Чирчиқда футбол фестивали бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрь куни имзоланган “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда болалар, ўсмирлар ҳамда ёшлар ўртасида футболни янада оммалаштириш борасида амалий ишлар олиб бормоқда.

Республикамизнинг турли ҳудудларида футбол фестиваллари ташкил этилаётгани ҳақида олдинроқ хабар берган эдик. Бугун шундай фестивал Тошкент вилоятида ҳам бўлиб ўтди. Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт саройида ўтган футбол фестивалида вилоятнинг кўплаб туман ва шаҳарларидаги умумтаълим мактабларидаги мавжуд футбол тўгаракларида шуғулланаётган ёш футболчилар қатнашди.

Футбол фестивалининг асосий мақсади – болалар ва ўсмирларни футбол билан шуғулланишга қизиқишини янада ошириш, ҳаваскор футболни оммавийлаштириш, қолаверса, умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган футбол тўгараклари ишини яхшилашдан иборат.

Бугунги фестивалда ёш футболчилар ўз кўргазмали чиқишларини намойиш қилишди. Фестивал якунида ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигидаги ЎФА мутахассислари ёш футболчиларга тўп, спорт либослари ва жиҳозлари тақдим этишди.

- Футбол ўзбек халқининг севимли ўйини ҳисобланади. Футбол инсонларга умид ва орзу бағишлайди, ўзига бўлган ишончни оширади, иродали, меҳнатсевар ва матонатли бўлишни ўргатади, шунингдек, ватанпарвар қилиб тарбиялайди. Ёшликдан футболга меҳр қўйган, футбол билан шуғулланган бола келажакда соғлом турмуш тарзи тарафдори бўлади. Шу боисдан футбол оммавийлигини оширишга қаратилган фестиваллар ташкил этиляпти. Мақсадимиз – янада кўпроқ ёшларнинг футбол билан дўст тутинишига, “миллионлар ўйини”нинг юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб боришига эришиш, - деди ЎФА Биринчи вице-президенти фестивал қатнашчилари билан суҳбатда.

Ўз навбатида ўқувчилар ҳам янги ташкил этиладиган “Мактаблар лигаси”да ўзлари таҳсил олаётган таълим муассасаси шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қилишларини билдиришди. 

Ўқилган: 643
Болалар футболи Вилоятларимиз футболи

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

ЎФА техник директори бошчилигидаги Тренерлик конвенцияси бўйича ОФК текширув комиссияси Қирғизистонда бўлди
07:07
Азиз Ғаниев хориж клубига йўл олишга яқин турибди
16:37
Бугун "Сўғдиёна" - "Пахтакор" ҳамда "Насаф" - "Навбаҳор" учрашувлари бўлади
10:23