалар ва ўсмирлар футбол академияси ҳамда “Қизилқум” клуби қошидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактабида бўлган масъул мутахассислар у ерда футболчилар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечиришди.

Навоий шаҳридаги “Спутник” спорт мажмуасида эса футбол фестивали ташкил этилди. Кенг жамоатчилик вакиллари, футболчи ва мураббийлар ҳам ташриф буюрган фестивалда Навоийнинг барча туманларидан келган ўқувчилардан иборат жамоалар кўргазмали ўйинларни намойиш этишди.

- Ёшлар ўртасида футболни янада оммалаштириш мақсадида кўплаб тадбирлар, футбол фестиваллари ташкил этилмоқда. Ушбу саъйи-ҳаракатларнинг давоми сифатида эндиликда “Мактаблар лигаси” мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиб боришни йўлга қўямиз. Унда юртимиздаги ҳар бир мактабнинг энг иқтидорли ўқувчилари иштирок этиш имкониятига эга бўлишади. Мана шундай мусобақалар орқали ёш истеъдодлар кашф этиб борилади. “Мактаблар лигаси” ўйинларига селекционерлар ҳам ташриф буюришади ва турли академиялар ҳамда клублар учун ўйинчиларни кузатишади. Шу тариқа эндиликда юртимиздаги ҳар бир мактаб ўқувчисида ҳам “Мактаблар лигаси” мусобақаларида ўзини намойиш этиб, келажакда турли ёшдаги терма жамоаларимиздан ўрин олиш имконияти мавжуд бўлади, - деди ЎФА Биринчи вице-президенти фестивал қатнашчилари билан суҳбатда.

Фестивал сўнггида ўқувчиларга Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан футбол тўплари, спорт либослари, шунингдек спорт жиҳозлари тақдим этилди.

Ўқилган: 1216
Вилоятларимиз футболи ЎФА фаолиятига доир

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Шомуродов "Женоа" билан 4 йиллик шартнома имзолайди. Эртага тиббий кўрик
03:33
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Суперлига тақвими бўйича изоҳ
08:36
"Пахтакор" фахрийлар жамоаси Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиқишди!
07:21