Рейтингда таниш манзара ой лауреатлари хусусида ("ИнтерФутбол" блоги)

Ўтган ой миллий жамоамиз ЖЧ-2022|ОК-2023 саралашидаги навбатдаги иккита ўйинини ўтказди, Тошкентда ташкилланган ўртоқлик баҳсида Қирғизистон термаси билан куч синашди. Шунингдек, Coca Cola Суперлига ҳамда Про-лига баҳслари якунига етиб, кучлилар сафини тарк этган ва аксинча, элита йўлланмасини қўлга киритган клублар номига ойдинлик киритилди. Ўз навбатида, олий дивизионда «бронза» ва Осиё Чемпионлар Лигасида қатнашиш ҳуқуқини берувчи йўлланма учун кураш ҳам қизғин кечганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ноябрь лауреатларини аниқлаш чоғида айнан термамиз ва ички чемпионатимиздаги муҳим баҳсларда ижобий натижа кўрсатган футболчи ва мураббийлар номига мурожаат этдик.

Элдор Шомуродовнинг яна бир бор рейтингда энг юқори ўринни эгаллашига бу сафар миллий жамоа­миз сафидаги самарали ҳаракатлари сабаб бўлди. Ёдингизда бўлса, маҳоратли ҳужумчининг аввалги ойларда энг яхши дея эътироф этилишига «Ростов»даги сермаҳсуллиги ҳам сабаб бўлганди. Сўнгги пайтларда Элдор Россия жамоасида гол уролмаяпти, ноябрда фақат битта «ассист» билан чекланди. Шунга қарамай, унинг Ўзбекистон термасидаги фойдали иш коэффициенти жуда юқори. Шомуродов Саудия Арабистонига қарши кечган баҳсда ҳисобни очувчи голга муаллифлик қилди. Фаластинликлар билан ўйинда ҳам айнан унинг «дубл»и сафарда қабул қилиб олинган мағлубият учун ўзига хос реванш олинишига замин яратганди.

Иккинчи ўринни «Бунёдкор» ярим ҳимоячиси Нурилло Тўхтасинов эгаллади. Истеъдодли футболчи ўтган ой 3та ўйинни тўлиқ 90 дақиқа ўтказиб, ўз ҳисобига 3та гол ёздириб қўйди. «Қалдирғочлар»нинг ОЧЛ йўлланмаси учун курашишганини инобатга олсак, Тўхтасинов зарур паллада жамоаси манфаати йўлида фойдали ишларни амалга оширгани ойдинлашади. Нурилло универсал футболчи сифатида Абрамов қўллаган услубга жуда мос тушади. Ҳам ярим ҳимоя, ҳам мудофаа чизиғида фаоллик кўрсатишдан ташқари, ҳужумчиларга ҳам тез-тез ёрдам бериб туради. Унинг ноябрдаги сермаҳсуллиги бунинг ёрқин ифодасидир.

Кучли учликка якун ясаб берадиган Мурод Бобожоновни биз «Нефт­чи»даги ўйинлари орқали эслаб қолганмиз. Кейинчалик «Локомотив» сафида ишлари юришмаган ҳужумчи омадини бошқа клубларда синаб кўрди. Хусусан, жорий мавсум «Бухоро» либосини кийган Бобожонов майдонда кам кўриниш берди. Ниҳоят, биз уни Суперлига финишида яна аввалги қиёфада кўрдик. Муроднинг муҳим ўйинларда урган голлари бухороликларнинг элитада «жон» сақлаб қолишларида алоҳида аҳамият касб этди. Бобожонов ўтган ой 3та учрашувда 270 дақиқа тўп сургани ҳолда, рақиблар дарвозасини 2 марта ишғол қилди.

Ноябрда ўз ўйини билан мухлису мутахассислар эътирофига сазовор бўлганлар орасида шунингдек, Игорь Сергеев («Пахтакор»), Сардор Мирзаев («Локомотив»), Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор»), Зафар Полвонов (АГМК), Шоҳруз Норхонов («Сўғдиёна») ва Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») кабилар ҳам бор.

Ой мураббийлари рўйхатининг энг юқори қисмида ҳам таниш номга кўзингиз тушади. Фарқи шундаки, Вадим Абрамов бу сафар асосан «Бун­ёдкор» билан эришган муваффақияти учун эътирофга лойиқ кўрилди. Аввал таъкидлаганимиздек, «қалдирғочлар» Суперлиганинг сўнгги ўйинларида мураккаб баҳсларда қатнашиб, якунда бронза медалларига сазовор бўлишди. Албатта, бунда жамоа устозининг ҳиссаси катта. Қолаверса, миллий термамизнинг Фаластин билан ўйинда ғалабага эришиб, саралаш жадвалида пешқадамга айланиб олгани ҳам Абрамовнинг меҳнатлари самарасидир.

Қийин вазиятдаги клубни мавсум ярмида қабул қилиб олишга ҳамма мураббийлар ҳам ботина олмайдилар. Муҳсин Муҳаммадиев эса ўз тажрибасига ишонган ҳолда, ушбу масъулиятли вазифани зиммасига олди. Суперлиганинг сўнгги туригача олий дивизионни қайси жамоа тарк этиши аниқ эмасди. Охирги ўйин­да «Бухоро»ни фақат ғалаба қониқтирарди, зеро асосий рақиб - «Динамо» «Насаф» майдонида зафар қучаётганди. Муҳаммадиев шогирдлари АГМКни мағлубиятга учратиб, вазифани уддалашди. Мухлислар эса мураббий манзилига мақтовлар йўллашди. Ўз навбатида, «Бухоро» устози лауреатлар рейтингида иккинчи бўлганини қайд этиб қўямиз.

Шундай паллада Про-лигадаги қизғин курашлардан кейин қўл остидаги футболчилар билан элита йўлланмасини қўлга киритган мутахассисни ҳам унутмаслик керак. Бир вақт­лари мудофаа чизиғидаги ишонч­ли ҳаракатлари билан рақиб ҳужумчиларининг эркин тўп суришларига йўл қўймаган Асрор Алиқулов мураббийлик фаолиятида, таъбир жоиз бўлса, дастлабки йирик натижасига эришди. У бошқарган «Машъал» келгуси йили Суперлигада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Қуйи дивизионда муборакликларга «Шўртан» ва «Истиқлол» жиддий кураш таклиф этишди ва «газчилар» чемпионатни ижобий натижа билан якунлаб, мухлислар олқишига сазовор бўлишди. Шуни инобатга олган ҳолда, Алиқуловни лауреатлар рўйхатининг учинчи поғонасига жойладик.

Умумий натижаларга эътибор берсангиз, футболчилар орасида Элдор Шомуродовнинг асосий таъқибчиларини сезиларли фарқ билан ортда қолдирганига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Мураббийлар рўйхатида эса ноябрь ойи якунлари бўйича қўлга киритилган очколар эвазига Вадим Абрамов «Пахтакор»даги ҳамкасби Шота Арвеладзени бир очкога ортда қолдирди.

 

Футболчиларнинг ой давомидаги натижалари

Т|р     Футболчи                            Ўйин      Дақиқа             Гол     

 

1.       Элдор Шомуродов              6            528                   3

2.       Нурилло Тўхтасинов           3            270                   3

3.       Мурод Бобожонов              3            270                   2

Изоҳ:Фақат расмий учрашувлар инобатга олинган.

Ноябрь

1. Вадим Абрамов («Бунёдкор»)

2. Муҳсин Муҳаммадиев («Бухоро»)

3. Асрор Алиқулов («Машъал»)


Давоми бор. Ушбу мақолаи тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин

Ўқилган: 1936
Блоглар

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Дмитрий Михайлович блогида. Ўзбекистон футзал термаси Африка чемпиони билан ўйнайди
17:27
Дмитрий Михайлович блогида. Футзал, 3-турнинг ярмиси ортда қолди
16:07
Дмитрий Михайлович блогида. Суперлига 10-тур якунлари
09:01